Цветы у посольства Бельгии в Москве

Ўзбекистон ҳукумати Файзулла Муллажонов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

566
(Янгиланган 13:18 24.05.2017)
Катта меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган Файзулла Муллажонов 1991 йилда, Ўзбекистон эндигина давлат мустақиллигини қўлга киритиб, янги даврга қадам қўйган мураккаб бир шароитда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси этиб тайинланганди

ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулла Муллажоновнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор қилди.Таъзиянома матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида келтирилган.

"Мамлакатимиз банк-молия тизими оғир жудоликка учради.

Ўзбекистон банк тизими асосчиларидан бири, атоқли иқтисодчи, тажрибали раҳбар, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Файзулла Мақсуджонович Муллажонов шу йил 23 май куни 67 ёшида тўсатдан вафот этди", дейилади таъзияномада.

Ф.Муллажонов 1950 йили Сирдарё вилоятида туғилган. 1971 йили Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини давлат банки Сирдарё вилояти бўлимида кредит назоратчиси вазифасидан бошлади. Кейинчалик ушбу вилоятда банк соҳасида турли масъул лавозимларда хизмат қилди.

"Катта меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган Ф.Муллажонов 1991 йилда, мамлакатимиз эндигина давлат мустақиллигини қўлга киритиб, янги даврга қадам қўйган мураккаб бир шароитда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси этиб тайинланди.

Ана шу ўта масъулиятли лавозимда қарийб 26 йил самарали фаолият кўрсатиб, Ф.Муллажонов эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш жараёнида банк-молия тизимини шакллантириш ва ривожлантириш, миллий валютамизни жорий этиш, олтин-валюта захирасини мустаҳкамлаш, банк соҳаси учун замонавий кадрлар тайёрлаш борасида ўзининг юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятини намоён этди.

Ф.Муллажоновнинг Ўзбекистон банк тизимини халқаро талаб ва мезонлар асосида тараққий топтириш, унинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини ошириш борасидаги катта хизматлари халқимизга яхши маълум.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳа ва тармоқларида хизмат қилиб келаётган кўплаб раҳбар ходимлар, банк-молия мутахассислари ҳақли равишда ўзларини Ф.Муллажоновнинг шогирдлари, деб ҳисоблайдилар.

Ф.Муллажоновнинг кўп йиллик самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи" фахрий унвони, "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан мукофотланган эди.

Ўзбекистон банк-молия соҳасининг йирик намояндаси, меҳрибон устоз, камтарин инсон Файзулла Муллажоновнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, У.Исмоилов".

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

566