ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор давомида Ўзбекистон президенти ички ишлар органларига ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, туманлар кесимида жиноятларнинг олдини олиш борасида алоҳида чора-тадбирларни ўз ичига олган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатма берди.
Бу масалада ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратишга энг асосий эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистонда 11 эркин иқтисодий зона ва 5 саноат зонаси ташкил этилди. Кичик саноат зоналарининг сони 90 тага етказилди. Бу йил янгидан ташкил этилган корхоналарда 7 минг 500 ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди, 650 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Мирзиёев амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим ҳудудларда жиноятларни сезиларли камайтиришга эришилмагани, баъзи жиноят турлари ошгани каби камчиликларни кескин танқид қилди.
Хусусан, Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари мутасадди раҳбарларига йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш борасида аниқ топшириқлар берилди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида содир этилган қотиллик жиноятларининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келинлар ўртасида, 66 таси қўни-қўшнилар ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан.
Йиғилишда маҳаллаларда фаолият юритаётган посбонлар ҳақида сўз борар экан, кўп ҳолларда уларнинг салоҳияти, билим ва малакаси талабга жавоб бермаслиги, бундай вазифага фидойи ёшлар сафарбар этилмаётгани, рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилмагани сабабли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда посбонлар иштироки сезилмаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, унинг иш самарадорлигини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.