Александр Пушкин портрети

Эҳ, Пушкин, Пушкин!

3127
(Янгиланган 20:47 11.09.2017)
Кимдир, масала моҳиятидан бехабар инсон, сизга туҳмат қилса, ўзингизни зўр бериб оқлашга уринишингиз шарт ҳам эмас. Бу айбдорлик ҳиссидан келиб чиқади. Биз эса ҳеч кимнинг олдида айбдор эмасмиз!

Ўйлаган эдимки, ўз маданиятини ўзгаларга тиқиштириш ва уни билмаганларни маданиятсизликда айблаш, ўзи каби ўйламаган, фикрламаган, яшамаганларни рақибга чиқариш, тан олмаслик, паст назар билан қараш, халқларни ўзи ва бегоналарга, маданиятли ва варварларга ажратиш ортда, жаҳолат даврларида қолиб кетган.

Йўқ, қолмаган экан, чамаси.

Ўзга халқларга Пушкинни билмаслик билан маломат қилиш айнан шу жаҳолатнинг бир кўриниши (бу маломат туҳмат бўлса, айниқса).

Адабиёт кўнгил иши, ҳатто Пушкиндайин, мактабларда ўқиш дастурига киритилган шоирни ўқиш ҳам кўнгил иши ва уни билмаслик рус бўлмаган миллатлар учун маданиятсизлик ҳисобланмайди.

Келиб-келиб энди Пушкин халқлар ўртасидаги тушунмовчиликка сабаб бўлмасайди.

Навальнийнинг гапи эса бировнинг ибодатхонасига ўз низоми билан киришга уриниш, холос.

Ҳар бир миллатларнинг ўз даҳолари, адиблари, шоирлари бўлади. Албатта, имкон қадар умумбашарий классикларни, ўзга халқлар адабиётини ўқиш ва ўрганиш лозим, бундан ҳеч ким ҳеч қачон ютқазмайди.

Навальний озгина бўлса-да фикрлаганда, бунақа номақбул гапларни айтишдан бурун ўзига савол берарди: Ўзбекистонда Пушкинни билмасликлари ҳақида маълумотим борми? Дунё мен ўйлаганчалик тор ва биқиқми? Мен уларнинг қанча шоирини биламанки, улар бизнинг шоирни билишлари зарур? Мен кимманки, ўзбекларни Пушкинни билмасликда айблаб, маломат қиламан?

Адабиёт мажбурлаб тиқиштириладиган унсур эмас. Албатта, жаҳон тан олган ҳар қандай шоир ва адибни ўқиш ва ўрганиш керак. Бу ўзини маданиятли ҳисоблаган ҳар бир инсоннинг бурчи ва уларни билмаслик билан мақтаниш жаҳолат. Лекин кимдир, масала моҳиятидан бехабар инсон, сизга туҳмат қилса, ўзингизни зўр бериб оқлашга уринишингиз шарт ҳам эмас. Бу айбдорлик ҳиссидан келиб чиқади. Бизнинг эса ҳеч кимнинг олдида айбимиз йўқ. Айниқса Навальний ва Собчак олдида. Уларга ҳисоб беришниям истамаймиз.

Бизда "ит ҳуради, карвон ўтади", деган мақол бор (йўқ, бу кимнидир ерга уриш учун айтилган гап эмас, халқ мақоли шунақа). Шунга қарамай, ўзбек халқи Пушкинни мутолаа қилишни давом этаверади. Асло, кимгадир ёқиш ёки хушомад учун эмас. Бетакрор иқтидор эгаси бўлгани сабабли. Чунки иқтидорли кишилар фақат бир миллатгагина тегишли эмас. Буюклар яхлит инсониятга тегишли.

Ўзбек халқининг ҳам ўз буюк инсонлари, фарзандлари бор. Минглаб йиллик маданий тарихига эга. Биз уларни билмасликда ҳеч кимни айблаётганимиз йўқ.

Бунақа нотўғри қарашларда Пушкиннинг айби йўқ. У ҳар қандай ҳолатда ҳам буюклигича қолаверади. Бироқ, унинг номидан халқлар орасига совуқчилик солишда фойдаланишга уриниши ажаблантиради, холос.

Интернет сарҳадларида ушбу масала юзасидан бўлаётган мунозараларни кузатиб, Пушкинга қизиқишимиз ўйлаганимдан ҳам юқорилигига ишондим. Яна бир ҳақиқатни тушундимки, интернет орқали тўрт-беш маълумотни олиб, ҳар биримиз ўзимизни доно санай бошлабмиз. Гўёки, бу оламда барча нарсани биламиз, буюк стратегмиз, глобал миқёсида ўйлаймиз. Аслида бу калтабинлик, холос.

Навальнийнинг ўша гапи ва у атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳам шу ҳақиқатни ифодалайди.

Интернет барибир интернет-да. Унда эҳтирос ва юзакилик кўпроқ. Ушбу масала юзасидан баҳс-мунозарага киришган биров Солженицыннинг фамилиясини нотўғри ёзибди. Унга бу ҳақда дакки берган бошқаси эса мақтаниб, "мен эса ҳаммасини биламан", деб Шайбонийхонни шоирга чиқариб қўйибди. Яна, "Солженицынни ўзбек тилида ўқибдими?" деганга ўхшаш маломат ҳам бор. Ўқиган бўлса бордир… Бир пайтлар бу адибнинг асарлари ўзбек тилида чоп этилган.

Хуллас, ҳаммамиз ҳам яхшимиз. Юзакиликка берилганмиз, моҳият ва ҳақиқат унчалар ҳам қизиқтиравермайди. Билиб олган тўрт-беш маълумотимизни пеш қилиб, бутун оламдан, дунёнинг бор илмидан хабарим бор, деб жар солишни хуш кўрамиз.

Дейлик, "Пушкинни билмайсан", деб маломат қилаётганнинг ўзи шоирни яхши билмайди (билганда, шоир билан қизиққанда, унинг асарлари Ўзбекистонда мактабнинг дастурига киритилганини, унинг асарлари қарийб юз йилдан буён ўзбек тилига таржима қилиб келинаётганига, чоп этилаётганига қайдадир кўзи тушган бўларди).

Адашмасам, 1937 йилда ўзбекнинг буюк шоири, Пушкиннинг ажойиб ва бетакрор таржимони Усмон Носир ушбу шоирга бағишланган қандайдир тадбирда иштирок этиб, Москвадан қайтаётиб, поездда айтган гаплари учун қамоққа олинган ва репрессия қилинган эди. Айтмоқчиманки, бизнинг буюк шоирларимиз тақдирида ҳам Пушкиннинг изи бор.

Бир сўз билан айтганда, адабиёт халқларни бирлаштириши лозим, ажратиши эмас. Буюк адиблар, шоирлар билан бир-биримизни қўрқитишга уринмайлик. Уларни шунчаки ўқиш, уқиш керак. Кимдир ўқимаётган бўлса, бу унинг ҳаққи-ҳуқуқи. Уни барибир мажбурлаб ҳам ўқитиб бўлмайди.

Ушу кичик ҳолат, Алексей Навальныйнинг қанчалар калта ўйлашини кўрсатди, холос. Бошқа ҳеч нимани эмас. Сиёсатчи учун ўзининг деворидан узоқни кўра билмаслик анчайин уятли ҳолат.

3127
Теглар:
Собчак, Навальный, Пушкин
Госсекретарь США Майк Помпео

АҚШ мағлубияти хавфи. Вашингтон Теҳронга қарши нега яна санкция киритди

299
(Янгиланган 17:21 22.09.2020)
Штатлар Эронга қарши санкцияларни тўлиқ қайта тиклади. Давлат департементи буни Теҳрон гўёки “ядровий битим” шартларини бажармаётганлиги билан тушунтирди.

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Галия Ибрагимова. Америка Қўшма Штатлари Эронга қарши санкцияларни тўлиқ қайта тиклади. Давлат департементи буни Теҳрон гўёки “ядровий битим” шартларини бажармаётганлиги билан тушунтирди. БМТ ва Европа Иттифоқи америкаликлар важини ишонарсиз деб ҳисоблаб, Вашингтонгнинг фикрига қўшилишдан бош тортди. Оқ уй нимага эришмоқчи ва халқаро ҳамжамиятнинг позицияси қандай – РИА Новости ўрганди.

Бир томонлама босим

“БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга қурол етказиб бериш эмбаргосини узайтирмади. Бироқ АҚШ жим турмади ва санкцияларни қайтарди. Энди улар нафақат Теҳрон, балки барча эмбарго бузувчиларига ҳам қарши”, - деди Майк Помпео ва ЕИ Вашингтонни қўллаш-қувватлашга чақирди.

Аммо муносабат қарама-қарши бўлиб чиқди. Германия, Буюк Британия ва Франция (евроучлик) ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Оқ уй ҳаракатларини қораловчи қўшма баёнот эълон қилишди.

“АҚШ Эрон дастурига оид Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режасидан (СВПД) 2018 йил 8 май куни чиққан ва энди “битим” иштирокчиси саналмайди. Шу боис Вашингтоннинг ҳар қандай қарори юридик кучга эга эмас”, - дея таъкидлашди “евроучлик” вазирлари.

Париж, Берлин ва Лондон, аксинча, санкцияларни енгиллаштиришда давом этмоқда. Вазирлар Эрондан чекловларни олиб ташлаш 2231 БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясида кўзда тутилганини эслаб ўтишди. Ушбу ҳужжат 2015 йилда келишилган “ядровий битим”ни расман тасдиқлаган.

“Биз доимо уни сақлаб қолиш тарафдори бўлганмиз ва буни давом эттирамиз”, - дея таъкидлашди европаликлар.

Европа ваъдалари

Дональд Трамп икки йил аввал Теҳрон гўёки махфий равишда ядровий дастурни ривожлантираётгани рўкач қилиб, “битим”дан чиққан эди. Ҳеч қанда далил келтирмади, лекин санкцияларни қайтаришни талаб қилди.

Россия, Хитой ва европаликлар буни қоралашди ва ҳужжат АҚШсиз ҳам амал қилишини таъкидлашди.  Германия, Франция, Буюк Британия ҳатто компанияларга Эрон билан ҳамкорлик қилишга имкон берувчи махсус қонун қабул қилди.  Бизнес АҚШ босимидан хавфсирамаслиги учун INSTEX алоҳида молиявий механизмини ишлаб чиқишди.

Тўғри, самараси чекланган бўлиб чиқди. Компаниялар барибир Эрон бозорни тарк этишди, ва Эрон Ислом Республикаси иқтисодиёти кескин ўтириб қолди. Пекин Америка санкцияларини қоралаганига қарамасдан, ҳатто хитойликлар Теҳрон билан ҳамкорликни тўхтатиб қўйишди.

Эрон ҳукумати европаликлар Вашингтонни бизнесни таъқиб этмаслика ишонтиришига умид қилиб, кутиш позициясини эгаллади. Лекин мамлакатдан хорижлик компаниялар кетиши, Вашингтон юмшашига бўлган умидлар тугаши билан Теҳрон ядровий дастур чекловларини олди.

Расмият нуқтаи назаридан СВПД амал қилади, лекин “битим” иштирокчиларининг ўзоро айловлари унга бўлган ишончни сўндиради. Теҳроннинг ҳужжат шартларига риоя қилишдан бош тортишини Вашингтон “Оятуллоҳ режими”га (Америка ОАВлари Эрон сиёсий тизимини шундай деб аташади) янги ҳужумда асосий далил сифатида ишлатмоқда.

“Эмбарго бекор қилинишига йўл қўйилмасин”

Америкаликлар энг кўп 18 октябрь куни Теҳрондан қурол эмбаргоси олиб ташланишидан ҳадиксирашмоқда. Бу қўрқувларни Эрон қўшнилари аланга олдирмоқда.

Исроил, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қувайт тақиқлар бекор қилингандан кейин Ислом Республикаси Россия ва Хитойдан ҳаво ҳужумига қарши воситалар ва замонавий қирувчи самолётлар харид қилишини айтишмоқда.  Бу Эронни мустаҳкамлайди ва минтақадаги вазиятни қийинлаштиради. Бундай сценарийга йўл қўймаслик учун Теҳрон душманлари АҚШ орқали ҳаракат қилмоқда.

Августда америкаликлар БМТ Хавфсизлик кенгашига қурол эмбаргоси тўғрисидаги резолюцияни тақдим этишди ва буни Теҳрон Ливан ва Сурияда “Ҳизбуллоҳ” ҳамда бир неча марта маҳаллий ҳарбийлар билан тўқнашувни юзага келтирган Ироқдаги шиа жангариларини қуроллантираётгани билан асослади.

Франция, Германия ва Буюк Британия америкаликларнинг ташвишига шерик, лекин уларнинг таклифини қўллаб-қувватлашмади. Россия ва Хитой АҚШнинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилишини англатди. Ўз навбатида, Эрон маълум қилди: бундай резолюция “ядро битимига” узил-кесил нуқта қўяди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Америка лойиҳасини рад этди. Лекин бир ҳафта ўтиб Давлат департаменти гўёки Эрон томонидан СВПД мажбуриятлари бузилгагини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этди. Бу ерда гап Эрон белгиланган 300 килограмм нормадан юқори бойитилган уран жамғаргани ҳақида бормоқда.

Майк Помпео Вашингтон санкцияларни тўлиқ равишда қайта тиклашини хоҳлашини яширмади. БМТ Хавфсизли кенгашида эслатишди: АҚШ “битим”га риоя қилиш тўғрисида фикр юрита олмайди, чунки ундан чиқиб кетган. Америкаликлар аввалгидек 2231 резолюциясини тасдиқлаганлар орасида борликларини айтиб жавоб қайтаришди. Шунга кўра санкция киритиш ҳуқуқини сақлаб қолишган.

Ва дейишди: СВПДга кўра, агар Эрон устидан келиб тушган ариза бўйича 30 кун ўтиб чора кўрилмаса, санкциялар қайта тикланади. Муҳлат 20 сентябрь куни ўз якунига етди.

Кутиш дипломатияси

“БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгашда консенсус йўқлигини далил қилиб кўрсатиб, Эронга қарши санкцияларнинг қайта тиклашига қарши чиқди. Америка қарорини МАГАТЭ рад этди, Европада кескин танқид қилинди. Вашингтон ҳақоратомуз аҳволга тушиб қолди”, - дея ҳисоблайди МГИМО катта илмий ходими Андрей Баклицкий.

Испытательный запуск ракеты Trident II D5 с подводной лодки Небраска у побережья Калифорнии
U.S. Navy photo by Mass Communication Specialist 1st Class Ronald Gutridge

Шу билан бирга эксперт Америка санкциялари хорижий бизнесни ҳамон қўрқитишини истисно қилмайди. Агар октябрда қурол эмбаргоси бекор қилинса, ҳамма компания ҳам Эрон билан савдо-сотиқ қилишни истамайди. АҚШ босими остига тушиш хавфи устун келади. Лекин шундай бўлганда ҳам Вашингтон ҳаракатлари ҳаддан зиёд бўлиб кўринади.

“Европа қонунчилиги қуро эмбаргосини 2023 йилгача назарда тутади. Шунинг учун халқаро тақиқлар олинса ҳам, ЕИ бу соҳада Эрон билан ҳамкорлик қила олмайди. Россия ва Хитой билан вазият янада қизиқарлироқ. Эронга қурол сота олиши мумкин бўлган бу мамлакатлар компаниялари аллақачон санкциялар остида. Эмбарго олиб ташланган сўнг Теҳрон билан дабдабали битим тузишга уларга ҳеч нарса халақит бермайди. Бу қурол Эронга дарҳақиқат дарҳол етиб келишини англатмайди, лекин АҚШнинг маънавий мағлубияти аён”, - дейди Баклицкий.

АҚШда истиқомат қилувчи халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Рафаэль Саттаров Теҳрон АҚШнинг бир томонлама санкцияларига босиқ муносабат билдирганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати Америкада президент сайловларига қадар вазиятни кескинлаштиришни истамаяпти.

“Ислом Республикаси АҚШга нисбатан ҳар қандай кескин баёнот фақат зарар келтиришини англайди. Трамп дарҳол Эрон билан навбатдаги инқирозни ўз фойдасига қаратади ва босимни кучайтиради. Қолаверса, ҳозир Европа, Россия, Хитой, БМТ – Эрон тарафида. Даҳанаки жангдан маъно йўқ. Бир томонлама санкциялар эмас халқаро тан олинган қонуний кучга эга эмас”, - дея ҳисоблайди Саттаров.

Сўровда иштирок этган экспертлар агар Жо Байден АҚшнинг кейинги президенти бўлса, америкаликлар СВПДга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги фикрга келишди. Лекин Трамп президентлиги даврида Эрон атрофидаги вазият ўзгарди. Шунинг учун “битимга” қайтиш тартиби осон бўлмайди.

299

"Оёғимни ўпасан": Тошкент шаҳрида келинларга қулдек муносабат оммалашган

1168
Тошкентда оиладаги зўравонликдан азият чеккан аёллар учун реабилитация маркази мавжуд. Аслида, бу аёллар ва уларнинг фарзандлари учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажаради. Аёллар бу ерда психологик реабилитациядан ўтадилар, "оёққа туриб", янги ҳаётни бошлайдилар.

Sputnik Ўзбекистон мухбири маиший зўравонликдан жабр чеккан аёлларга ким ва қай тарзда ёрдам кўрсатиши, психологик коррекция қандай кечиши, руҳий тазъйиққа учраган аёл қай тарзда бахтли бўлиб кета олишини билиш учун пойтахтдаги Реалибитация ва мослаштириш маркази директори Гулчеҳра Маткаримова билан суҳбатлашди.

Жестоко избитая супругом жительница Булунгура Зухра Умарова в больничной палате
Фото представлено родственниками пострадавшей

—   Тошкент реалибитация ва мослаштириш марказининг вазифалари, унинг ташкил топиши тарихи ҳақида тўхталсангиз.

—   Тошкент шаҳар аёллар реалибитация ва мослаштириш маркази руҳий ёки жисмоний зўрликка учраган, суицидга мойил бўлган ёки суицидга қўл урган аёлларни руҳан жонлантириш, уларни ҳаётга қайтариш мақсадида очилган. Марказимиз 2018 йил июн ойида мамлакат раҳбари имзоланган фармонга асосан ташкил этилган эди. Бунга ўхшаш марказлар Республиканинг бошқа вилоятларида ҳам фаолият юритмоқда, аммо пойтахтдаги каби шарт-шароитларга эга эмас. Дейлик, ётоқхонаси, озиқ-овқат билан таъминланиши мумкин, лекин кўп ўринли ва хизмат кўрсатувчи кўп штатли ходимлари йўқ.

Бизнинг реалибитация марказимизда ўттиздан ортиқ аёллар ҳамда уларнинг фарзандлари яшаши учун мўлжалланган ўринлар бор. Дунёнинг айрим мамлакатларидаги каби биз бу марказга "Инқироз клиникаси" деб ном қўйганмиз. Ташкил этилиши тарихига келсак, 2000 йилда Европа мамлакатларига бориб, у ерда очилган шу каби шелтерлар фаолияти билан танишиб, бизда ҳам шундай шелтерлар очилиши керак, деган таклифлар билан докторлик ишимни ёзганман. Сабаби, минг афсуски, бизда охирги пайтларда эри уриб, кўчага қувиб солинган ёки ака-укаси томонидан калтакланган, мол-мулк талашиб сарсон бўлган, қайнона-қайнсингиллар томонидан сиғиштирилмаган аёллар кўпайиб кетди.

Sputnik
Центр реабилитации для женщин, город Ташкент

Қолаверса, хотин калтак еса ҳам уйда жим ўтириши керак деган паст тушунча айрим эркакларимизнинг онгига ўрнашиб олгани сир эмас. Умуман, ўзбек менталитетида охирги пайтларда кескин салбий ўзгаришлар юз беряпти. Келинга қулга қарагандек муносабат бизни жамиятимизда илгари бўлмаган. Бугун айниқса, негадир Тошкент шаҳрида келинларга қулга қарагандек қараш хусусияти оммалашган.

Мисол учун, реалибитация марказига келган айрим келинлардан эшитганим: "Оёғимни ўпмасанг уйга кирмайсан” ёки "Эрингни оёғини ювиб, ўша сувни ичсанг сўнг мен сени унга қай даражада содиқлигингга ишонаман", дейдиган қайноналар бор экан. Шу каби ҳар хил ачинарли тақдирлар ҳикоясини эшитасиз ва юрагингиз қандай дош бераётганига баъзан қойил ҳам қоласиз. Кўп ҳолларда эшитган ҳикояларим таъсирига тушиб, ўша муаммоларни тушларимга ҳам кирадиган бўлиб қолди.

Яна шундай аёлларимиз бор-ки, эри фақат бошига, қулоғига ураркан. Сабаби, бош, қулоқ қисмига урса, жойи билинмас, экспертиза қилинганда ҳам аниқлаш қийин кечиб, оқибатда кун келиб одам бош миясида салбий ўзгаришлар юз бериб, жуда тез ўлим топаркан.

Яъни баъзи олифта эркакларимиз борки, "Тушунмадим, нима мен "собственный хотинимни" уролмайманми?", дейди. Ёки "Нега хотинимга ордер бердингиз, оиламга аралашиб мени конституциявий ҳуқуқимни бузяпсиз", деб келади. Эй инсон, нима сенда бор конституциявий ҳуқуқ аёлда йўқми? Афсуски, эркаклар орасида мана шундай - хотинига шахсий мулкка қарагандек муносабат одатга айланиб қоляпти.

—   Эркакларнинг бундай фикрлашларига нима сабаб бўляпти деб ўйлайсиз?

—   Бирламчи сабаб одамларда ҳуқуқий савияси йўқлигида. Масалан, 2019 йил 19 сентябр куни аёллар ва эркаклар гендер тенглиги тўғрисида фармон имзоланган, аммо қонун тарғиботи деярли амалга оширилмаяпти. Гендер комиссиясининг раҳбари бўлганлиги учун Сенат раисининг ўз тарғиб қилиб, комиссия ишини кўрсатишга ҳаракат қиляпти холос, бошқа ташкилотлар эса ухлаб қолганга ўхшайди. Бундан ташқари аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг тарғиботи ҳам деярли амалга оширилмаяпти. Тўғри, тушунаман, ҳозирги пандемия шароитида тарғибот ишларини олиб бориш қийиндир, лекин ҳеч бўлмаганда ОАВ орқали бу ҳақда ҳар куни гапирмасак, бора-бора жамиятимиз парокандаликка юз тутиши ҳеч гап эмас.

Биламиз, оила - жамиятнинг асосий бўғини. Аммо биз ҳақ-ҳуқуқини танимайдиган ёки конститутциясини билмайдиган давлат эмасмиз, дунёвий давлатмиз. Дунёвий мамлакат бўламиз деб дунёга жар солганмиз. Биз БМТга аъзо бўлганмиз, байроғимиз хилпираб турибди Нью-Йоркда...

Аёллар ва болалар бизнинг генофондимиз. Аёллар генофондни дунёга келтириб берувчи, болалар эса бизнинг келажагимиз ҳисобланади. Бугун биз қўрқоқ, нокас ва номард болаларни тарбия қиладиган бўлсак, келажак эртага ана шуларнинг қўлида қоладими?

Яна бир мени ўйлантирадиган ҳолат, бугуннинг реал ҳаёти ва одамлари илгаригидек эмаслигидир. Масалан, бугун келинларга сабр қил десангиз, бориб ўз жонига қасд қиляпти. Уларни дардини эшитадиган ҳеч кими йўқ. Туққан онаси ҳам "ўлигинг борган эшигингдан чиқсин, лекин индама, жим чидаб яша", дея қулоғига қуяди. Бир кун сабри тугаган қиз эса ўз жонига қасд қиляпти, "мана, она, айтганингиздек келин бўлдим, ўлигим шу эшикдан чиқди", деб.  Ўша она вақтида ўз қизининг дардига шерик бўлиб, унга тўғри йўл кўрсатганида, психологга кўрсатиб, уни руҳан ҳаётга қайтарганида, ўша қиз яшаб кетармиди... Бизда нима бўлса ҳамки оилани сақлаб қолиш керак, деган фикр мустаҳкам ўрнашиб қолган.

Тўғри, лекин вазият оғир бўлса-чи? Оилани аёлнинг касалманд ёки калтак еявериб ногирон бўлиб қолиши эвазига сақлаб қолиш керакми? Мана шундай оилаларда болалар қўрқоқ бўлиб катта бўляпти, ҳатто отаси йўталиб қўйса, бечора иштонига сийиб қўядиган даражада қўрқади. Бундай болаларнинг тақдири эртага нима бўлади? Эри уриб, ўлдириб қўйса ҳам чурқ этмай ўтирадими? Ҳатто буюк саркарда Амир Темур "Қул табиатли аёлдан қул фарзандлар туғилади" деб, ўз фарзандлари ва набираларига эркин фикрлайдиган қизларни келин қилган эканлар. Аммо биз-чи, нечанчи асрда яшаяпмиз?

Биз эркин фикрлайдиган аёлни кўрсак, уни бир уриб майиб қилиб қўйяпмиз. Биз маърифатга яъни олдинга интилишимиз керак бўлган бир пайтда нега жаҳолат домига қараб кетяпмиз? Ахир болаларимиз эркин фикрлайдиган шахс сифатида камол топиши керак эмасми? Шундагина ҳар ким ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олади, зўрлик бўлмайди. Ўзини ҳақини талаб қиладиган одам бировнинг ҳуқуқини поймол қилмайди. Биладики, унда бор ҳуқуқ бошқаларда ҳам бор.

Sputnik
Центр реабилитации и адаптации для женщин в Ташкенте

Одамлар космосни забт этяпти, японлар сув остида уйлар, шаҳарлар қуряпти. Биз эса болаларимизга калтак еб, боши ёрилса ҳам жим ўтир деб ўргатяпмиз. Ана шу ожиза аёлларнинг ҳам ҳуқуқи бўлиши керакми?  

—  Пандемия шароитида қандай ишлаяпсизлар? Зўравонликка учраган аёлларнинг қўнғироқлари ҳозир ҳам қабул қилиняптими?

—   Албатта. Аёллар биладики, марказимизнинг суткада 24 соат ишлайдиган 1169 қисқа рақами ишлаб турибди. Ҳозирги кунда молиявий муаммоларимиз бўлганлиги боис, ушбу телефон рақами билан ходимимизни уйда ўтириб ишлаши учун банд қилганмиз. Шунингдек, бошқа ходимлар ҳам ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур бўлиб туришибди. Оқсаб турган томонимиз шу — ҳомийларга муҳтожмиз.

—   Бу бинонинг аввал қандай ҳароб аҳволда бўлганлигини кўрганмиз. Бугун эса бу ердаги шарт-шароитларни кўриб ҳайрон қолдик...  

—   Бунинг учун, Тошкент шаҳар ҳокимидан миннатдормиз. Бинони бутунлай таъмирдан чиқариб, моддий техник базасини яратиб беришда ўз ёрдамини аямади. Бундан ташқари бир қанча ҳомийларни топиб беришди, улар ёрдамида марказимиз кўплаб тазйиққа учраган, уй-жойсиз қолган аёлларга ёрдам берди. Кўплаб оилаларнинг муаммосига қулоқ тутдик, улар яраштирилди,  уйсиз юрганларга туман ҳокимликлари билан келишиб уй-жой қилиб берилди. Масалан, Чилонзор туман ҳокимиятининг ёрдами билан уч-тўрт аёл бошпанали бўлди. Унгача бўлган вақтда аёллар бизнинг реалибитация марказимизда икки ярим ой давомида яшаб туришди. Олмазор туманидан келган аёл ҳам уй масаласи ҳал бўлгач чиқиб кетди. Марказимизда яшаёган пайтда улар билан тиббиёт ходимлари, психологлар ишлади. Чилонзор туманида жойлашган хусусий клиникалар ҳам пул тўлашга имкониятимиз бўлмаган пайтда аёлларни текинга даволаб, биздан ўз ёрдамини аяшмади. Қолаверса, ойлик маошсиз бўлсада фидойиларча ишлаётган марказимиз ходимларига ҳам бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

— Реалибитация маркази қандай тоифадаги аёлларни ўз ҳимоясига олади? Масалан, кўчадан тўсатдан кириб келган аёлларни ҳам қабул қилаверасизларми?

— Ҳар қандай зўравонликка дучор бўлган, тазйиқ кўрган аёл мана шу марказга келиб яшашга ҳақли. Кўчадан тўсатдан кириб келиб қолса ҳам қабул қилаверамиз. Биласизми, агар аёл кишининг руҳий ҳолати соғлом бўлса, ҳеч қачон бунақа жойга бош эгиб келмайди. Баъзилари телевидение орқали эшитиб, кўриб топиб келдим дейди, баъзилар телеграм канали орқали...  Айримларнинг эри, ота-онаси ёки яқин қариндоши бошлаб келади. Биз уларни кўриб, муаммосини эшитиб олиб қолаверамиз.

—  Ушбу марказга ўз хоҳиши билан нажот истаб келувчи аёлларнинг орқасидан яқин қариндошлари, дейлик оила аъзолари жанжал кўтариб келган ҳолатлар ҳам бўлганми?

—   Бўлган, ҳатто қайноналардан бири келиним мана шу ерда ётганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам ёзиб беринг, дея тўполон қилиб келган. Бу ерни баъзилар жиннихона деб ўйлашар экан. Баъзилар эса келини ёки хотинини шу ерга сўраб келиб, улар ҳақида маълумот сўраб келган. Аммо бу марказда тартиб шунақаки, аёллар илк келган кунида ўзини бизга ким деб таништирган бўлса биз уни шу ном билан қабул қиламиз, у ҳақдаги барча маълумотлар сир сақланади, ҳеч кимга ошкор қилинмайди. Бу бўйича ходимларнинг ҳар бири огоҳлантирилган ва ҳар биридан тилхат ёзиб олинган.

— Реалибитация маркази бугунги кунда нечта аёлларга ёрдам бера олди?

—  2020 йилнинг январидан 1-сентябр ойигача зўрлик ишлатишда жами жабр кўрган аёллар 4615 тани ташкил этган. Бир йил ичида олти мингдан ортиқ аёллар биздан психологик ва ҳуқуқий ёрдам олишди. Бундан ташқари 2019 йилнинг сентябр ойидан  жорий йилнинг феврал ойи охиригача бўлган давр ичида Тошкент шаҳрида суицид ҳолатларининг йигирма  фоизга камайганлигини кўришимиз мумкин. Чунки бугунгача 212 та суицидал одам шу ерга келиб ётиб, суицид ҳолатидан чиқиб, ўзига қайтган ҳолатлар бўлди.  

—  Реалибитация марказида одатда аёллар қанча муддатда олиб қолинади?

—  Қонун жиҳатидан олиб қарасак, беш кундан бир ойгача бўлган муддатда аёллар ушбу марказда олиб қолинади. Айрим аёллар бор, уларнинг муаммоси тез ҳал бўлиб, руҳан тикланиб ўз ўрнини топиб кетади. Айримлар бор, уларни ҳаётга қайтариш, муаммоларини ҳал қилиш учун ойлар керак бўлади. Биринчи галда бу ерда қанча муддат қолишлари уларнинг ўзларига ҳам боғлиқ. Яна баъзи ҳолларда руҳий ҳолати яхши, аммо яшашга жойи йўқ аёллар ҳам бизга келиб туради. Биз уларни марказимизда олиб қолиб, улар билан ишлаймиз, ҳокимликларга хат билан чиқиб уларга арзонроқ уй-жой сотиб олишларига ёки бошқа ҳуқуқий масалаларда муаммоларини ҳал этишларига амалий ёрдам берамиз.

—  Ҳомий бўлмаган пайтда бу ерда яшовчиларнинг яшаши, озиқ-овқатини қандай эплайсизлар?  

—   Баъзи аёлларни инспекторлар ёки маҳалла идоралари ходимлари олиб келади. Улардан ўша вақтдаёқ аёлни боқиш учун озиқ-овқатини олиб келиб беришларини илтимос қиламиз. Бундан ташқари депутатлар, ички ишлар ходимлари бир ҳафта ўн кунлик муддатга етадиган бозор-ўчар қилиб, ташлаб кетишади. Ошпаз йўқлиги боис, бу ерда аёлларнинг ўзлари орасида овқатни мазали тайёрлайдиганини ошпаз қилиб сайлаб олишади, қолганлари бошқа ишларни ўзаро бўлиб олиб, навбатма-навбат бажаришади. Қолаверса, марказда ишлаётган ходимларнинг бари егуликлар, ўйинчоқлар, болалар бўтқаси, памперс ёки кийим-кечакларни ўз уйидан ташиб келишади. Шунингдек, яқин атрофдаги маҳаллада яшовчи қўшнилар ўз ёрдамини аяшмайди. Ҳозирги кунда ҳомийсиз, танг бир аҳволда қолган бўлсак-да, фидойи инсонларнинг борлиги менга куч-қувват бағишлаб турибди.

1168
Выступление президента Узбекистана Шавката Мирзиёева на 75-й сессии Генассамблеи ООН

Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқиши: асосий фикрлар

26
(Янгиланган 19:38 23.09.2020)
Ўзбекистон президенти БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этди ва қатор таклифларни илгари сурди.

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади.

Қуйида Ўзбекистон етакчисининг асосий фикрлари ва таклифларини келтирамиз.

Дунёни ўзгартирган коронавирус

Мирзиёев ўз чиқишида коронавирус пандемиясига алоҳида тўхталиб ўтди ва бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаганини таъкидлади.

У Барча ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англаганини қайд этди.

“Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини,  саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир”, - деди Мирзиёев.

Президент Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Гендер тенглик, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлик

Мирзиёев бугунги кунда мамлакатдаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганини баён қилди ва ўтган йили Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этганини таъкидлади.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мамлакат учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий  ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.

Президент БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилганини эслатиб ўтди.

“Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, - деди у.

Коррупцияга қарши курашиш, ёшлар келажаги

Мирзиёев мамлакатда коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилганини таъкидлади ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикада ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда.

Август ойида БМТ шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди.

У Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бундан ташқари, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Марказий Осиё, транспорт йўлаги, форум

Мирзиёев ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бераётганини қайд этди. Минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришилди.

Унинг фикрига кўра, бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.

Президент Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этди.

Ўзбекистон БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдори.

Мирзиёев 2021 йилда  ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Афғонистон масаласи

Мирзиёев мамлакат Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишини таъкидлади ва жорий йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокаралари жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишига умид билдирди.

Ўзбекистон етакчиси БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарурлигини қайд этди.

Орол фожиаси

Мирзиёев глобал иқлим ўзгаришлари Марказий Осиё тараққиётига ҳам  катта хавф туғдираётганини таъкидлади ва дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди.

Президент Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Унинг фикрига кўра, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди.

Қашшоқликка қарши биргаликда курашиш

Давлат раҳбари ўз чиқишида жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтираётганига эътибор қаратди.

Бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчани безовта қилиши зарур.

Мирзиёев қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммит ўтказишни таклиф этди.

26