Ҳужжатларни текшириш ишлари. Архив сурат

Манба: Аҳмадбой мижозлари орасида шоу-бизнес вакиллари ва амалдорлар бўлган

1858
(Янгиланган 17:04 22.06.2016)
Аҳмадбойга ўн минглаб долларларини ишониб топширган мижозларнинг аксарияти ўз пулларини қайтаришни талаб қилмоқчи эмас, дея таъкидламоқда манба.

ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистон солиқ органлари молиявий пирамида асосчиси Аҳмадбой Турсуновга пул ва бошқа моддий бойликларни ишониб топширган мижозлар устидан текширув ишларини бошлади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистонга манба.

Манбанинг таъкидлашича, Аҳмадбой мижозлари орасида эстрада ва кино юлдузлари, амалдорлар, йирик бизнесменлар бўлган. Улар 100 минг долларгача пулларини ва, ҳатто, қўша-қўша қимматбаҳо машиналарини "уддабуррон" фирибгар қўлига тутқазишган.

Шунингдек, манбанинг сўзларига қараганда, Аҳмадбой Турсунбоев уйида ўтказилган тинтув натижаларида топилган "қора дафтар" эса ҳуқуқ-тартибот ходимлари эътиборини айрим ўзбекистонликларга нисбатан кучайтирган.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари Аҳмадбойнинг айрим мижозлари бунча пулларни қаердан олишганига қизиқиб қолишган. Балки бу пуллар бизнес орқали топилган ва улардан солиқ тўланмаган бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳаракат учун эса қонунан чора кўрилади. Хуллас, тергов аста секин ойдинлик киритиб бораверади", — дейди манба.

Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва прокуратура ҳозирда бу иш юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.

Аҳмадбойнинг мижозлари ўз пулларини қайтариб олишлари иложи бўладими деган савол ҳам жумбоқлигича қолмоқда. Аммо, манбанинг таъкидлашича, воқеа бундай тус олишига қараганда, фирибгарга пулларини ишониб топширган аксарият одамлар ноқонуний тадбиркорлик фаолиятлари фош қилинмаслиги учун "жим" ўтиришлари аниқ.

"Ростини айтсам, жуда кўпчилик Аҳмадбойга берган пулларга қўл силтамоқда. Мана мисол учун, бир танишим унга 10 минг доллар берган, бошқаси эса иккита "Ласетти"сини топширган. Улар ўзларига эътибор қаратмаслик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига пуллар қайтарилишини сўраб мурожаат қилмоқчи эмас", — дейди манба.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Чиноз туманида жойлашган "Чиноз халол чорва" ҳамда "Чиноз авто Ҳамкор" корхоналари таъсисчиси Аҳмад Турсунбоев ва унинг ходимлари аҳолидан йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан миллий ва чет эл валюталарини олиш билан шуғулланиб келган. Ва шу билан бирга уларга пуллари қайтарилиши ҳақида ҳеч қандай кафолат бермаган. Бундан ташқари, томонлар келишувига мувофиқ, бирор кор-хол рўй берган тақдирда, пул берган инсоннинг яқинлари пуллар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли бўлмаган. Турсунбоев, йилига 40% устама ҳақи эвазига чет эл валютасини қарз бериш билан ҳам шуғулланган.

Аҳолидан олинган маблағларнинг бир қисмига чет элдан турли товарлар ва қимматбаҳо буюмлар олиб келиниб, тадбиркорларга устама фоиз эвазига тарқатилган. Турсунбоев бу пуллардан ўзи учун қимматбаҳо автомобиллар харид қилган, шоҳона бошпана қурган.

Турсунбоев ва унинг яқинлари уйларида, шунингдек, "бой"га қарашли фирмаларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, ашёвий далил сифатида 13,139 миллиард сўм ҳамда 7,9 миллион АҚШ доллари олиб қўйилган.

Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

1858
Мавзу:
Молиявий пирамидалар ҳақида (15)