Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Президент ОАВ ходимларига савол берди

1883
(Янгиланган 02:56 01.07.2017)
Мирзиёев, шунингдек, ўз нутқи давомида ёшлар аудиториясига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ҳам ўз фаолиятини тубдан ўзгартириши кераклигини айтиб ўтди

ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар, афсуски, радио ва телевидение, газета ва журналларда ўз ифодасини тўлиқ топмаяпти. Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?, — деб савол берди Ўзбекистон президенти 30 июн куни ёшлар билан учрашуви чоғида.

Президент, "Камолот" радиоси, "Камолот"нинг Интернет сайтини мисол келтирди ва уларда ўтказилган юзаки тадбирлар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа ҳеч нарса йўқлигини айтди.

"Ёшлар" телерадиоканали ҳам ўз имкониятларидан самарали фойдалана олмаётгани туфайли ушбу канал фаолиятини кучайтириш, унинг 50 % акцияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқига тегишли бўлиши эълон қилинди.

Мирзиёев, шунингдек, ўз нутқи давомида ёшлар аудиториясига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ҳам ўз фаолиятини тубдан ўзгартириши кераклигини айтиб ўтди.

"Аввало, қуруқ расмий гаплардан қочиш, танқидий таҳлил, креатив ёндашув, бугунги ҳаётни бутун кўлами, мазмуни, керак бўлса, мураккаблиги билан ёритишда журналистларимиз фаоллик кўрсатиши керак. Шу маънода, янги ташкил этилган Халқаро пресс-клубга ўхшаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳам ўз матбуот клубини очиш фойдадан холи бўлмайди. Ўткир ва долзарб муаммоларни сизлар айтмасангиз, барибир халқнинг ўзи айтади. Ахир, сизларнинг вазифангиз ҳаётдан бир қадам олдинда юриш эмасми?", — деди президент.

1883
Мавзу:
Ўзбекистонда "Камолот" ҳаракати тугатилиб Ёшлар иттифоқи ташкил этилди (21)