«Азия MIX» жамоаси юлдузи Ситора Фармонова. Архив сурат

Ситора Фармонова: Гўзал оққушга айланган “иркит ўрдакча”

961
(Янгиланган 18:33 29.01.2016)
"Қувноқлар ва зукколар"нинг машҳур «Азия MIX» жамоаси таркиби ўзгарди. Хушчақчақ ва зукко бишкекликлар сафига бухоролик хонанда ва актриса – Ситора Фармонова келиб қўшилди. Sputnik сайти Ситора билан боғланиб, оддий қиз қандай қилиб суперюлдуз даражасига эришгани ҳақида билиб олди.

Хонанда, актриса, КВН “юлдузи”… Ситора, бу сизнинг  серқирра инсон эканлигингиздан далолат. Айни вақтда мана шу уч таърифнинг қай бири сиз учун муҳим?

Карьерамни актриса сифатида бошлаганман. Ҳозир ҳам фильмларда суратга тушиб келаман. Шу билан бирга Ўзбекистонда ҳамда МДҲ давлатларида хонанда сифатида ҳам фаолият юритаман. ҚВЗ — мен учун ажойиб бир ўйин. ҚВЗчилар орасида дўстларим жуда кўп. Мен хонандалик ҚВЗдаги фаолиятимдан муҳимроқ, деб айта олмайман. Чунки ҳар бир соҳа мен учун алоҳида аҳамият касб этади. Лекин ҚВЗга алоҳида меҳр қўйганим рост.

«Азия MIX»га яқинда қўшилдингиз, шундайми?

Бу воқеа ўтган йил — Сочидаги фестивал чоғида рўй берди. Бунга қадар команда капитани Элдиёр Кененсаров билан қирғизистоннинг “Общага” сериалида бирга ишлаган эдик. Тўрт йил муқаддам у мени фильмда бош ролга таклиф қилган эди. Шундан сўнг дўстлашиб кетдик, оилавий борди-келдимиз бор. Кунларнинг бирида эса иқтидорли, хушчақчақ инсонлигимни тушуниб етди. Қўнғироқ қилиб, жамоага таклиф қилди.

Ситора Фармонова Қирғизистоннинг Азия MIX жамоаси ўйинчилари билан
СЕРГЕЙ АНДРИАНОВ
Ситора Фармонова Қирғизистоннинг "Азия MIX" жамоаси ўйинчилари билан

Оммадан қўрқмаслигингиз ростми?

Ҳа. Халқ қаршисидаги ҳар бир чиқишимдан қувват оламан. Янада тетиклашаман.

Яъни, бу жараён суратга олиш майдонида ишлашдан ҳам мароқлироқ, демоқчимисиз?

Албатта! Саҳнада туриб хурсандчилик, меҳр тўла нигоҳларни кўраман — бу жуда мароқли. Инсонни тетиклаштиради. Сизга қадалган, “ёниб” турган кўзларда меҳр мужассам бўлади. Сиз учун қайғуришаётганини ҳис қилиб, кўриб турасиз. Бундай пайтдаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб беролмайман.

Ҳазил-мутойиба тўқиш қийинмасми?

ҚВЗчилар билан яшаб, мулоқотда бўлсангиз, улар ҳар қадамда ҳазил-мутойиба қилишларига гувоҳ бўласиз. Тўғри, бошида сал қийин бўлди. Ўйланиб қолардим: менинг қўлимдан келармикин, деб. Ҳозир эса ҳар бир гапим ҳазилга айланади.

Демак, сизга КВНдаги муҳит таъсир кўрсатибди-да?

Ҳа. Ҳазилларни йигитларимизнинг ўзлари ёзишади. Бу жараён менинг кўз олдимда рўй беради. Бунга кўникиб кетганман.

ҚВЗдаги иштирокингиздан кейин янги таклифлар бўлгандир?

Ҳозирча бу сир. Аммо сизга айтаман: мени ТНТ каналига таклиф қилишяпти. Бу ҳақда ҳозирча батафсил гапиришни хоҳламайман. Олдинда мени янги лойиҳалар, фильмлар ва съёмкалар кутмоқда. Режаларим бисёр.

Ойнаи-жаҳонга қандай қилиб тушиб қолгансиз?

Биринчи марта қирғиз ижодкорлари томонидан суратга олинган «Общага» сериали орқали. Ушбу сериалга тасдиқланишим жуда қизиқ кечган. Сериалга кастинг Тошкентда ўтказилган эди. Гап шундаки, синовга боришим керак бўлган кун дугонам қўнғироқ қилиб, йигити устидан арз қилишни бошлади. Кейин дугонамнинг устидан қилинган арзни йигитидан ҳам эшитишга мажбур бўлдим. Хуллас, бу ҳолат туфайли асабларим таранг ҳолатга келган эди… 

Хонанда Шаҳзода. Архив сурат
Фото из личного архива Шахзоды

Кастинг бўлиб ўтаётган жойга келдим. Мендан бирор ҳолатни кўрсатиб беришни сўрашди. Мен эса нима кўрсатишни билмайман. Асабларим таранг эмасми… Кастинг мураккаб ҳаёт туфайли ҳамиша азият чекувчи ювош қиз роли учун ўтказилаётган эди. Аммо мени кўрган ижодкорлар хаёлида бошқа образ пайдо бўлган. 

Улар ўзаро маслаҳатлашгач, менга: “Ситорахон, биз бошқа бир образни излаб келган эдик. Аммо ҳозир сизда иккинчи образни кўрдик. Розимисиз, ижро этишга?” деб сўрашди. Шундай қилиб, тамомила бошқа образга тайёрланган бўлсам-да, ўзим кутмаган ролни қўлга киритганман.

Дугонангиз ва унинг йигитига миннатдорчилик билдирдингизми?

Албатта! Улар ҳозиргача менга мухлислик қилиб, қўллаб-қувватлаб келишади. Айтганча, жуфтлик ушбу кастингдан кейин ярашиб олган эди.

Санъат кишиси эканлигингизни қачон англагансиз?

2000 йилда. Дадамнинг режиссёр ўртоғи бир хонанданинг қўшиғига клип суратга олаётган эди. Мендан шу клипда суратга тушишни сўради. Ўн олти ёшдаман, дадам сафарга кетган, албатта, рози бўлганман. Шу клипдан кейин мени бир фильмга таклиф қилишди. Эпизодик ролни ижро этдим. Илк ролим – кичик эпизодик рол бўлган. Иккинчи ролим эса – катта рол. Ҳозирга қадар ҳисобимда 29та бош рол бор.

Бухорода ўтган болалик даврингизни қандай ёдга оласиз?

Бухорони эсласам, юзимга табассум югуради. Болалигимнинг энг ширин лаҳзалари Бухорода ўтган. Тошкентга кўчиб ўтганимизда 13 яшар қизалоқ эдим. Тўғрироғи, кичкиналигимда ўғил боланинг ўзи бўлганман. Дадамдан қўғирчоқ эмас, тўппонча, автомат ва велосипед олиб беришларини илтимос қилардим. Битта дугонам бўларди, қолган ўртоқларим ўғил болалардан иборат эди. Фақат ўғил болалар билан дўстлашиб, қувлашмачоқ, отишмачоқ ўйнардим.

Мактабдан келишимга, уй хизматчиси кийимларимни алмаштиришга улгурмаса, мактаб формасида кўчага югуриб кетардим. Ҳар битта ариққа кириб чиқардим. Дадамлар: «Қизим, каттарганингда гўзал, латофатли бўласан”, дердилар. Дадамнинг сўзлари ёшим йигирмадан ўтганда амалга ошди. Ҳеч ким мендан бундай ўзгаришни кутмаган.

Дадам мени ҳозиргача “иркит ўрдакча” деб чақирадилар. “Кичкиналигингда, бир кун келиб бу қадар ўзгаришингни ҳеч ким билмаган эди. Мана, қанотларингни кенг ёзиб, ҳурилиқо оққушга айландинг” дейдилар у киши. Мен ҳеч қачон нозик бўлмаганман. Ҳамиша дарахтларга осилиб, шох устида уйқуга кетиб қолиб, қулаб тушган вақтларим ҳам бўлган. Ўша пайтлардан қолган эсдалик – чандиқлар бунинг гувоҳи. Кўчадан албатта, яраланиб, қайтиб келардим. Қўлимни бир неча бор синдирганман. Аям “бу феъл-атвори билан мен уни қандай турмушга узатаман”, деб ҳавотир олардилар фақат. Мана, Ситора ўзгариши ҳам мумкин экан…

Ҳозир ота-онангиз сиз билан фахрланишса керак?

Албатта! Улар ҳар бир ғалабамни, ҳар бир қўшиғимни меҳр билан қарши оладилар, қўллаб-қувватлайдилар, мендан маслаҳатларини аямайдилар. Аммо кўпинча: “Ундаймас, бундай қилишинги керак эди” деб танбеҳ ҳам берадилар. Ота-онам — менинг суянган тоғим.

Бухорога борганингизда сизни гуллар, ширинликлар ва оркестр билан қарши олишса керак?

Ҳа. Лекин оркестр биланмас, гуллар билан. Бухоро — она шаҳрим. Катта хурсандчилик билан кутиб олишади.

Сайтимиз муштарийларига тилакларингиз?

Барча-барча мухлисларимни менга бўлган меҳр-муҳаббатлари учун миннатдорчилик билдираман. Ўзбек халқи – эзгуликка интилувчи, яхшилик истагувчи халқ. Халқимнинг ана шу бебаҳо жиҳатини жуда қадрлайман. Ҳар бир ўзбек хонадонига ёруғлик, илиқлик тилайман. Мухлисларим юзларидан табассум аримасин. Уларга барча ишларида улкан зафарлар тилайман!

 

961