ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (ИУТ)нинг Узлуксиз таълим маркази бўлажак абитуриентлар ҳамда ўз билимини яхшилаб олишни хоҳловчилар учун жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб математика, физика ва инглиз тили бўйича ўқув курсларига рўйхатга олишни бошлади.
Ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад — ёшлар ўртасида математика ва физика фанларига бўлган қизиқишни ошириш, мазкур фанларга иқтидори бор бўлган ўғил-қизларни кашф этиш ҳамда бу фанларни чуқурроқ ўрганиш учун зарур шароитларни яратиб беришдир.
Тайёрлов курсларига тингловчиларни онлайн рўйхатдан ўтказиш 2017 йилнинг 1 августидан 20 августига қадар давом этади.
Бунга қизиқиш билдирган барча ёшлар махсус онлайн шаклни тўлдириши лозим. Махсус онлайн шаклга бўлган ишора Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг сайтида 2017 йилнинг 1 август куни эълон қилинган. 22-23 август кунлари қабул тестлари ўтказилади, улардан муваффақиятли ўтган ёшлар 2017 йилнинг сентябр ойида ўқишни бошлашади.
Ёшлар ўз хоҳишларига кўра бир ёки икки академик йил давом этадиган курсларни танлашлари мумкин. Ҳар бир академик йил уч триместрга бўлинади, ҳар бир триместр уч ой давом этади. Ҳар бир семестр якунида тингловчилар мажбурий тарзда имтиҳон топширишади ва фақатгина имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар тайёрлов курсларидаги ўқишларини давом эттиришади.
Университетнинг Тайёрлов курслари тингловчилари қатор имтиёзларга эга бўлишади. Фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Тайёрлов курсларининг тингловчилари мазкур университетга кириш имтиҳонларини топширмасдан туриб талаба бўлишлари мумкин.
Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар, ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар.
Бунда қайд этиш лозимки, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларининг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари, умумтаълим мактабларнинг 10-синф ўқувчилари ҳали ўқув юртини тамомламай туриб, якуний имтиҳон натижаларига кўра университет талабалари бўлишлари мумкин. Фақатгина бу талабалар лицей, коллеж ёки мактабни битириб, диплом ва аттестет олганларидан сўнг университетга қабул қилинадилар.
Бунда 5 нафар тингловчилар касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейларнинг ўқувчилари ҳисобланади. Улар коллеж ёки лицейдаги ўқишларини тамомлаганларидан сўнг, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига имтиҳонсиз қабул қилинадилар.
Улар шунингдек, университетнинг кириш имтиҳонларида қатнашиб, грант ўринлар учун курашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.
2016 йили ИУТ нинг Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курсларининг 82 % тингловчилари якуний имтиҳон натижаларига кўра талаба бўлишган. Бунда 61 % тингловчилар ИУТ га ўқишга киришган.