Москвада 70га яқин "Таблиги Жамаат" аъзолари қўлга олинди

Oбуна бўлиш
Ўрта Осиё ва Россия фуқароларидан иборат экстремистик гуруҳ аъзолари яширин тарзда ҳуқуқни сақлаш органларига қаршилик кўрсатиб келишган.

ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Москвада "Таблиги Жамаат" экстремистик ташқилотининг 69 нафар раҳбарлари ва аъзолари қўлга олинди, деб хабар қилмоқда РИА Новости ФСБ матбуот хизматига асосан.

Яширин гуруҳ Ўрта Осиё мамлакати фуқаролари томонидан бошқарилган. Унга аъзо бўлганлар орасида россияликлар ҳам бор. Экстремистик ташкилот аъзолари яширин тарзда ҳуқуқни сақлаш органларига қаршилик кўрсатиб келишган.

Яширин ташкилот аъзоларида таъқиқланган адабиётлар, алоқа воситалари ҳамда бажарилган ишлар ҳақида ҳисоботлар ёзилган электрон ахборот сақлаш воситалари топилган. Тергов қўмитаси ушбу иш юзасидан жиноий иш қўзғади.

Бу "Таблиги Жамаат" аъзоларига қаратилган биринчи операция эмас. Августда ушбу ташкилотнинг уч нафар аъзоси Бошқирдистонда, ўтган йил охирида 7 нафат “жамаат”чилар Москвада ҳибсга олинган эди. Ўтган октябрь ойида эса ушбу ташкилотнинг яширин бўлими Қримда ҳам аниқланган эди.

"Таблиги Жамаат" ўзи ким?

"Таблиги Жамаат" ташкилотига 1926 йилда Ҳиндистонда Мавлоно Мухаммад Ильёс томонидан асос солинган. Ташкилотнинг мафкураси олтита асосий принципига асосланган. Улардан бештаси Ислом динининг бешта устуни бўлса, олтинчиси — доимий равишда ислом динини тарғиб қилишдир. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси бир йилнинг 40 кунини тарғибот билан ўтказиши керак.

Лекин бу бир қарашдаги “ташқи” кўриниш, ташкилот ўта яширин бўлгани учун унинг асл мақсадини дарров тушуниш қийин. Ташкилотнинг асл мақсади чуқурроқ ўрганилганда – унда бугунги кундаги давлат тузилишига бўлган ишончсизлик ва бутун дунё миқёсидаги ягона “ислом уммаси” ҳақида сўз юритилади.

Ташкилотнинг айрим гуруҳлари тарғиб қилишда кескин чоралар ва қўлга қурол олишгача борган. Хусусан, 1990 йилларда  Чеченистон урушида иштирок этган “Харакат ул-Муджахидиин”радикал жангарилар гуруҳи ҳам ушбу ташкилотдан келиб чиққани аниқланган.

2009 йилда Россия Олий суди ушбу ташкилотни “Россия жамиятининг барқарорлигига ва ҳудудининг ягоналигига таҳдид солувчи — экстремистик ташкилот”, деб тан олган эди. Ташкилотнинг аксарият аъзолари Жанубий Осиёда яшайди.

МДҲ ҳудудида эса ташкилот Қирғизистонда чуқур илдиз отган. Бу ерда "Таблиги Жамаат" ҳалигача экстремистик ташкилот деб тан олинмаган. Балиқчи шаҳрида яшовчи "Таблиги Жамаат" аъзоси 2015 йилда 24 нафар яқин қариндошлари, жумладан 76 ёшли онасини Сурияга олиб кетгани аниқланган.

Риа Новости хабарига кўра, ушбу йилнинг 3 апрелида Санкт-Петербург метросида содир бўлган терактда ҳам айнан ушбу ташкилотнинг қўли бор. Теракт ижрочиси қирғизистонлик Акбаржон Жалиловни "Таблиги Жамаат" аъзолари тайёрлаган.

Янгиликлар лентаси
0