Сайлов архив сурат

Сайлов: болаларга ширинлик, аёлларга гуллар

282
Ҳар бир сайлов участкасида дастлабки сайловчиларни кутиб олишга ижодий ёндашилди. Масалан, бир сайлов участкасида аёлларга гуллар тақдим этилди, яна бирида эса болаларга ширинликлар улашилди

ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Бугун эрта тонгдан фуқаролар Президент сайловида овоз беришлари учун бутун Ўзбекистон бўйлаб сайлов участкалари очилди. Ҳар бир сайлов участкасида дастлабки сайловчиларни кутиб олишга ижодий ёндашилди, деб ёзади Sputnik Ўзбекистон мухбири. Масалан, бир сайлов участкасида аёлларга гуллар тақдим этилди, яна бирида эса болаларга ширинликлар улашилди. Айрим сайлов участкаларида миллий куйлар ижро этилди.

Аксарият тошкентликлар эрта тонгданоқ ўз овозларини беришга қарор қилдилар. Соат 9 бўлмасидан шаҳардаги кўплаб участкалар овоз берувчилар билан гавжум эди.

"Биз турмуш ўртоғим билан эрталабда келиб овоз бериб, кун бўйи бўш вақтимиз кўп бўлади деб келгандик. Ҳаммадан аввал келдик деб ўйлагандик, биздан олдин келганлар ҳам кўп экан. Ҳеч қандай муаммо бўлмади, сайлов участкаси ходимлари ўз ишларини аъло даражада бажаришмоқда", — дейди Бектемир туманида яшовчи Татьяна исмли аёл.

Ўзбекистонда сайловлар ўзига хос оилавий анъана деса ҳам бўлади. Кўплаб участкаларда мамлакат ҳаёти учун оддий ҳол бўлиб қолган манзарага кўзингиз тушиши мумкин эди. Овоз бериш учун бутун оила жамулжам ҳолда: энг олдинда отахону онахонлар, уларнинг ортидан эса фарзандларини етаклаган ота-оналар келдилар. Тошкент вилоятидаги сайлов участкаларидан бирида 80 ёшли отахон невара-чеваралари қуршовида овоз берди.

Сайловчиларга овоз берганларидан сўнг бериладиган "Биз овоз бердик! Сиз-чи?" ёзуви туширилган нишон ҳам ўзига хослик касб этди.

Овоз бериш эрталаб соат 6.00да бошланди ва соат 20.00гача давом этади. Сайлов натижалари душанба куни эрталаб эълон қилиниши режалаштирилган.

282
Мавзу:
Ўзбекистонда президент сайлови (124)