Россиядан қайтаётган мигрантлар. Архив сурат

Тошкентда ихтисослашган бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда

606
(Янгиланган 19:34 04.03.2016)
Тадбир иш қидираётган аҳоли, ёшлар ва хориждан қайтган мигрантларнинг иш билан таъминланишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. 3-4 март кунлари Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади «Газета.uz», Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати хабари асосида.

Тадбир вақтинча иш билан банд бўлмаган ва иш қидираётган аҳоли, биринчи навбатда ёшлар, аёллар ва ногиронлар ҳамда хорижий давлатларда меҳнат фаолиятида бўлиб қайтган мигрантлар ҳамда одам савдоси жабрдийларига бўш иш ўринлари билан танишиш имкониятини яратиш ва уларнинг доимий иш билан таъминланишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Ярмаркада 350 дан ортиқ ташкилот ва корхоналар 5000 дан ошиқ бўш иш ўринлари билан қатнашмоқда. Унда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул мансабдор шахслари, жамоат ташкилотлари ва банклар вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзининг хусусий бизнесини юритиш ниятида бўлганлар учун имтиёзлар шартларини тушунтириш ва қисқа муддат ичида кредит ажратишга кўмаклашиш мақсадида 60 дан ортиқ банк бўлинмалари вакиллари жалб этилди.

Бундан ташқари, ярмаркага ташриф буюрганлар Меҳнат вазирлиги мутахассисларидан фуқароларнинг иш билан таъминланиши ҳамда меҳнат муҳофазасига оид қонунчилик юзасидан барча саволларига батафсил жавоб олиш имкониятига эга.

Меҳнат ярмаркаси Меҳнат вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ИИББ, «Маҳалла» фондининг шаҳар бўлими ва «Камолот» ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган.

606