Ўзбекистон – Шимолий Корея 3:1. Ғалаба сири

© Sputnik / Папикьян / Медиабанкка ўтишТошкентдаги "Пахтакор" стадиони
Тошкентдаги Пахтакор стадиони - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
“Пахтакор” стадионида Ўзбекистон ва Шимолий Корея терма жамоалари орасида ЖЧ-2018нинг ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Тошкентнинг марказий “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон ва Шимолий Корея терма жамоалари орасида ҳал қилувчи ўйин бўлиб ўтди. Ушбу ўйинда ғолиб чиққан жамоа ЖЧ-2018га йўл олишига катта имконият туғилади.

Тошкентда об-ҳавонинг авзойи эрталабдан бузуқ. Эрталаб кучли шамол ҳатто бир неча дарахтларни ағдариб ташлаган. Футбол бошланмоқда, ёмғир эса тинимсиз ёғмоқда. Иккала жамоа ҳам майдонга 11 кишилик таркибда чиқди. Мадҳиялар янгради.

Ўзбекистон жамоаси дастлабки дақиқалардан вазиятни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилди, лекин бу амалга ошмади. Учинчи дақиқада Корея жамоаси кутилмаганда гол урди. Унинг муаллифи Ри Хёнг Чол.

Голдан кейин Ўзбекистон жамоаси дарҳол ҳужумга ўтишди, лекин самарасиз. Энди Шимолий корея ўйинчилари шошилмасдан ўйнамоқда. Уларга бундай ҳисоб маъқул.

16 дақиқада Жепаров Кореяликлар жарима майдончасига яхшигина узатма берди, лекин ҳеч ким ундан фойдалана олмади. Ўзбекистон футболчилари бирин-кетин гол уриш учун имкониятлар яратишди.

Ва ниҳоят  23 дақиқада чап қанотдан жарима майдончасига киритилган тўпни Игорь Сергеев боши билан дарвозага аниқ йўллади. Ажойиб гол, ҳисоб 1:1.

Корейслар фаоллиги ошди, лекин Ўзбекистонликлар ҳам ғалаба сари пешқадамлик билан интилмоқда. Комбинациялар бирин-кетин амалга оширилмоқда. Биринчи бўлим дуранг ҳисоб билан тугади.

Иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон жамоаси фаоллиги сусаймади, рақиб дарвозасига бир неча зарбалар бўлди.

Сардор Рашидов 66 дақиқада чап қанотдан тўпни Александр Гейнрихга ташлаб берди. Гейнрих бўлса, тўпни дарвозабон оёғи остидан ўтказиб тўғри дарвозага йўллади. Гоол! Ўзбекистон олдинда 2:1.

Шундан кейин ўйин анча жиддий тус олди. Корея жамоаси Ўзбекистонлик етук футболчиларини “ишдан чиқаришга” қаратилган шафқатсиз усуллар қўллай бошлади. Саша Гейнрих ва Одил Аҳмедовга нисбатан бир неча бор қўполлик ишлатилди.  Биринчи бўлимда гол урган Игор Сергеевга ҳам қаттиқ жароҳат еткизилган эди.   

Бунга жавобан 87 дақиқада мураккаб лекин жудан аниқ комбинация натижасида Ўзбекистон футболи юлдузи Одил Аҳмедов ҳимоячини алдаб ўтиб учинчи голни урди. Яшавор Аҳмедов, энди ғалаба анча яқинлашди.

Ўйин 3:1 ҳисоби билан тугади. Барча Ўзбекистонликларни ғалаба билан табриклаймиз.

Ўйин сўнгида Sputnik мухбири матбуот анжуманида бўлиб жамоанинг мувффақиятли чиқиши сирларини билиб олди.

"Биз рақибни яхшилаб ўргандик, уларнинг ўқув машғулот жараёнини ҳам. Биз ҳамма нарсага таёр эдик. Уларнинг футболи жуда оддий ташкил қилинган — бу тўпни тўққизинчи рақамга узатиш. Мана шу уларнинг ягона "кучи". Бизнинг "яширин қурол" эса — бу ўзимизнинг услубга хос ўйин яратиш ва ҳар бир футболчи бор кучи билан ўйнаш", — деди Самвел Бабаян матч сўнгида бўлган матбуот анжуманида. 

Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018 сараловчи ўйинлари доирасида кейинги ўйини 17 ноябр куни бўлиб ўтади. Ҳозирча гуруҳда етакчилик қилаётган Шимолий Корея эса Баҳрайн билан ўйнайди.

Янгиликлар лентаси
0