Статуя фемиды на фоне скопления людей

Олий суд ўз биноси норози фуқаролар ҳужумига учрагани ҳақидаги хабарни рад этди

659
Айрим хорижий интернет ОАВлари одамлар Олий суд биносини ишғол қилишаётгани ҳақида хабар тарқатганди

TOШКЕНТ, 19 август — Sputnik. Олий суд ўз биноси норози фуқаролар ҳужумига учрагани ҳақидаги хабарни рад этди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Илгарироқ айрим хорижий интернет ОАВлари одамлар Олий суд биносини ишғол қилишаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

"Ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатган қатор нашрлар муаллифлари ўқувчиларга "ғазабланган фуқароларнинг бақир-чақирлари", "зичлаб ёпиб қўйилган дарвозанинг бузиб ташланиши", "синдирилган қулф", "300-400 нафар киши" ва бошқалар ҳақида хабар тарқатишган. Афсуски, интернетда берилган бу хабарни текшириб кўриш ўрнига мазкур веб сайтлар хулоса ва фикр чиқаришга шошилишган ва бу билан бўлиб ўтган воқеани янада бўрттириб кўрсатишган", — дейилади суд хабарида.

Суд идорасининг маълумот беришича, 15 август куни соат 9:30дан 21:00га қадар Олий суд раиси Комилов томонидан 100дан ортиқ киши фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича қабул қилинган. Бундан ташқари, худди шу куни 27 кишидан ариза ва шикоятлар қабул қилинган ҳамда турли масалалар бўйича 72 киши оғзаки мурожаат қилган.

"Фуқароларни қабул қилиш вақтида Олий суд биноси дарвозаси олдида навбат кутаётган бир неча киши милиционер ва суд ходимлари эътиборини чалғитиб дарвоза зулфинини очишган ҳамда навбатсиз кириш мақсадида суд биноси ичига киришган. Улар бино фойесига киришганида қабул тартиби ҳақида тушунтириш олишган, уларнинг бир қисми ўзларининг розиликлари билан Олий суд раиси ўринбосари ва судьялари томонидан, қолган қисми эса раис томонидан қабул қилинган", — дейилади хабарда.

Суд матбуот хизматининг билдиришича, эртасига, 16 август куни соат 9:30дан 17:30га қадар Олий суд раиси томонидан 60дан ортиқ фуқаро қабул қилинган.

659