Бангалорда таҳсил олган ўзбек йигити ҳиндлар ўзбекларни қандай қарши олиши ҳақида гапирди

© Асрор Алаяровнинг шахсий архивиданАсрор Алаяров
Асрор Алаяров - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ҳиндистонда таҳсил олган ўзбек йигити - Асрор Алаяров билан суҳбатимиз жуда қизиқ кечди. У Бобур Мирзо туфайли Ҳиндистонда барҳам берилган урф-одат, ўзбек ва ҳинд талабалари ўртасидаги фарқ ҳамда бошқа кўплаб қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди

ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Асрор Алаяровнинг ижод намуналарини ўқиркансиз, инсон табиатига хос бўлган энг нозик ички ҳиссиётлар, кузатувчанликнинг, сезгирликнинг, тасвирнинг юқори чўққиси, эҳтиросларнинг аниқ ёки ўйчан қиёфалари кўз олдингизда жонланади. Унинг ҳикояларида инсон ички руҳиятининг маълум ва номаълум тасвирлари ўта моҳирлик билан бир-бирига боғланиб кетганки, уларда ҳам фалсафа, ҳам теранликни бир вақтда учратасиз.

Асрор ҳар иккала йўналиш — реал ва руҳий тасаввурга асосланган воқеалар тасвири бўйича замонавий адабиётнинг энг тажрибали ёзувчиларидан бириди", дея ҳамюртимиз ижодига фикр билдирган Буюк Британиялик адабий танқидчи Линда Ибботсон бу вақтда Асрорнинг АҚШда чоп этилган "Қарор" (("A Decision") номли китоби мутолааси устида эди.

© Асрор Алаяровнинг шахсий архивиданЛинда Ибботсон адабий таҳлили, инглизча варианти
Линда Ибботсон адабий таҳлили, инглизча варианти - Sputnik Ўзбекистон
Линда Ибботсон адабий таҳлили, инглизча варианти

Хўш, Асрор Аллаёров ҳикояларига берилган бу баҳо юртдошимизни қай даражада илҳомлантира олди? Ёш ижодкорнинг адабиёт оламига кириб келиши аслида қандай бўлган? У қандай касб эгаси, қаерда таҳсил олган ва келажакдаги режалари нималардан иборат? Ҳиндистонда кечган ҳаёти ва бундан олган тассуротлари қандай?

Бу ҳақда Асрорнинг ўзига қуйидаги саволлар билан мурожаат этдик.

- Асрор, Ҳиндистонга қай тариқа бориб қолдингиз?

— Баъзан орзуларингиз сизни ўзингиз кутмаган манзиллар сари бошларкан. 2014-йилда кўпчилик ишонқирамай қарайдиган "online" тизим орқали Бангалор университетига ўқишга қабул қилиндим. Қабул бошлангач, ҳужжатларимни электрон тарзда қабул бўлимига юбордим ва талабаликка қабул қилиндим. Сўнгра, Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонасида суҳбат бўлди, ҳамда талабалик визаси олдим. Ўтган йиллар давомида университетнинг 300 минг нафарлик талабалари орасида "Бизнес бошқаруви" йўналишида бакалаврлик учун таҳсил олдим.

© Асрор Алаяровнинг шахсий архивиданАсрор Алаяров Ҳиндистонда бўлиб ўтган Халқаро ёзувчилар конференциясида Андра Прадеш билан, 2012 йил
Асрор Алаяров Ҳиндистонда бўлиб ўтган Халқаро ёзувчилар конференциясида Андра Прадеш билан, 2012 йил - Sputnik Ўзбекистон
Асрор Алаяров Ҳиндистонда бўлиб ўтган Халқаро ёзувчилар конференциясида Андра Прадеш билан, 2012 йил

Бу ерда ҳиндистонликлар сизни "Намасте" (ҳиндча салом) дея қўлларини бирлаштириб, боши эгик ҳолда қарши олишади. Бу ҳурмат маъноси. Ҳиндларнинг маданияти ҳам грек ва миср маданияти каби қадим ўтмишга бориб тақалади. Мамлакатга ташриф буюришингиз билан кўча-куйда ёки айрим оммавий тадбирларда доира чалиб, рақс тушаётган маҳаллий аҳоли дарров эътиборингизни тортади. Бу ерда рақс тушишни ва қўшиқ айтишни билмайдиган киши деярли йўқ. Бир йилда юздан ортиқ байрамлари бор. Кимдир қайсидир санъатнинг устаси. Шу учун ҳам сайёҳлар ва талабалар оқими тўхтамайди.

Мени кўпроқ ҳайратга солган нарса эса аждодларимиз қурдирган иморатлар ва уларнинг шаънига бўлган эҳтиром бўлди.

Деҳлидаги йирик кўчалар Бобур авлодлари номи билан аталади. Улар бунёд этган иморатлар, қадамжолар, қўлёзмалар ҳанузгача сақлаб қолинган. Айтишларича, маҳаллий аҳоли Буюк Британия билан бўлган урушда Тож Маҳални яшириб, ҳаводан бўладиган ҳужумлардан асраб қолган экан. Яна ҳиндларнинг айтишича, эри вафот этганда хотинини ҳам қўшиб ёқиш одатига айнан Бобур авлодлари томонидан барҳам берилган.

- Ҳинд тилида ҳам сўзлаша оласизми?

— Албатта, лекин мукаммал эмас. Аслида жуда кўп сўзларимиз ўхшаш. Ёзувлар фарқланади. Бизнинг дарсларимиз инглиз тилида бўлган ва кўча-куйдаги мулоқотлар учун кўплаб ҳиндча сўзларни ўрганишга тўғри келган. Чунки бу ерда ҳамма ҳам инглиз тилида суҳбатлаша олмайди.

- Ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик талабалар ўртасида қандай фарқ бор?

— Ҳиндистонда талабаларнинг ўқиш давомида ишлаши қонунан таъқиқланган. Шу боис ота-оналар фарзандлари қурби етган коллеж ва университетларга ўқишга қўяди. Бангалор шаҳри Ҳиндистоннинг Информацион технологиялари пойтахти ҳисобланади.

© Foto : из личного архива Асрора АлаяроваАсрор Алаяров
Асрор Алаяров - Sputnik Ўзбекистон
Асрор Алаяров

Бу ерга асосан шу йўналишга ўқишга келишади. Бугун кўпчилик ҳиндлар жаҳоннинг машҳур компанияларида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонлик талабалар эса асосан юртимизга қайтиб, тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилишган. Икки давлат талабалари ўртасидаги фарқ таълим тизими билан боғлиқ. Имтиҳонлар Ҳиндистонда ёзма равишда олинади. Режим жуда қаттиқ. Ёнингиздаги талабадан кўчиришга уриниш ҳам бутун бир семестр имтиҳонларидан четлатилишга олиб келади.

- Ҳиндистонда сизга энг ёққан нарса…

— Йўллар ва иморатлар… Мамлакатнинг энг кичик кўчалари ҳам текис ва ҳаракатланиш учун қулай. Иморатлар дизайни эса бир-бирини такрорламайди. Шуниндек, бу ерда китоб кўтариб юрган ёшларни кўп учратаман. Санъатни, адабиётни қадрлашади.

Бир сафар поездда конференцияга кетаётганимизда, ёнимдаги киши Ўзбекистоннинг обрўли ижодкорларидан бири эканини эшитган бир ҳинд оиласи ўзларининг миллий услубида юртдошимизга оёғигача эгилиб, таъзим қилганди.

Бу ҳақда 2016 йил февралда Ҳиндистоннинг марказий телевидениеларидан бири – "Lok Sabha"га берган интервьюмда ҳам таъкидлаб ўтганман.

- Ижод оламига кириб келишингиз қандай кечган?

— Ёшлигимдан энг улкан мақсадлар сари интилганман. Аслида, бутун коинот ҳаракатда экан, нега мен жим туришим керак? Косон туманидаги умумий ўрта таълим мактабини тугатиб, (бизнинг давримизда 11 йиллик таълим мавжуд эди) Қашқадарё вилоятининг "Қашқадарё" газетаси маънавият бўлими мухбири сифатида иш бошлаганман. Бу ерда тажриба орттиргач, вилоятнинг "Дарё" газетасида бош муҳаррирлик қилдим. Сўнгра, 2013-йилда ўз хусусий газетам – "Шарқ дунёси"га асос солдим. Нашримиз вилоят миқёсида тарқалади.

Журналистика бадиий ижодимни юксалтиришга катта туртки берган. Жаҳон адибларининг ўзбек тилига ўгирилган кўплаб асарларини ўқиб чиққач, инглиз тилини ўрганишга эҳтиёж пайдо бўлди. Ишдан кейин ўқитувчим Камола Салямованинг ёш болалардан иборат гуруҳида дарсларга қатнардим. Шундан сўнг ўз ҳикояларимни инглизча ёза бошлаганман.

- Хорижда чоп этилган китобларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз…

— Дастлабки ҳикоялар тўпламим 2014-йилда АҚШнинг "SBPRA" нашриёти томонидан инглиз тилида чоп этилган эди. Орадан бир йил ўтиб, Япониянинг "BUYMA books" нашриёти уни япон тилига ўгирди ҳамда кунчиқар юртда сотувга чиқарди. Ўшандаги бир ҳолатни бир умр эсдан чиқаролмасам керак. Китоб таржимони Норико Саитонинг телефон орқали мен билан боғланиб, ўзбек тилида "Ассалому алайкум" дея суҳбатни бошлаши мени ниҳоятда ҳайратга солганди. Шундан сўнг китобга ном танлаш борасида маслаҳатлашдик. Бироз ўтиб унинг таржималари "Замонавий ўзбек ҳикоялари" номи остида чоп этилди.

Жорий йилнинг бошида Сербиянинг "Alma" нашриётидан янги ҳикоялар тўпламимни серб тилида чоп этиш таклифини олдим.

Яқинда китоб дунё юзини кўрди. "Кўзгунинг қудрати" деб номланган ушбу тўпламдан 10 та ҳикоям ўрин олган. Уларни серб тилига Смиляна Пиксиадес ҳамда Мелиса Лилич таржима қилган.

© Асрор Алаяровнинг шахсий архивиданАсрор Алаяровнинг Сербияда чоп этилган китоби муқоваси
Асрор Алаяровнинг Сербияда чоп этилган китоби муқоваси - Sputnik Ўзбекистон
Асрор Алаяровнинг Сербияда чоп этилган китоби муқоваси

Шеър ва ҳикояларим жаҳоннинг 30 дан ортиқ тилларига таржима бўлган. АҚШ, Мексика, Аргентина, Куба, Сербия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Польша, Чили, Пуэрто Рико, Колумбиядаги журнал ва Антологиялардан ўрин олган.

2017 йилда Ливанда анъанавий ўтказиладиган Нажи Нааман адабий мукофоти ғолибларидан бири бўлдим.

- Келажакдаги режаларингиз қандай? Қаерда фаолият юритмоқчисиз?

— Ҳаёт кутилмаган мўъжизаларга бой. Ва бу мўъжизалар ҳар биримизнинг яшаш тарзимизга боғлиқ жараён. Орзуларингиз мукаммалашиб бориши тажриба ва дунёқарашингизнинг юксалишини англатади. Аслида, тасаввурингиздагидан ортиғи имконсиз, интилганингиздан ортиғи сарҳадсиз. Келажакда ўз бизнесимни яратиш ниятидаман. Ахир, Ҳиндистонда ўқиб-ўрганганларим бесамар кетмаслиги лозим. Ижод эса кенг қамровли тушунча. У ҳам муҳаббатга муҳтож. Уни қадрласангиз, сиздан узоқлашмайди.

Янгиликлар лентаси
0