Камолот ЁИҲ фаоллари

"Камолот" нега тугатилди?

1634
(Янгиланган 02:16 01.07.2017)
Бундан 16 йил олдин, яъни, 2001 йилда ташкил этилган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ўтган давр мобайнида ёшлар ҳаётига кириб бориб, уларнинг маълум бир қисмини ўз атрофида бирлаштиришга, ўз Дастури ва Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни имкон даражасида бажаришга ҳаракат қилиб келаётган эди...

ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. 30 июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифини киритди.

Ўзбекистон президенти нега бундай қарорга келганини қуйидагича изоҳлади:

"Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнлари янги босқичда жадал олиб борилмоқда. Ҳаёт талабларидан келиб чиқиб, юртимиздаги кўпгина давлат ва нодавлат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бугунги куни ва эртанги истиқболи барчамизни ўйлантириши табиий.

Сизларга яхши маълум, бундан 16 йил олдин, яъни, 2001 йилда ташкил этилган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ўтган давр мобайнида ёшлар ҳаётига кириб бориб, уларнинг маълум бир қисмини ўз атрофида бирлаштиришга, ўз Дастури ва Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни имкон даражасида бажаришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Ташкилот томонидан ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашиш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилганини албатта эътироф этишимиз керак.

Айни вақтда таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, моҳият эътибори билан ёшларнинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлиши зарур бўлган "Камолот" ҳаракати фаолиятида жиддий камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланмоқда.

Биринчидан, "Камолот" бутун Ўзбекистон ёшларини бирлаштирган, том маънодаги оммавий ҳаракатга айлана олмади. У асосан ўз атрофида Ҳаракат фаолиятига хайрихоҳ бўлган ёшларни уюштириб, фақат уларни қизиқтирган масалалар юзасидангина иш олиб борди.

Натижада ёшларнинг кенг қатламларига тааллуқли бўлган долзарб масалалар, аввало, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни катта мақсадлар сари сафарбар этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, қисқача айтганда, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзини ҳақиқий ёшлар ташкилоти сифатида кўрсата олмади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда "Камолот"нинг 4 миллионга яқин аъзоси бор. Бу мамлакатимиздаги 10 миллиондан зиёд йигит-қизларнинг 40 фоизини ташкил этади.

Бир қарашда, 4 миллион — салмоқли рақам бўлиб кўринади. Лекин холисона айтганда, ташкилотга аъзолик кўп ҳолларда фақат қоғозда мавжуд, амалда эса аксарият аъзолар "Камолот" тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас, унинг мақсад ва вазифаларини билмайди, ўз етакчиларини танимайди, Ҳаракат фаолиятида иштирок этмайди.

Натижада юртимиздаги минглаб ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда нафақат "Камолот"нинг, айни вақтда давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмоқда. Улар билан ҳеч ким деярли шуғулланмаяпти, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак, аччиқ ҳақиқатни тан олган бўламиз.

Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.

Ёшлар ўртасида жиноят содир этиш, диний экстремистик оқимларга, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак.

Албатта, бу борада ҳамма айбни фақат "Камолот"га юклаб қўйиш адолатдан эмас. Бу масалада маҳаллий ҳокимликлар, ички ишлар бўлимлари, прокуратура, суд, маҳалла идораларининг ҳам айби бор.

Айни вақтда бу масалада ёшлар билан доимо ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб яшаши, ишлаши керак бўлган "Камолот" ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг масъулияти кўпроқ, десак, тўғри бўлади.

"Камолот" фаолиятидаги бундай камчиликларнинг албатта объектив ва субъектив сабаблари бор.

Объектив сабаблар шундан иборатки, биз ўз вақтида "Камолот"ни жамоат ташкилоти сифатида тузиб, лекин ундан катта бир вазирлик вазифасини талаб қила бошладик. Унга жуда кенг, улкан вазифаларни топширдиг-у, аммо уларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб бериш ҳақида, афсуски, етарлича бош қотирмадик.

Оқибатда "Камолот" ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳамма нарсага жавоб берадиган ва айни пайтда ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, мўрт ва заиф бир тузилмага айланиб қолганини бугун қанчалик оғир бўлмасин, эътироф этишимиз керак.

"Камолот" фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган субъектив сабаблар ҳақида гапирганда, унинг аксарият раҳбарлари ва ходимлари томонидан ишга расмиятчилик билан, юзаки ва лоқайд муносабатда бўлиш, маишатга, ичкиликбозликка берилиш каби салбий ҳолатларга йўл қўйилаётганини ҳам афсус билан қайд этиш лозим.

Мен бугунги анжуманда "ёшлар етакчиси" деган юксак номга мутлақо ярашмайдиган бундай нохуш ҳолатлар ҳақида гапириб, сизларни хижолатга қўйиш фикридан йироқман.

Сизлар қурултой мажлисларида бу масалаларни ҳам муҳокама қилиб, уларга тегишли баҳо берасизлар, деб ўйлайман.

Афсуски, биз "Камолот"ни ёшларимиз чин дилдан интиладиган, самарали фаолият олиб борадиган, замонавий кучли бир ташкилотга айлантириш учун ўз вақтида тегишли чоралар кўрмадик. Буни очиқ тан олишимиз ва зарур хулоса чиқаришимиз керак.

Мен бу гапларни осмондан олиб эмас, аниқ фактлардан келиб чиқиб айтяпман.

Мана, Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар билан танишиб кўринглар. Уларнинг аксарияти "Бизни ҳеч ким эшитмайди", "Бизни ҳеч ким тушунмайди", "Биз билан ҳеч ким қизиқмайди", "Раҳбарлар ўзини ўйлаш билан овора" деган мазмунда ёзилган.

Ёшларга, уларнинг ташвиш ва муаммоларига ана шундай менсимасдан қараш ҳолатлари, афсуски, ҳақиқат.

Биз ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ — улар ҳам биздан бегоналашади.

Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради.

Бу ҳақда гапирганда, нафақат жойларда, балки Ҳаракатнинг марказий идорасида ҳам меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган малакали кадрларнинг етишмаслиги жиддий муаммо бўлиб турганини таъкидлаш лозим.

Бунинг асосий сабабларидан бири шундаки, тизимда ишлаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга етарлича эътибор берилмаяпти.

Ўртача ойлик иш ҳақи 800 минг сўмни ташкил этаётгани учун уларнинг аксарияти ойлик маоши катта бўлган бошқа ишларга ўтиб кетяпти.

Бунинг устига, кўпгина вилоят ва туманларда "Камолот" ташкилотлари учун бинолар етишмаслиги, уларнинг моддий-техник базаси ночорлиги, зарур мебель ва инвентарлар, алоқа ва ташкилий техника воситалари билан етарлича таъминланмагани, хизмат машиналари йўқлиги ҳам ишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, ҳудудий бўлинмаларнинг 81 таси маҳаллий ҳокимликлар биносида, 96 таси турли корхона ва муассасалар биносида жойлашган. Бу ўз-ўзидан ёшларнинг ўз ташкилотига эркин кириб-чиқишини қийинлаштирмоқда.

Баъзи мисолларга мурожаат қилайлик.

Фарғона вилоятида Ёшлар маркази биносининг биринчи қаватида ёшлар учун мўлжалланган тўгарак ва клублар фаолияти тўхтатилиб, мазкур бино ҳокимлик томонидан бошқа ташкилотга бериб юборилган.

"Камолот"нинг Тошкент вилояти, Пискент тумани кенгаши туман ҳокимлиги биносида фаолият юритиб келган. Аммо ҳокимнинг топшириғига кўра, "Камолот"га тегишли хоналар "Маҳалла" фондининг туман бўлимига олиб берилган. "Камолот"га эса учинчи қаватдаги мажлислар залидан шунчаки номига жой ажратилган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли, Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги "Камолот" ташкилотлари авария ҳолатидаги биноларда жойлашганига, айтинглар, нима деса бўлади?

Ана шундай чидаб бўлмайдиган яна бир мисолни келтирмоқчиман. "Камолот" ҳаракатининг Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши "Элегант" деб аталадиган келин-куёвлар либоси салонида жойлашган. Буни қандай баҳолаш мумкин?

Ҳаракатнинг жойлардаги тузилмалари фаолияти тор доирада чекланиб, асосан ўқувчи-ёшларга қаратилмоқда. Бунинг натижасида ёшларнинг катта қисмига Ҳаракатнинг сўзи ҳам, амалий таъсири ҳам етиб бормаяпти. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласи эътибордан четда қолиб кетмоқда.

"Камолот" томонидан ўтказилаётган кўпчилик тадбирларнинг, тарғибот материалларининг мазмуни ва сифати пастлиги, улар замон талабларига жавоб бермаслиги, ёшлар аудиторияси билан иш олиб боришда интерактив усуллар қўлланмаётганини қайд этиш лозим.

Яна бир нохуш ҳолат шундан иборатки, маҳаллий ҳокимликлар томонидан "Камолот" раҳбарлари ва ходимларини уларга алоқаси бўлмаган вазифаларни бажаришга, жумладан, қишлоқ хўжалиги юмушлари, металлом топшириш, ободонлаштириш каби ишларга, энг ёмони, турли-туман мажлисларга жалб этиш авж олмоқда.

Бундай ачинарли ҳолат Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд бўлиб, "Камолот"нинг туман кенгашлари раислари ободонлаштириш ишлари, бинолар фасадини таъмирлашга сафарбар этилган.

Улар иш вақтининг асосий қисмини ўзларига бириктирилган "округ"ларда ўтказади. Кечки пайт эса ҳокимият мажлисларида ҳисобот беради. Ўзингиз айтинг, улар қачон ўзининг бевосита иши, яъни, ёшлар масаласи билан шуғулланади?

Энг ёмони, жойлардаги айрим раҳбарлар "Камолот" учун муносиб шароит яратиб бериш, ёшлар етакчиларига ёрдам бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлиш, обрўсини тўкишни "иш услуби"га айлантириб олмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 4 май куни Навоий шаҳридаги "Ёшлик" спорт мажмуасида ўтказилган тарғибот тадбирларида хунук воқеа рўй берган. Ички ишлар бошқармаси раҳбарларидан бири "Камолот"нинг Навоий вилояти кенгаши раисини кўпчилик ўртасида ҳақорат қилиб, зўравонлик билан тадбирдан четлаштирмоқчи бўлган.

Қани, ички ишлар вазири, А.Азизов, сиз бу масалага қандай изоҳ берасиз? Навоий вилоят ҳокими, Қ.Турсунов, сизнинг бу ҳолатдан хабарингиз борми? Бор бўлса, бу масала бўйича қандай чора кўрдингиз?

Шу борада Андижон вилоятидан ҳам нохуш бир мисол келтиришга тўғри келади. Ўтган йили Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан вилоят "Камолот" ҳаракати кенгашига Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тантанали равишда янги автобус топширилган. Лекин маросим тугаши билан автобус олиб қўйилиб, унинг ўрнига шалағи чиққан эски транспорт воситаси берилган. Айтинглар, бундай "ўйин"лар, кўзбўямачилик билан биз ёшларга қандай тарбия беряпмиз?

Андижон вилоятининг ҳокими Ш.Абдураҳмонов, сиз бунга нима дейсиз?

Афсуски, бундай камчиликларни республика миқёсидаги вазирлик ва идоралар фаолиятида ҳам учратиш мумкин.

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, айтинг-чи, сиз ўз тизимингиз бўйича ёшлар етакчилари билан қачон учрашгансиз? Сиз бошчилик қилаётган соҳада ишлаётган педагогларнинг неча фоизини ёшлар ташкил этади? Уларнинг қанчаси "Камолот" аъзолари ҳисобланади?

Ҳозирги вақтда кўпгина қишлоқ жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилма тармоқлари деярли йўқ. Масалан, Бахмал, Мирзаобод, Ховос, Ўрта Чирчиқ туманларида ёшлар учун истироҳат боғлари, кинотеатрлар умуман мавжуд эмас.

Яна бир мисол. Бухоро шаҳрида жойлашган Ибн Сино номидаги дам олиш ва истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2016 йилнинг ноябрь ойигача реконструкция қилиниб, "Камолот" балансига ёшлар маркази сифатида ўтказилиши зарур эди. Лекин маблағ етишмаслиги туфайли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари тўхтаб қолган.

Қани, ана шу шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари, тегишли мутасаддилар, бу масалаларга қандай баҳо беришингиз мумкин?

Сизлар раҳбар бўлган ҳудудларда яшайдиган ёшлар зерикканидан нима қилишни билмасдан, бемаза ишларга берилиши, безорилик, жиноят йўлига кириши, зарарли оқимларга қўшилиб кетиши мумкинлиги наҳотки сизларни безовта қилмаса?! Ёшлар учун барча шароитларни муҳайё қилдик, деб биз кимни алдаяпмиз?

Шу муносабат билан барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Бундай танқидий фикрларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин мақсад — фақат танқид қилиш эмас. Мақсад шу гаплардан тўғри хулоса чиқариб, тилга олинган ҳар бир муаммо бўйича амалий ечим топишдан иборат.

Биз бугунги Ўзбекистон шароитида ёшлар ташкилоти қандай бўлиши керак, деган масалани тегишли раҳбарлар, олимларимиз, эксперт ва мутахассислар, ёшлар вакиллари билан кўп бор муҳокама қилдик.

Бу борада жаҳон тажрибасини, узоқ-яқиндаги турли давлатлар тажрибасини ўргандик. Дунёдаги ривожланган, демократик мамлакатларда ёшлар ташкилотлари дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларни ҳал этишга асосий эътиборни қаратади.

Ҳозирги пайтда ҳаммангиз "ойнаи жаҳон" орқали кўряпсиз, биз жойларда жамоатчилигимиз, аввало, ёшларимиз вакиллари билан доимий мулоқотлар ўтказяпмиз. Бу учрашувларда бир фикр такрор ва такрор айтилмоқда. Яъни, Ўзбекистон ёшлари расмиятчиликдан, кампаниябозликдан холи, навқирон авлод манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўла оладиган демократик ёшлар ташкилотини тузиш ҳақида ўз хоҳиш-истакларини билдирмоқда.

Бунда илгаригидек барча ёшларни бир ташкилотга "ихтиёрий-мажбурий" асосда бирлаштириш эмас, аксинча, уларнинг орзу-интилишлари, ҳаётий ва касбий қизиқиш доираси, ижтимоий мақсадлари бўйича уюштириш тўғри бўлади, деган таклифлар илгари сурилмоқда.

Менинг назаримда, бундай фикрларда чуқур асос ва мантиқ бор. Бу таклифнинг афзаллиги шундаки, у мамлакат ёшларининг барча тоифа ва гуруҳларини қамраб олади, энг муҳими, уларни демократик принциплар асосида бирлаштиради.

Бу, ўз навбатида, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёни билан ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир.

Ана шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот — Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этсак, нима дейсизлар?"

1634
Мавзу:
Ўзбекистонда "Камолот" ҳаракати тугатилиб Ёшлар иттифоқи ташкил этилди (21)