Ўзбекистонлик қандолат усталари маҳсулоти. Архив сурат

Бир вақтлар Ўзбекистонда энг йирик бўлган “Лаззат” қандолат фабрикаси қайта ишга тушди

141
(Янгиланган 12:40 19.11.2015)
Ўзбекистон ва Таиландлик корхоналар фабрикада қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқда. Биринчи натижаларга кўра корхона қуввати 15 тоннага етиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. 1990 йилларда иқтисодий инқирозга учраган “Лаззат” қандолат фабрикаси бугун қайта туғилмоқда, Sputnik мухбири хабарига кўра.

Бир вақтлар республикада энг йирик қандолат фабрикаси бўлган “Лаззат” яна ишга тушди. Корхонанинг биринчи, бисквит маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимини ишга тушириш учун сармоядорлар катта ишларни амалга оширишди.   

Озиқ-овқат саноати ассоциациясининг Қандолат маҳсулотлари тармоғи раҳбари Нафе Османовнинг сўзларига қараганда, ҳозир корхонага тенг хўжайин бўлган Ўзбекистон ва Таиландлик сармоядорлар ишлаб чиқариш кўрсаткичларини олдинги даражага еткизиш ниятида. Корхонани қайта ишга тушириш учун киритилган сармоя тижорат сири бўлганлиги учун эълон қилинмади.

Нафе Османовнинг сўзларига қараганда, ушбу корхона иккинчи бор сармоядорлар қўлидан қўлига ўтмоқда. 7-8 йил олдин корхона цехларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳаракат қилинган эди, лекин бу уриниш муваффақиятли бўлмаган эди. Ҳозир янги сармоядор ишга киришган ва бунинг биринчи самаралари ҳам сезилмоқда.

“Ушбу корхонани таъмирлаш ва қайта қуриш бўйича улан ишлар амалга оширилди. 1963 йилда қурилган корхонанинг барча коммуникация тизимлари аллақачон ишдан чиққан. Сармоядорлар хусусий ва кредитга олинган маблағлар ёрдамида корхона коммуникацияларини, асбоб-ускуналарини алмаштирди ва ниҳоят уни ишга туширишди. Корхона қуввати суткасига 15 тонна бисквит ишлаб чиқаришга етади”, — дейди ассоциация вакили.  

Ҳозир, навбатда 8та карамел ишлаб чиқариш тизимини ишга тушириш. Бунинг учун цех биноси таёрланган. Италияда ишлаб чиқарилган янги ускуналарнинг умумий нархи 10 млн долларни ташкил қилади. Яқин кунлар ичида ускуналар корхонага етиб келиши кутилмоқда. Улар ўрнатилганидан кейин янги маҳсулот чиқариш бошланади.

Бу билан бир қаторда хом-ашй еткизиб бериш масаласи ҳам ҳал қилинмоқда.

“Бугунги кунда Республика ўзини ўзи шакар маҳсулотлари билан тўлалигича таъминламоқда. Лекин карамел конфетлар ишлаб чиқариш учун керак бўладиган қиём (патока) масаласи қийинроқ. Бир тонна конфет ишлаб чиқариш учун 300 килограм крахмал қиёми керак бўлади”, — дейди Нафе Османов.  

Ушбу маҳсулотнинг бир қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, лекин бу етарли эмас. Агар ушбу маҳсулотни еткизиб бериш йўлга қўйилса, ишлаб чиқарувчилар учун муаммолар камаяр эди.

“Лаззат” қандолат фабрикаси, инқирозга учрамасдан олдир республикада энг йирик қандолатчи бўлган. Корхона шоколадли конфетлар, зефир, мармелад, печене, ирис, карамел ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарган.

141