Министр иностранных дел Узбекистана Абдулазиз Камилов

Абдулазиз Камилов ўзбекистонлик террорчи ҳақида батафсил маълумот берди

1055
(Янгиланган 16:27 21.04.2017)
Камилов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ғарблик шерикларга Раҳмат Оқиловнинг қонунга қарши ҳаракатлари ҳақида хабар берилгани, бироқ шунга қарамай, сўнгги воқеалар унга қарши ҳеч қандай чоралар қўлланилмаганини намоён этишини таъкидлади

ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. 14-апрел куни Тошкент шаҳридаги Халқаро матбуот клубида ўтказилган очиқ мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7-апрел куни Стокгольм шаҳрида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этган ва Швеция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган Раҳмат Оқилов Ўзбекистон фуқароси экани ҳақида айтди. "Жаҳон" АА хабари асосида.

Полиция Швеции
© AFP / JANERIK HENRIKSSON / TT NEWS AGENCY
У Самарқанд вилоятида туғилиб ўсган, 2014-йилда Швецияга бориб, қурилиш объектларида меҳнат қилган. Ўша ерда Оқилов "Ислом давлати" халқаро террорчилар ташкилотининг даъватчилари томонидан жалб этилган, террорчилар томонидан туриб Суриядаги жанговор ҳаракатларда иштирок этишга фаол ундалган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ғарблик шерикларга Р.Оқиловнинг қонунга қарши ҳаракатлари ҳақида хабар берилгани, бироқ шунга қарамай, сўнгги воқеалар унга қарши ҳеч қандай чоралар қўлланилмаганини намоён этишини таъкидлади.

Стокгольмдаги қўпорувчилик ҳаракати сўнгги вақтларда турли мамлакатларда содир этилаётган мудҳиш воқеалар сонини давом эттирди. Атиги бир неча ой давомида Буюк Британия, Германия, Миср, Россия, Туркия, Шветсия каби давлатларда йирик даҳшатли ҳодисалар содир этилди, Ироқ, Покистон, Сурия, Афғонистонда, Африка давлатларида мунтазам такрорланиб келаётган қўпорувчилик ҳаракатлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Айни пайтда ушбу акциялар Европанинг хавфсизлик тизимида жиддий бўшлиқнинг мавжудлигини кўрсатди ва бунинг учун бегуноҳ одамларнинг қурбонлиги бадал бўлди.

Агар террорчилар илгарилари ўзларининг жиноий ниятларини амалга ошириш учун асосан портлатишлардан ва худкушларнинг "хизмат"ларидан фойдаланишган бўлса, эндиликда улар шаҳарнинг қоқ ўртасида юк машинасини ўғирлашлари ва уни оламон устига бошқаришлари, ўнлаб одамларни майиб-мажруҳ қилишлари, ўлдиришлари ҳам мумкинлиги кузатилмоқда.

Бундай "услуб"ни сал олдинроқ Ницца, Берлин, Лондон шаҳарларида кўргандик, энди эса, Стокгольмда содир бўлди. Террорнинг географияси кенгаймоқда, қўллаётган усуллари ваҳшийлашмоқда, жиноятчилар эса, қонунсизликдан мароқланиб, ўзларини беҳаё ва сурбетларча тутишмоқда.

Шубҳасиз, бу каби шов-шувга сабаб бўлган воқеалар вақтида оммавий ахборот воситаларида "ғала-ғовур” кўтарилади, содир бўлган ҳодиса юзасидан турли фикрлар ва тахминий қарашлар пайдо бўла бошлайди. Холис хусусиятга эга мақолалар билан бир қаторда, айрим ўзларини эксперт деб атовчи одамларнинг сохта таҳлилий мулоҳазалари эълон қилинади. Шу каби ҳолни Стокгольм воқеалари муносабати билан ҳам кузатамиз: баъзи журналистлар бу сингари фожеадан миллат ва динга нисбатан аниқ мақсадга йўналтирилган хуружларни амалга оширишда фойдаланишади.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, мураккаб вазиятларда шошқолоқлик билан қарорлар қабул қилиниши, пухта ўйланмаган, қандайдир таъсирлар ихтиёрида билдирилган мулоҳазалар вазиятни фақатгина ёмонлаштириши мумкин.

Яқинда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида содир этилган хунрезликдан кейин мусулмонларнинг анъанавий кийимида ва соқолини ўстирган ҳолда юрган Россия фуқароси Андрей Никитин видеокузатув камералари тасмасига тушгани ва шу оннинг ўзида биринчи рақамли шубҳали шахсга айлангани ҳақидаги таажубланарли ҳолатни эслайлик. Шов-шув кўтаришни ўзига шиор қилиб олган айрим оммавий ахборот воситалари барча тафсилотларни синчиклаб ўрганишга улгурмаган бўлсада, ўша пайтдаёқ А.Никитиннинг суратини террорчи деган даҳшатли ёрлиқ билан кўп нусхада тарқатиб юборди. Бу ҳам етмагандек, у ушбу тўфоннинг қурбони бўлди. Ахборот бўронининг.

Ўзбекистон, ОАВнинг ваҳимали даъволарига қарамай, масъулиятли паллада босиқлик ва вазминликни сақлади. Қачонки барча тафсилотлар аниқланиб бўлганидан сўнг, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари А.Комиловнинг батафсил, тасдиқланган маълумотлар билан тўлдирилган баёноти эълон қилинди.

Раҳмат Оқилов, аниқланишича, Ўзбекистонда қидирувда бўлган, ғарбдаги шериклар эса, унинг қонунбузарлик ҳаракатларидан хабардор бўлишган. Ушбу далилга, афсуски, қўпорувчилик ҳаракатлари ташкилотчиларининг этник, диний ва ҳудудий  мансублигига эътибор қаратишни ўзларича муҳим деб ҳисобловчи айрим оммавий ахборот воситалари томонидан менсилмаган ҳолда, эътиборсизлик билан қаралмоқда.

Бундай ёндашув ахборот олувчиларнинг эътиборини муаммонинг моҳиятидан чалгъитади, фуқароларда бутун бошли миллатга нисбатан бўҳтондан иборат муносабат уйғотади, давлатлар ва халқлар ўртасидаги ишончнинг илдизига болта уришга олиб боради.

Улкан таассуф билан айтиш мумкинки, бугун террорчиларнинг нишонига айланган кўплаб давлатлар ўзларининг "очиқ эшиклар" сиёсати самараларини пасайтирадилар. Улар фаолиятининг моҳияти ўнлаб йиллар давомида тураржой сўраб мурожаат қилганларнинг, жумладан, ўзбекистонликларнинг шахсига эътибор қилмасдан, зарур бўлган ўрганиш жараёнисиз, ҳатто уларнинг шубҳали ўтмиши ҳақидаги маълумотларни менсимасдан бошпана бериш билан чекланган.

Натижада муҳожир кўринишида бўлган гўёки "сиёсий қочоқ"лар ушбу давлатларда радикал оқимларнинг вакилларига айланади, ёки, Оқиловга ўхшаб, ўша гуруҳларга ихлос қўйганлар бўлиб чиқади. Улар ўз ватанларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кузатувлари доирасига тушган бўлади, бироқ судловдан қочиб хорижий давлатга кетишни маъқул кўришади.

Шубҳа остига олинганларни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровлар аксарият ҳолларда писанд қилинмади, экстремизмга қарши курашни кучайтиришга чақирувлар эса, кўпмаданиятлилик сиёсатини "заифлаштириш"га уриниш, деб қабул қилинди.

Вазиятни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг ҳукумат томонидан хавфли жиноятчилар ва экстремистларнинг давлатга юборилишини талаб қилиш гўёки инсон ҳуқуқларига нисбатан тажовуз сифатида баҳоланадиган муносабати ҳам мураккаблаштиради.

Шак-шубҳасиз, бугун зулмкорлик ҳаракатларида айбланаётганлар бир кунда террорчига айланишгани йўқ. Улар одамларни фақатгина диний эмас, яна бошқа мақсадларга йўналтирилган мутаассиблик ғоялари билан манқуртлаштиришнинг бутун бошли тизими йўлга қўйилган давлатларда "онгни тозалаш" жараёнларини бошларидан кечиришган.

Улар қатъий журъатга эга бўлишгани ҳолда, ўз раҳнамоларининг ишораси билан қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга тайёр бўлган "уйқуда" деб аталувчи бўлимчаларни тузиб, оилалари ва маслакдошлари билан бирга асосан Европа давлатларининг пойтахтларида қулай ўрнашиб олишган. Мазкур гуруҳлар томонидан "муҳожирлар хилватхоналари" деб юритилувчи жойларда яшовчи ёшлар орасида фаол ташвиқот ишлари олиб борилган, ушбу давлатларнинг ҳукуматлари эса, ажойиб кунларнинг бирида муҳожирлар шубҳали ўтмишлари билан хайрлашиб, кўпмаданиятлилик ғояларига сингиб кетишади, дея хато хулоса қилганлари ҳолда, ушбу анъаналарга эътибор қаратмасликни маъқул кўришди. Ахир, уйда илонни сақлаб, у менга ҳужум қилмайди, дея кўр-кўрона умид қилиш мумкин эмаску!

Радикал оқимларнинг бугунги кунда Европада жойлашиб олган кўплаб аъзолари икки, баъзи бирлари эса, учта давлат фуқаролигига эга шахслар бўлиб, бу уларга бир давлатдан иккинчисига ўтиб кетиш, қилган жинояти учун жазосиз қолишда қулайлик тугъдиради. Ўзбекистон ҳукумати ҳалқаро ҳамжамиятни диний экстремизм ва терроризм хавфидан турли минбарлардан туриб бир неча марта огоҳлантирганди. Бироқ ушбу чақириқларга, бегуноҳ қурбонлар ва уларнинг оилалари олдида афсуслар бўлсинки, қулоқ тутилмади.

Ўзбекистонда эса, таъкидлаб ўтамизки, ёш авлод онгида радикал оқимларнинг таъсирларига қарши иммунитетни ошириш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш, давлат чегараларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги чора-тадбирлар орқали диний экстремизм гъояларининг тарқалиши йўлларига барқарор тўсиқ қўйилган. Бу ҳукумат ва тегишли тузилмалар томонидан олиб борилган сермашаққат меҳнатларнинг натижаси эмасми? Ўзлари нима дейишаётганларини ўйлаб кўрмаган ҳолда, баъзи бир қалам соҳиблари Ўзбекистонни бутун дунёга таҳдид солувчилар етишиб чиқадиган давлат сифатида кўрсатишга уринишмоқда. Бундай муносабат нафақат мамлакатни обрўсизлантиради, балки хорижий сармоядорлар ва бизнес шерикларни чўчитади.

Террорчилик ташкилотлари томонидан ўз фаолиятларида ўзларига мос ҳолда нотўғри талқин қилинган Ислом динининг асосларидан ғоявий ниқоб остида фойдаланилаётгани ҳам таассуф уйғотади. Айрим оммавий ахборот воситалари эса ўзларини "эстафета маромини сақлаб турган" ҳисоблаб, муқаддас динни асоссиз равишда терроризм билан боғлашга тушиб кетишди, диний экстремизм тушунчаси ахборот маконида "ислом омили" сифатида юритила бошлади. Шу орқали ушбу динни эътиқодга қараганда кўпроқ сиёсий ғоялар йиғиндиси сифатида кўриш ҳоллари тез-тез учрай бошлади.

Барча оқил одамларга яхши маълумки, бирон бир дин бегуноҳ одамлар ҳаётига суиқасд қилишни ёқламайди. Бу айниқса, номининг ўзи тинчлик маъносини англатувчи Ислом динига тегишлидир. У одамларнинг эътиқоди қандай бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳаётларига ва мулкларига ғамхўрона муносабатда бўлишга чақиради, шунинг учун кимки ушбу дин ниқоби остида зўравонлик билан шуғулланса, унинг мақсади ҳам, усуллари ҳам Ислом дини асосларига кўра оқланиши мумкин эмас.

Дарҳақиқат, терроризм — миллат ва чегара билмас ёвузликдир ва мутлақо ҳеч ким ундан зарар кшриш кафолатланмаган. Бироқ глобал таҳдидга қарши ягона, бирлашган куч билан курашиш ўрнига баъзан айрим оммавий ахборот воситалари ва экспертларнинг ҳам "хизмат"лари туфайли бизнинг дунёмизда этник-диний аломатлар остидаги тарқоқликлар давом этмоқда. Бу эса жиноятчиларнинг тегирмонларига сув қуймоқда ва халқаро ҳамжамиятнинг терроризмга қарши кураш бўйича шаклланган пойдеворини барбод қилмоқда.

1055