Суд белгиси

Жиззахда "Иегова шоҳидлари" сектасига қизиққан қиз жазоланди

418
(Янгиланган 19:24 01.02.2017)
"Иегова шоҳидлари" ташкилотининг фаолияти Хитой, Туркманистон, Тожикистон, Эрон, Саудия Арабистони ва бошқа қатор мамлакатларда тақиқланган

ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Жиззахлик М.Абдураҳмонова "Иегова шоҳидлари" сектасига тегишли диний мазмундаги видеолавҳа ва ён дафтарчасида турли мазмундаги ёзувлар сақлаб келганлиги сабабли жаримага тортилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлиги сайти хабар берди.

Хабарда айтилишича, 1993 йилда туғилган М.Абдураҳмонова ўзига тегишли бўлган телефон аппаратида "Иегова шоҳидлари"га тегишли диний мазмундаги видеолавҳа ва ён дафтарчасида турли мазмундаги ёзувларни сақлаб келган. Унинг асраганлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида аниқланди. Ушбу видеолавҳаларни тинглаш, кўриш, тарқатиш, олиб юриш Ўзбекистон диний идоралари томонидан тақиқланган.

Суд мажлисида М.Абдураҳмонова диний мазмундаги видеолавҳаларни фақат ўзи тинглаганлигини, видеомаҳсулотни ҳеч кимга тарқатмаганлигини баён қилди. У бир йилдан буён "Библия" китобини ўрганиб келишини, унда Иегованинг амрлари ёзилганлигини билдирди. Шунингдек, у телефонида шу мазмундаги қўшиқлар борлигини, уларни эшитиб келишини, бу ишлари ноқонуний эканлигини билмаганлигини билдириб, афв этишларини сўради.

Суд айбланувчининг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида, яъни 2 миллион 995 минг 500 сўм миқдорида жарима белгилади. Унга тегишли телефон ва ён дафтарчаси тегишли тартибда йўқ қилинди.

"Иегова шоҳидлари" халқаро диний ташкилот бўлиб, унинг фаолияти Хитой, Туркманистон, Тожикистон, Эрон, Саудия Арабистони ва бошқа қатор мамлакатларда тақиқланган. Ташкилотнинг бош маркази АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган.

418