Модани расм қилувчи “Ялла” гуруҳи ёхуд Фаррух Зокировнинг ёш санъаткорларга ўгити

© Commons.wikimedia / Doniyor Sharipov, Dilbar Rahmonova and others"Ялла" гуруҳи раҳбари Фаррух Зокиров.
Ялла гуруҳи раҳбари Фаррух Зокиров. - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Афсонавий қўшиқчи, “Ялла” ансамбли раҳбари Фаррух Зокиров Sputnik мухбирига ўз Янги йил хотиралари ва бу байрам билан боғлиқ унутилмас воқеалар ҳақида гапирди.

Тошкент, 29 дек – Sputnik. Янги йилгача саноқли кунлар қолди. “Йил қандай келиши, байрам қай тарзда кутиб олинишига боғлиқ” деган гапга ишонувчи ҳар бир инсон Янги йилни имкон қадар яхши кутиб олишга ҳаракат қилади.

Афсонавий “Ялла” гуруҳи раҳбари ва етти давлат халқ артисти Фаррух Зокиров Sputnik мухбирига Янги йил олди ўйлари ва хотиралари ҳақида гапирди.

— Фаррух Каримович, Янги йил Сиз учун нима?

— Биринчи галда, табиийки, бу болалик хотиралари: арчалар, ўйинчоқлар, совғалар… Мисол учун, биз бу байрамда бир дона апельсин ёки мандаринга, оддий ўйинчоққа ҳам бениҳоя хурсанд бўлардик. Болалик хотираларимда Янги йил ана шундай муҳрланиб қолган. Албатта, умидлар пучга чиққан вақт ҳам бўлган. Қорбобо ҳақиқиймаслигини билган куним ҳафсалам пир бўлгани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ахир бошида ҳаммаси бошқача бўлган:  биз Қорбобо борлигига ишонганмиз, ёстиғимиз тагига совға ташлаб кетади деб, уни кутганмиз. Улғайгач, бошқа хурсандчиликлар пайдо бўлди. Энди Янги йилни дўст-биродарлар даврасида нишонлай бошладик. Аммо шунда ҳам бир анъанага содиқ қолганмиз: Янги йилни оила даврасида, ота-она билан биргаликда кутганмиз.

— Янги йил аввал қандай нишонланган, ўша пайтдан бери қандай ўзгаришлар бўлган деб ўйлайсиз?

— Назаримда, фарқ унчалик катта эмас. Чунки, Янги йил ҳамиша оилавий байрам бўлиб қолаверади. Янги йил байрами арафасида ҳар бир оила янада жипслашади. Кимдир узоқда бўлса, байрамни кутиб олиш учун, албатта, уйида, оила даврасида бўлишга ҳаракат қилади.

Фазогир Солижон Шарипов - Sputnik Ўзбекистон
Фазогир Солижон Шарипов: Янги йилда Марказий Осиёда тинчлик ҳукм сурсин!

Мисол учун мен Тошкентда, Эски шаҳардаги маҳаллаларнинг бирида туғилиб ўсганман. Кенг ҳовлимизда боғ бор эди.  

Умуман олганда, санъаткорлар сулоласи ҳисобланмиш Зокировлар оиласида туғилганман. Дадам — таниқли халқ артисти, халқ ҳурматини қозонган опера қўшиқчиси бўлган. Онам — мусиқий драма ва комедия театри артисти, ўз ишининг моҳир устаси. Шу билан бирга оилавий кенгашимизнинг раиси. Онам нимани тўғри деб билса, демак, шундай бўлиши шарт. Оиламизнинг яна бир обрўли кишиси — катта акам Ботир Зокиров бўлганлар. Албатта, бизлар Янги йилни ота уйимизда кутганмиз. Янги йилда шу байрамга хос миллий таомларни оилавий тайёрлар эдик. Бу бизнинг оиламиз анъаналаридан бири эди. Мисол учун байрамда тайёрланадиган норинни олайлик. Бу таомни тайёрлаш учун оиламизда аёллар хамир қорса, эркаклар гўшт майдаларди. Меҳнатни ўзаро шундай тақсимлар эдик.

Байрамга алоқадор қизиқарли, янги нарсалар ҳозир ҳам кўп. Балки улар ўзбекчиликка унчалик мос тушмас, аммо ҳар бир давр маълум бир воқеага ўз тузатишларини киритиши табиий.

Йиллар ўтиб, машҳур санъаткорга айланганимдан сўнг, Янги йилни ҳамиша ҳам уйда кутиб олиш насиб қилмай қўйди. Гастрол сафарлари, концертлар дегандек… Ундан кейинги пайтни оладиган бўлсак, корпоратив, буюртма орқали уюштириладиган тадбирлар сингари тушунчалар пайдо бўлди.

Йўлдошева Лола Равшанбековна. Хонанда. - Sputnik Ўзбекистон
Лолага лицензияси қайтарилди

90-йй бошида, собиқ Иттифоқ республикалари ўз йўлларини мустақил белгилай бошлаган даврда, табиийки, гастроллар географияси қисқарди. Шундай бўлса-да, ношукрлик қилиш ноўрин, деб ўйлайман. Таклифлар бўларди, чақиришарди, унутиб қўйишмасди. Сўнг юртимиз тарихида, ижодимизда бошқа бир босқич бошланди. Эски алоқалар тикланди, дастурлар янгиланди, янги қўшиқлар ёзилди — буларнинг барчаси томошабин ҳукмига ҳавола  қилинарди. У қаерлик бўлишидан қатъий назар: хоҳ Россиялик бўлсин, хоҳ Қозоғистонлик. Эсимда, қайсидир концертимизда янгиланган репертуримиздан олтинчи ё еттинчи қўшиқни куйлаяпмиз. Залда эса: "Учқудуқни куйланг!" деган ҳайқириқлар тинмасди.

Ҳа, одамлар ўзи учун қадрли бўлиб қолган қўшиқларни қўмсайдилар, тинглашни истайдилар. Аммо репертуаримиздаги янги қўшиқлар орасида “хит”га айланганлари ҳам кўп бўлди. Шу боис, ўша пайт ва ҳозир кескин фарқ қилади, деёлмайман. Ҳаётга, ижодга, қайсидир муҳим сана ва байрамларни нишонлашда умуминсоний қарашлар сақланиб қолган.

— Янги йилда қаерда бўлишни ёқтирасиз? Балки бирор бир анъанага амал қиларсиз?

— Ҳа, рафиқам билан қишда Калифорнияда, Лос-Анжелесда бўлишни ёқтирамиз. Бу регион иқлими менга жуда маъқул. У ёқда қиш деярли бўлмайди. Шу боис, кўпинча, Янги йилни Америкада қарши оламиз. У ёқда ёру-биродарларимиз кўп.

— Бу сафар ҳам Америкага йўл оласизларми?

— Ҳа, лекин сал кейинроқ. Янги йилни бу йил Москвада кутиб оламиз. Чунки мен иш бўйича Москвада бўлишим керак. Юқорида айтганимдек, ҳозирлари Янги йилни уйда кутиб олиш кам насиб қилади. Лекин ўтган йили уйда кутганмиз. Кейин эса, анъанага мувофиқ штатларга йўл олдик. Ўтиб кетаётган йилнинг мен учун муҳим яна бир томони, жорий йилда "Ялла" гуруҳи 45 ёшга тўлди. Бу жуда муҳим сана. Ансамблимиз юбилей санаси ҳам ўз поёнига етмоқда. Бу ҳақда батафсил гапирадиган бўлсам, аввалига ўзимизча ҳазил қилдик: 45 ёшга тўлганимиз муносабати билан “Гиннес рекордлари”га ариза ёзмаймизми, деб. Кейин бу ишга жиддий ёндашдик: жаҳон мусиқа маданиятини чуқур ўргандик. Ҳақиқатан ҳам, мусиқий гуруҳлар орасида бу қадар узоқ вақт давомида ижодини давом эттирганлари йўқ бўлиб чиқди. Биз 45 йилдан бери узлуксиз куйлаб келамиз. Жамоа тарқалиб, кейин яна бириккан вазиятлар бўлмаган.

Хонанда Шаҳзода. - Sputnik Ўзбекистон
Шаҳзода: “Ижодимда танаффусга вақт йўқ”

Мен вазирликда фаолият юритганман, Маданият вазири ўринбосари бўлганман, аммо меҳнат дафтарчам барибир “Ялла” гуруҳида қолган. Бу менинг ёки ансамблимиз ютуғи ҳам эмас.  Бу — халқ ютуғи. Умуммилий, бизнинг ўзбек мусиқий маданиятимиз ютуғи. Шу кунга қадар гуруҳимиз бир бўлиб куйлашда давом этиши боисини аниқ тушунтира олмайман, аммо бу учун тақдирдан миннатдорман.

Янги 2016 йилда мен 70 ёшни қарши оламан. Бундан ташқари, рафиқам билан турмуш қурганимизга 30 йил тўлади. Шу боис, келаётган йил ҳам биз учун сермаҳсул бўлиши кутилмоқда. Аммо бу саналар мен учун бирор бир тадбирни байрам қилиш учун баҳона эмас. У ижодимда ўзга бир босқичга ўтишдан, ўтган йилларни сарҳисоб қилишдан нишона. Шу боис, биз санъаткорларга, ижодий барҳаётлик тилашганда бу биз учун энг аъло тилак ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам бизга талаб борлиги қувонарли. Талаб бор экан, биз ўзимизни формада ушлаймиз.

Умуман олганда, етти давлат халқ артисти эканлигим — ноёб ҳолат. Аввал бу собиқ Иттифоқ халқ артисти дейиларди. 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олганман. 1994 йил Қозоғистон халқ артисти унвони берилди. Кейин Акаев даврида Қирғизистон халқ артисти бўлдим. Кейин Қорақалпоғистон, Тожикистон, Татаристон ва энг охири, Ингушетия республикалари бу унвонни менга тақдим этган.

Тўғри, бу фахрли, аммо шу билан бирга масъулиятли. Сабаби, ҳар бир давлат ўз мусиқий маданиятига эга. Халқ артисти унвони тақдимотини эса – халқимга ва президентимга кўрсатилган юксак эҳтиром, деб биламан.

— Хотирангизда муҳрланиб қолган Янги йил ёки Янги йил арафасида сиз билан рўй берган энг эсда қоларли воқеа?

— Саволингиз менга Ингушетия халқ артисти унвони билан боғлиқ қизиқ воқеани ёдимга солди. Бу воқеа Янги йил арафасида рўй берган эди. Ўша пайтда Ингушетия раҳбари Мурат Зязиков бўлган. Гуруҳимиз билан Москвада концертда чиқиш қилаётган эдик. Концерт сўнгида жуда башанг кийинган одамлар ёнимга келиб, мени Игушетия президенти(Зязиков) ўз ҳузурига таклиф қилганини айтишди. Мен жуда кучли ҳаяжонла учрашув белгиланган вип-залга йўл олдим. Ўшанда у ерда Россия муфтийси ҳам бор эди. У киши менга “ислом дунёсида яхшилик тарғиботи” билан шуғулланаётганим учун миннатдорчилик билдирди. Муфтийнинг сўзларига қараганда, мен ўша вақтда ўнта дипломат эриша олмаган натижаларни қўлга киритганман. Бу эҳтиром, албатта, менга хуш ёқди.

Мени Зязиковга таништиришди. Шундан сўнг у менга: "Сизга халқ артисти унвонини бериш тўғрисида қарор чиқарганимни биласизми?” деб савол берди. Бир муддатга ўзимни йўқотиб қўйиб: "Вой, раҳмат, бу нима, янги йил ҳазилими?”, — деб беўхшов ҳазил қилибман. У ҳам яримҳазил қилиб: "Хафа қиляпсиз, президент сўзим" деди. Менимча, Зязиков нима учун менга бундай эҳтиром кўрсатилаётгани боисини англамаганимни тушунди. Табиийки, мен ўз миннатдорчилигимни билдирдим, ахир бу фахр. Зязиков эса сўзини давом эттирди: “Мен бу ишга қўққисдан қўл урганим йўқ. Бизнинг ёшларимиз ҳам сиз ўз қўшиқларингизда Ватанингизни қандай еру-кўкка кўтариб мақтаётганингизни тингласин дейман”.

Янги йил дастурхони - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда Янги йил дастурхони неча пул туради

Бундай қўшиқлар эса ижодимда жуда кўп. Улар оддий қўшиқлар эмас. Улар — хит қўшиқлар. "Учқудуқ", "Шаҳрисабз", "Голубые купола Самарканда", "Чойхона". Бу тароналарда Ватанга садоқат куйланган. Уларда Ватан мадҳи акс этган. Лекин бу турдаги қўшиқлар оммабоп бўлишини олдиндан айтиш жуда мушкул. Мен бу тароналарни бор меҳрим билан, жону дилимдан куйлаганман. Асарларим ижодий тақдири шундай кечаётганидан хурсандман. Бу артист учун — энг олий бахт.

Шу аснода яна бир гапни айтиб ўтмоқчиман. Мендан кўпинча, сиз хоҳлаган мамлакатингизда яшашингиз мумкин, сизда бунга имконият бор, нима учун шундай қилмайсиз, деб сўрашади. Тан олишим жоиз, бошқа мамлакатда ёки гастрол сафарида узоғи билан икки ой қолишим мумкин. Кейин барибир Ватанимга тортаверади. Мисол учун ўша Калифорнияни олайлик. Иқлими менга жуда ёқди. Лекин барибир уйимга, Ўзбекистонимга қайтгим келаверади. Уйимга қайтишим билан, ҳали самолёт трапида туриб, Ватаним ҳавосидан чуқур нафас олар эканман: “Оҳ, Тошкентим, онам”, деб ҳайқираман.

— Янги йил билан боғлиқ қандай тадбирларда иштирок этгансиз?

— 1980 йиллардан бошлаб "Ялла" 10-15 йил давомида 1 январда Россиянинг Биринчи каналида намойиш этиладиган “Йил қўшиғи” дастурида иштирок этиб келган. Бу дастур декабр ўрталарида суратга олинар эди. Шу билан боғлиқ яна бир воқеа ёдимга тушди. Гуруҳимиз билан Қорағандада концерт қўйишимиз керак эди. Бир вақт қўнғироқ бўлди. Москвада қандайдир ўзгаришлар бўлгани, шу боис суратга олиш ишларига келишилган муддатдан олдин боришимиз кераклигини айтишди. Бу ёқда эса чипталар сотиб бўлинган. Ўшанда ўзига хос рекорд ўрнатганмиз. Саккиз кун ичида йигирмата концерт дастурини намойиш қилдик. Бир кунда ҳатто тўртталаб концерт қўйган вақтларимиз бўлди. Бу мен учун жуда оғир кечган. Негаки мен “бойўғлиман”. Ҳамиша тонгга яқин уйқуга кетаман.  Концерт эса кундузи 11 да бошланади. Тасаввур қиласизми, мана шу аҳволда(юзида ҳорғинлик акс эттиради) "Хайрли тонг, ўртоқлар!" дейманда, концертни бошлаймиз. Янги йил арафасида мана шундай ҳолатлар ҳам бўлиб турган. Ўз вақтида Алла Пугачёва шундай рекорд ўрнатган экан. Албатта, бундай воқеалар ёдда қолади.

— Сиз саҳна либослари модаси борасида бошқаларга ҳамиша ўрнак бўлиб келгансиз. Саҳнага Қорбобо либосида ҳам чиққанмисиз?

— Ҳа, бу тўғри. Саҳнага ёрқин шарқона чопонларда чиқишни айнан биз урфга киритганмиз. 70 йилларда хиппи таъсири бошланди. Аммо мен буни ҳеч қачон тушунмаганман. Мендан “Нима, гап либосдами?”, деб кўп сўрашади. Ҳа, гап либосда. Саҳнанинг ёзилмаган қонунлари бор. Шу маънода ансамблимизга омад кулиб боққан, дейиш мумкин. Саҳна декорацияларимизни ўз ишининг моҳир устаси Алена Коженкова яратади. Бу аёл Аркадий Райкин ва  Хазанов, Мариинский театри билан ишлаб келган. Алёна Коженкова бизга жуда катта ёрдам берган. У билан бирга шарқоналикни замонавийлик билан уйғунлаштирган ҳолда либослар яратганмиз. Саҳна либослари бобида мода ихтирочиларимиз, деб баралла айта оламиз. Биз учун саҳна либоси қандай бўлиши ўта муҳим.

 Саҳнага Қорбобо либосини кийиб чиқмаганман-у, аммо ўзим яшаган маҳаллада Қорбобо бўлганман. Кейин оила даврасида ҳам кўпинча Қорбобо бўлишимга тўғри келган. Кенжа укам, Академик театрининг хизмат кўрсатган артисти билан бирга маҳалладаги болалар учун Янги йил шоуларини ташкил қилардик. Болалар “Қорбобо ҳақиқийга ўхшайди-ю, аммо овози негадир Фаррух амакимизнинг овозига жуда ўхшар экан” деб кўпинча ҳайрон бўлишарди. Биз бундан тасвирлаб бўлмас роҳат олардик.

Айтганча, мен 1993 йилда Туркистон саройи раҳбари бўлганман. Ўшанда Президент арчасини биз ташкил қилганмиз. Болалар уйи тарбияланувчилари учун байрамлар ташкил қилардик. Янги йилга бағишланган спектаклларда фаол иштирок этардим. Ўшанда бизнинг арча энг ёрқин бўларди.

Қорбобо ва Қорқиз. - Sputnik Ўзбекистон
Қорбобо болалардан олган энг антиқа мактубни ўқиб берди

— Янги йилда севиб истеъмол қиладиган таомингиз?

— Ажабланишингиз мумкин, лекин янги йилда “Оливье” салатини севиб тановвул қиламан. Менимча, бирон Янги йил дастурхони шу салатсиз ўтмаса керак. Кейин аёлим, рус миллатига мансуб бўлишига қарамасдан, паловни жуда маромига етказиб тайёрлайди. Бундан ташқари, холамлар тайёрлайдиган таомларни севиб истеъмол қиламан. У киши 84 ёшдалар. Жуда қўллари ширин.

— Ўзингизга ва атрофдагиларга Янги йил тилакларингиз?

— Бу қанчалик одми янграмасин, аммо энг аввало осмонимиз мусаффо бўлишини тилайман! Ер юзида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, қўшиқлар ҳам бошқача янграйди. Ер юзида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, миллий тўй-ҳашамларимиз ҳам бошқача ўтади. Бу эса, биз ўзбеклар учун, жуда муҳим. Кўз тегмасин, илоҳим. Ахир бу бизнинг асосий бойлигимиз.

Асрлар оша шаклланиб келган миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш — менинг халқимга хос. Оддий мисол тарзида ажойиб ҳаёт мактаби  — маҳаллани келтириш мумкин. Мана шундай анъаналар юртимизда абадий сақланиб қолиши тарафдориман.

Улғайиб келаётган авлодга тарихни ўрганишларини маслаҳат бераман. Ёшларимиз Ўзбекистон тарихи, унинг юксак маданий мероси билан фахрланишса арзийди!

Янгиликлар лентаси
0