Олой бозори ёнидаги чойхона, Тошкент. Архив сурат

Тошкентда энг яхши ресторан ва чойхона танлови эълон қилинди

227
(Янгиланган 15:57 22.07.2016)
Тошкент ҳокимияти пойтахтда савдо ва умумий овқатланиш муассасаларида фаолият юритадиган ишбилармонлар учун очиқ турдаги анъанавий "Савдо ва хавфсизлик" танлови ташкил этилганини эълон қилди.

ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг таклифига биноан  савдо соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларни янада ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш мақсадида икки босқичли “Савдо ва хавфсизлик” кўрик-танлови ўтказилади, деб хабар қилинган Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида.

Хабарда кўрик-танлов туманлар ҳамда шаҳар босқичларидан иборат бўлиб, ҳар йили ташкил қилиниши таъкидланган.

"Танлов савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ва маданиятини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш, соҳада аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий технологияларни татбиқ этишни рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда", — дейилган хабарда.

Таъкидланишича, танлов очиқ бўлиб, унда барча тадбиркорлик субъектлари иштирок этишлари мумкин.

Танлов "Энг яхши йирик савдо объекти", "Энг яхши ўрта савдо объекти", "Энг яхши савдо объекти", "Энг яхши ресторан", "Энг яхши кафе" ва "Энг яхши чойхона" номинацияларида ўтказилади.

Кўрик-танловда иштирок этишни истаган тадбиркор  танлов низомида белгиланган ариза билан туман комиссиясига мурожаат қилиши лозим, дейилган хабарда.

227