Келин ва куёв

Спиртли ичимликларсиз ва "Малибу"ларсиз - Самарқандда ибратли тўй ўтказилди

1467
Ёш келин куёв тўй ихчам ўтганидан хурсанд. Ёш оила тўйга сарфлаши керак бўлган маблағни энди рўзғор кам-кўстини тўлдиришга ишлатишларини айтишмоқда

ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Самарқандда ибратли тўй ўтказилди: келин-куёв ва уларнинг дўстлари учта машинада бориб, никоҳдан ўтиб келди, дастурхонга спиртли ичимлик қўйилмаган. "Севги тарихи", "вальс" деган ортиқча маросимлар ўтказилмади, деб хабар бермоқда "Зарафшон" нашри.

Хабарга кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Пайариқ туман кенгаши раиси Жамшид Охунов тумандаги Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Қозоқовага ёшларни жалб қилган ҳолда кенг аҳоли қатлами иштирокида тўйларни камчиқим қилиб ўтказиш, турли одатларга чек қўйишга бағишлаб учрашув ўтказиш таклифини билдирган.

Таклифни маъқуллаган Муҳаббат опа "фақат учрашув эмас, ихчам тўй қилиб, намуна кўрсатамиз", — деб айтган.

Шу тариқа маҳалла фаолллари маҳаллада тўй ўтказишга қийналиб турибган оилалар билан учрашиб, ташаббусдан уларни хабардор қилишган. Битта никоҳ ва уч нафар боланинг хатна тўйини ўтказишга тумандаги корхона ва ташкилотлар, маҳалла тадбиркорлари ёрдам берадиган бўлган.

Шу тариқа маҳаллада автомобиль тузатиш устахонасида ишлайдиган Актам Қаршиевнинг никоҳ тўйи ва яна уч оила болаларининг хатна тўйини уларнинг яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари — 250 кишини таклиф этиб ўтказилган.

Ҳозир тўйлардаги энг ёмон ҳолат — келин-куёвнинг никоҳдан ўтиш учун 10-15 та машина билан сайрга боришидир. Бу тўйда ушбу одатга чек қўйилиб, келин-куёв ва уларнинг дўстлари учта машинада бориб, никоҳдан ўтиб келди. Дастурхонга спиртли ичимлик қўйилмади. "Севги тарихи", "вальс" деган ортиқча маросимлар ўтказилмади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари янги ёш оилага телевизор совға қилди.
"Турмуш ўртоғим билан унаштирилганимизга анча бўлди, — деган Актам Қаршиев. — Лекин 300-400 кишига дастурхон ёзиш қийин бўлиб кетгани учун тўйимизни ўтказишга имкон тополмаётган эдик. Маҳалла ва ёшлар иттифоқининг ташаббуси билан тўйимиз намунали тарзда ўтказиб берилганидан хурсандмиз. Тўйга сарфлашимиз керак бўлган маблағни энди рўзғоримиз кам-кўстини тўлдиришга ишлатамиз".

1467