Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг бири

Мирзиёевнинг Туркманистонга сафари олдидан марказий кўчага буюк туркман шоири номи берилди

576
(Янгиланган 16:04 04.03.2017)
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан Мирзо Улуғбек ва Яшнобод тумани ҳудудида жойлашган Тараққиёт кўчаси ўрнига буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номи берилди

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6-7 март кунлари Туркманистонга ташрифи арафасида Тошкентдаги кўчалардан бирига Махтумқули номи берилди.

"Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан Мирзо Улуғбек ва Яшнобод тумани ҳудудида жойлашган Тараққиёт кўчаси ўрнига буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номи берилди", — деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича шаҳар комиссиясининг Тошкентда Махтумқули номини абадийлаштириш тўғрисидаги таклифи Халқ депутатлари шаҳар кенгаши томонидан 1 мартда тасдиқланди.

Буюк туркман шоири ва мутафаккири, туркман адабиёти, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Махтумқули (1733-1793) Хива, Бухоро ва Андижон мадрасаларида таҳсил олиб, ўзбек адабиётининг ўтмиш намояндалари асарлари билан яқиндан танишган.

Махтумқули ўзбек адабиёти, маданияти ва тарихи билан яқиндан танишиб, бир қанча лироэпик достонлар, жуда кўп ғазаллар яратган. Махтумқули ижодининг туркман адабиёти тарихидаги ўрни, унинг ўзбек-туркман адабий алоқалар соҳасидаги аҳамияти таниқли ўзбек ва туркман олимларининг илмий ишларида кенг ёритилган.

Махтумқули ўз шеърларининг бирида ўзбек халқининг мутафаккир шоири Алишер Навоийни устоз сифатида ҳурмат қилишини билдирган.  Махтумқули Навоийнинг лирика соҳасидаги асарларидан таъсирланиб, устознинг ғазал ва мухаммаслари услубида манзур асарлар яратди.

576
Мавзу:
Шавкат Мирзиёевнинг биринчи расмий сафари (11)