Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин. Архив сурат

Шимолий Корея чет мамлакатлар ёрдамига муҳтож эмаслигини таъкидламоқда

77
(Янгиланган 19:19 22.01.2016)
Шимолий Корея, ўзига санкциялар киритилган тақдирда, чет мамлакатлар ёрдамисиз ҳам буюк мақсадга эриша олишини таъкидламоқда. “Шимолий Корея ўз кучи, ўз технологиялари ва ўз ресурслари билан ҳам буюк орзусига, халқ идеалига эриша олади”, деб ёзади “Нодон синмун” нашри.

ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik, Иван Захарченко. Шимолий Корея томонидан ядро қуроли синовдан ўтказилиши кўпгина давлатларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Жанубий Корея қаторида бир қанча давлатлар Пхеньяннинг бу ҳатти-ҳаракатига қарши санкциялар эълон қилиниши лозимлиги ҳақида баралла ҳайқира бошлаган бир пайтда, Ғарб давлатлари Хитойга КХДРни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қила бошладилар, РИА Новости хабари асосида. 

Жанубий Корея мамлакати бундан бир оз вақт олдин “Айни вақтда Шимолий Корея ташқи савдосининг 90% қўшни давлат – Хитой измида”, дея хабар қилган эди. 

Шимолий Корея шу кечаю-кундузда ўзига нисбатан кўрилаётган қарши чораларга жавобан чет мамлакатлар ёрдамисиз ҳам кун кечира олишини маълум қилмоқда.

"Ташқи томондан ёрдам бўлса — яхши, аммо ёрдам бўлмаса ҳам — яхши. Қатъиятимиз ифодаси шунда", — деб ёзади Шимолий Корея марказий нашри бўлмиш "Нодон синмун".

"Ҳозирги кунда мавжуд талай қийинчиликлар ва танқисликларга қарамай, биз ўз Ватанимиздан фахрланамиз ва қалбда ифтихор туйғуси билан буюк орзуимиз ва халқ идеалига ўз кучимиз, ўз технологияларимиз ва ўз ресурсларимиз ёрдамида эришамиз”, — деб таъкидлайди Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитаси органи.

Юқорида айтилгани каби, ҳозирда Шимолий Корея ташқи савдосининг 90% Хитой измида. 6 январ куни Пхеньян тўртинчи бор ядро қуролини синовдан ўтказгач, АҚШ Пекиндан Шимолий Кореяга нефт маҳсулотлари етказиб беришни ҳамда ундан антрацит харид қилишни тўхтатишни талаб қилди.

Шимолий Корея ядро бомбаси синовини АҚШ томонидан рўй бериши мумкин бўлган ҳужумнинг олдини олиш мақсадида ўтказганлигини айтган эди. Аммо бир қатор давлатлар Пхеньянга қарши кескин чоралар кўрилиши тарафдори. Бу мамлакатлар, энг аввало, Шимолий Корея ядро дастуридан воз кечишига эришмоқчи.

 

77
Мавзу:
Корея яриморолида вазиятнинг ўткир тус олиши (59)