ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати февралда Евроиттифоқ вакиллари билан савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилади, деб хабар берди республика Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Вазирликнинг маълумот беришича, пайшанба куни ЕИ дипломатик миссияси раҳбари Эдуард Стипрайс билан музокаралар бўлиб ўтган.
"Томонлар "Ўзбекистон — Европа Иттифоқи" ҳамкорлиги қўмитасининг мунтазам учрашувлари ва иқтисодиёт, савдо, инвестиция бўйича қуйи қўмитасининг учрашувларини шу йилнинг феврал ойида Тошкент шаҳрида ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди", — дейилади хабарда деб ёзади РИА Новости.
Хабарда билдирилишича, учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий, техник ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 1996 йилда "Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида" келишув имзолаган. Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси 2012 йилда очилган. ЕИнинг 2014-2020 йилларда Ўзбекистонга берадиган молиявий ёрдами 168 миллион еврони ташкил этади. Бу маблағ ирригация инфраструктурасини яхшилаш, агробизнесга қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, ҳудудларда янги иш ўринларини ташкил этиш дастурини амалга оширишга сарфланади.