Мигрантлар

Мирзиёев "Камолот" IV қурултойида хорижда юрган ёшлар масаласини кўтарди

1791
Ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати IV қурултойида Ўзбекистон президенти хорижда юрган ёшлар масаласини кўтарди.

Президент бу масалада гапни бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи энг асосий вазифа бўлиб турганидан бошлади.

"…мактабда, лицей-коллеж ёки маҳаллада бир бола адашиб, нотўғри йўлга кириб кетар экан, бундан аввало унинг тенгдошлари, ёшлар ташкилоти хабардор бўлиши, ҳеч кимни тинч қолдирмасдан, бонг уриши керак эмасми?", деган савол билан юзланди президент.

Шу маънода, бугунги кунда мамлакатда тобора кенг тарқалиб бораётган "Ўз болангни ўзинг асра!" деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши зарурлигини таъкидлади.

"Бунинг учун бу масалани, яъни, ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб ўйлайман. Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, адлия вазири М.Икромов бир ой муддатда ушбу масала юзасидан тегишли таклифларни тайёрлаб, киритиши зарур",  - деди президент.

"Ҳозирги вақтда чет элда ишлаб юрган айрим ёшларнинг терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолаётгани билан боғлиқ муаммо барчамизни қийнамоқда.

Лекин, қайси ҳоким ёки вазир, қайси жамоат ташкилотининг раҳбари мана шу ёшлар хорижда нима қилиб юрибди, қандай кун кечиряпти, деб қизиқиб кўряпти?

Ҳолбуки, кўпгина давлатларда ўз фуқаролари бўлган, хориждаги ёшлар билан ишлаш бўйича тузилмалар бор. Уларнинг тажрибасини ўрганиб, биз ҳам чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот тузишимиз керак. Ўзимизнинг болаларимиз ҳақида ўзимиз ўйламасак, ким ўйлайди?" — деди Мирзиёев.

Бу масала бўйича Давлат маслаҳатчиси А.Юнусхўжаев, ташқи ишлар вазири А.Комилов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда таклиф киритиши кераклиги айтиб ўтилди.

1791
Мавзу:
Ўзбекистонда "Камолот" ҳаракати тугатилиб Ёшлар иттифоқи ташкил этилди (21)