Оқсарой

Эксперт: Ўзбекистон хавфсизлик бўшлиғида қоладими?

1806
(Янгиланган 18:10 19.09.2016)
"Ҳудуддаги ҳеч бир асосий ўйинчи (АҚШ, Россия, Хитой) ҳозирда Ўзбекистонда вазиятнинг беқарорлашувидан манфаатдор эмас,-дейди эксперт Иннокентий Адясов.

ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Сиёсий эксперт Иннокентий Адясов Sputnik  Ўзбекистон таҳририяти учун ўзининг мамлакатдаги вазият борасидаги таҳлилий фикрларини тақдим этди.

Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда вазиятнинг ривожланиши Тошкентдаги янги ҳукумат мамлакатдаги ва бутун Марказий Осиё ҳудудидаги барқарорликни қандай таъминламоқчи эканлиги ҳақидаги саволга жавоб бермайди.

Тўғри, бунга мамлакатда ҳокимият алмашуви ҳали тўлиқ якунланмаганлиги ва республика учун декабрда бўлиб ўтадиган сайловлар биринчи ўринда турганлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Лекин собиқ совет республикалари тажрибасидан маълумки, айнан расмий сайлов натижаларига рози бўлмаслик мавжуд ҳокимиятни алмаштириш кампаниясини бошлаб бериши мумкин.

Буни Тошкентдагилар англашадими?

Нафақат англашади, балки хавфсизликни таъминлаш бўйича иттифоқчиларни ҳам қидиришмоқда.

КХШТ эътиборли кузатувчи сифатида

1992 йил 15 майда Тошкентда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон коллектив хавфсизлик бўйича шартнома имзолаганди. Кейинроқ унга Озарбайжон, Грузия ва Белоруссия қўшилди.

Ислом Каримов ўша йиллари Ўзбекистонга Афғонистон ва Тожикистондан (фуқаролар уруши бошланганди) беқарорлик ўтиши мумкинлигидан хавотирда эди ва Россия билан ҳарбий иттифоқчи бўлишдан манфаатдор эди.

Бироқ Тожикистонда фуқаролар уруши тугади (Ўзбекистоннинг бевосита иштироки орқали), толиблар Ўзбекистонга бостириб киришмади ва 1999 йилда Тошкент МДҲ давлатлари коллектив хавфсизлиги тизимидаги иштирокини узайтирмади.

Аммо 2005 йил 13 май воқеалари ва Ғарб билан муносабатлар кескин совиб кетганидан кейин Тошкент МДҲ давлатлари коллектив хавфсизлиги тизимига (КХШТ) қайтишга қарор қилди. 2006 йил августида Ўзбекистон ушбу ҳарбий ташкилот аъзосига айланди.

Лекин Ислом Каримов ташкилотнинг Қирғизистон жанубида антитеррористик базаси ва тезкор ҳаракатланувчи коллектив кучлар ташкил этилишига қарши чиқди. 2009 йил бошларига келиб Ўзбекистон КХШТдаги аъзолигини музлатиб қўйди. 2012 йилда эса Тошкент ҳарбий блокдан чиқишини расман эълон қилди.

КХШТдан чиққач, Ўзбекистон нафақат ташқаридан ҳужум бўлганда коллектив хавфсизлик ҳуқуқидан, балки Россиянинг ички нархларида қурол-яроғ ва эҳтиёт қисмлар сотиб олиш, КХШТ иштирокчи давлатларидан разведка маълумотларини олиш, Россия ҳарбий олийгоҳларида беғаразлик асосида ўз кадрларини тайёрлаш имкониятидан маҳрум бўлди.

Мажбуриятсиз кафолат?

НАТО кучларининг мамлакатга таклиф этилиши (2014 йилда расмий Тошкент НАТОга пойтахтда блокнинг ваколатхонасини очишга рухсат берган) мамлакатдаги вазиятни кескинлаштириб юбориши мумкин (Ўзбекистон ҳудудида НАТО базасининг пайдо бўлиши унинг қўшни Афғонистондаги турли жиҳодчи гуруҳларнинг нишонига айланиши мумкин).

Бундан ташқари, НАТО ҳудуддаги навбатдаги низога аралашмасликка уринади ва Афғонистондан имкон борича талофатларсиз чиқиб кетиш йўлини қидиради.

Ҳозирда фақатгина КХШТ Марказий Осиё ҳудудида барқарорликни сақлаб қолиш учун ҳарбий салоҳиятга эга ва ташвишли вазиятни эътибор билан кузатиб турибди.

Ҳудуддаги хавфсизликка нисбатан таҳдид фақат Афғонистондангина эмас.

Кузатувчилар ўзбеклар кўп бўлган Қирғизистон жанубида беқарорлик юзага келиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Хитойнинг Бишкекдаги элчихонасига ҳужум уюштирилиши (ушбу теракт ташкилотчиси ким эканлиги ҳалигача аниқ эмас) Қирғизистон яна халқаро терроризм эътиборига тушганлигидан далолат беради.

Яхшиямки, Қирғизистон жанубида 2010 йил июнда юз берган тўқнашувларнинг қайтарилиши эҳтимоли кам: мамлакат ҳокимияти нисбатан мустаҳкам, Қирғизистон ва КХШТ давлатлари махсус хизматлари ўзбек ва қирғиз диаспораларидаги экстремистик гуруҳларнинг фаоллигини мониторинг қилиб турибди.

Лекин “қирғиз ўзбекларининг камситилиши” Ўзбекистондаги экстремистларнинг дастаги бўлган ва афсуски мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш учун яна мана шу дастакдан фойдаланишлари мумкин.

Уруғ-аймоқлар муросаси

Ҳудуддаги ҳеч бир асосий ўйинчи (АҚШ, Россия, Хитой) ҳозирда Ўзбекистонда вазиятнинг беқарорлашувидан манфаатдор эмас.

Мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорлари орасида тарафкашлик бошланса барқарорликка нисбатан таҳдид уйғониши мумкин.

Бўлажак сайловлардан кейин қайсидир томон ўзини ҳокимиятдан четлатилган деб ҳисобласа мухолифат билан иттифоқ тузишга уриниши мумкин.

Ўзбекистоннинг ҳудуддаги етакчилар (шунингдек ҳарбий блоклар билан ҳам) билан муносабатлари қай асосда бўлиши Ўзбекистондаги ҳукмдор синфларнинг ўзаро муросасига боғлиқ. Тошкент қандайдир хавфсизлик бўшлиғига тушиб қолмайдими?

Бундай муроса узоқ вақтни олмаслиги лозим.

Муаллиф фикри таҳририят қарашларидан фарқланиши мумкин.

 

1806