Шавкат Мирзиёев и Мун Чжэ Ин

Ўзбекистон учун курашда нега Жанубий Корея ғолиб чиқди

1978
(Янгиланган 15:57 28.11.2017)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада ўзининг энг узоқ давом этган давлат ташрифини амалга оширди. Тўрт кун давомида президент бошчилигидаги ўзбек делегацияси Жанубий Кореяда қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 60дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди

ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Нима учун Жанубий Корея Ўзбекистоннинг азалий ҳамкорлари – Россия ва Хитойни суриб чиқарди ва АҚШдан ўзиб кетди – бу ҳақда Sputnik мухбири мулоҳаза юритади

Оқилона мўлжал

Жанубий Кореяга ташриф Шавкат Мирзиёев учун илк хорижий сафар эмасди. Президент бунга қадар минтақадаги асосий геосиёсий иштирокчилар – Россия, Хитой, АҚШ ва Туркияга ҳамда минтақа давлатлари – Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистонга ташриф буюрганди. Барча ташрифлар давомида миллиардлаб долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, савдо ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Аммо бу келишувларни илгаридан кутилган деб айтиш мумкин. Кўплаб ҳужжат имзолашни хуш кўрадиган Хитой ўз пулларини Ўзбекистон орқали ўз ишлаб чиқаришига қайта инвестиция қилишни кўзлаган. Масалан, Хитой компаниялари кичик ва ўрта ГЭСлар қурилиши билан шуғулланмоқда, геологик разведкани фаоллаштирмоқда, қурилиш материаллари, кимё ишлаб чиқариши соҳасида қўшма корхоналар ташкил этмоқда, "Хавфсиз шаҳар" тизими унсурларини яратмоқда.

Бунда бир нарсани тушуниш муҳим, ўзбек ҳукумати Хитойнинг юмшоқ иқтисодий истилосига эҳтиёткорона ёндошади ва шеригининг келажакда хўжайинга айланиб қолмаслиги учун ҳамкорлик йўналишларини ўзи белгилайди. Бундан ташқари, Хитой халқаро майдонда, хусусан, қўшнилар билан низоларда ўзини фаол намоён қилмоқда, Ўзбекистон эса ўзгаларнинг жанжалига аралашмасликни маъқул кўради.

Республика Россия билан муносабатларда янги уйғониш даврини бошидан кечирмоқда. Лекин ижобий ўсишни эътироф этган ҳолда яна бир нарсани қайд этиш жоиз, шимолдаги "катта оға"нинг ҳам ўз ташвишлари етарли. Шу боис у Ўзбекистонга зарур даражада восита ва эътибор ажрата олмайди. Бундан ташқари, Россияга ташриф давомида имзоланган аксарият шартномалар ортида давлат эмас, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россиядаги бизнесменлар турибди.

Жанубий Корея бу борада молиявий имкониятлар ва умумий менталитет ажойиб тарзда қоришган, кўплаб ижобий жиҳатларга эга бўлган мамлакат ҳисобланади.

Биринчидан, бу давлат Хитой, Россия, АҚШ ва Туркия каби глобал геосиёсий мақсадларни кўзламайди. Тўғри, кореяликларнинг ўз миллий манфаатлари мавжуд, лекин улар бошқа давлатларнинг ишларига аралашишмайди, дунёда яккаҳоким бўлишга ёки бошқа мамлакатларни иқтисодий қарам қилишга интилишмайди. Бу эса Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов миллий миқёсдаги стратегик лойиҳаларни амалга оширишни ишониб топширган ягона давлат нима учун айнан Жанубий Корея бўлганлигини тасдиқлайди. Каримов ҳамкор танлашда қанчалик эҳтиёткор бўлганлигини эса узоқ вақт давомида калта арқонда тутиб турилган ўша Туркия, Россия, АҚШ ва Хитой яхши билади.

Энг аввало модернизация

Жанубий Корея бугунги кунда Ўзбекистоннинг нафақат асосий инвесторларидан бири, балки миллий иқтисодиёт ва давлат бошқаруви тизимини замонавийлаштириш ва рақамлаштиришдаги етакчи ҳамкори ҳамдир.

Айнан Жанубий кореялик экспертлар мамлакат "электрон ҳукумати"ни қуришни бошлашганди ва бу ишни давом эттиришмоқда. Корея давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирининг биринчи ўринбосари Ким Нам Сок тўрт йил давомида республикада ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари сифатида, яна бир эксперт Ли Чул Су эса Тошкент ахборот технологиялари университети проректори сифатида фаолият кўрсатди.

Яқинда эса янги тайинловлар ҳақида маълум қилинди. Корея персонални ривожлантириш институти президенти Ким Ён Се Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фахрий маслаҳатчиси бўлди, эксперт Жунг Сонг Чои эса қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди.

Буларнинг барчаси эса ўзбек ҳукумати кореяликларни давлат бошқарувининг асосий бўғинларига киритишдан қўрқмасликларини билдиради. Ва бу ҳамкорлик янада мустаҳкамланади, зеро айнан LG CNS Uzbekistan Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ўзбек жамияти ҳаётининг турли соҳаларини рақамлаштиришни модернизация қилиш бўйича қатор стратегик лойиҳаларни амалга оширади.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2016 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар алмашув ҳажми бир миллиард доллардан ошди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги давлатлар билан товар алмашувида Ўзбекистоннинг ҳиссаси деярли 50 фоизни ташкил этади.

Жанубий Корея албатта барча молиявий ресурсларини бутун дунё бахтли бўлиши учун сочиб ташлашга тайёр хайрия ташкилоти эмас. У Ўзбекистонда нафақат ўз маҳсулотларини минтақа ва унинг ташқарисида сотиш учун таянчни, балки жадал Корея иқтисодиёти учун зарур хом ашё ресурслари ва ишчи кучини ҳам кўради.

Шу боис кореяликлар Ўзбекистонда кремний ва вольфрам конларида иш олиб боришмоқда, техник кремний ишлаб чиқариш бўйича иккита заводни ишга туширишди,"Саутбай" кони негизида вольфрам қазиш билан шуғулланадиган МДҲдаги энг йирик мажмуани қуришмоқда. Мирзиёевнинг ташрифи натижалари орқали кореяликлар янги лойиҳаларга эга бўлишди. Улар нафақат янги майдонларда нефт ва газ қидириш билан шуғулланишади, балки стратегик олтин конларини ўрганиш ва ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланишади.

Бундан ташқари, ўзбек уранини етказиб бериш бўйича ҳам савдо келишуви имзоланди. Томонлар келишув тафсилотларини маълум қилмади, лекин шуниси аниқки, у узоқ муддатли шартнома ҳисобланади. Ўзбекистон замонавий нефт-газ саноатининг яловбардори – Жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини ҳам унутмаслик лозим.

Меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорлик ҳам томонлар учун муҳим саналади. Ўзбекистон Жанубий Кореяга меҳнат мигрантларини жўнатиш ҳуқуқига эга кам сонли давлатлардан бирига айланган. 2007-2017 йилларда эркин ёллаш тизими бўйича 27 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатга ишга жўнатилган. Ҳозирда Жанубий Кореяда 16,5 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқда.

Кореяликлар Тошкент марказида қиймати 1,4 миллиард долларлик инновацион шаҳарча барпо этиши ҳам кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 60 гектардан ортиқ майдонда улкан мажмуа бунёд этилади. Бу ерда хусусан, юқори технологиялар асосида замонавий офис ва тураржой бинолари, кўнгилочар-савдо майдонлари қурилади.

Яна бир улкан лойиҳа эса минтақа ва МДҲ давлатлари бозорларини қамраб олиши режалаштирилган янги автомобиль заводи қурилишидир. Республикада Hyundai автомобиллари туркум ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Заводда кичик, ўрта ва оғир ҳажмдаги юк машиналари, шаҳар ичи, шаҳарлараро ва туристик автобуслар, махсус автомобиллар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этади.

Маданий йўналиш

Ўзбекистон тақдир тақозоси билан кўплаб кореяликларнинг ватанига айланганлиги ҳам икки давлатнинг мустаҳкам муносабатларида ўзига хос аҳамиятга эга.

Ўзбекистон равнақида кўп сонли корейс диаспораси ҳам муҳим ўрин тутади, диаспора вакиллари орасида республиканинг ҳар икки палатаси аъзолари бор, давлат тузилмасидаги юқори лавозимларда ишлаб келишмоқда. Масалан, Валерий Тян Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясини 15 йил давомида бошқарди, Агрепина Шин эса яқиндагина ташкил этилган Мактабгача таълим вазири этиб тайинланди. Умуман олганда, МДҲда энг йирик корейс диаспораси республикада бўлиб, уларнинг сони 180 минг кишидан ортиқ ва сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради.

Бу факт маданий-гуманитар алоқалар ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Тошкентда Жанубий Кореянинг етакчи олий ўқув юртларидан бири – Инха университети фаолият кўрсатмоқда. Келгусида яна бир нечта – Инха университети Тиббиёт мактаби, Йожу технология университети ва бошқа ўқув даргоҳлари очилиши режалаштирилган.

1978
Мавзу:
Корея яриморолидаги вазият: зиддият, келишув, тинчлик сари йўл (84)

Вирусолог COVID-19га қарши вакцина синови қандай ўтаётгани ҳақида сўзлаб берди

237
(Янгиланган 13:18 26.05.2020)
Вирусолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анатолий Альтштейн Sputnik радиоси эфирида COVID-19га қарши вакцина синови қандай ўтиши хусусида сўзлаб берди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н. Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий илмий тадқиқот маркази ходимлари ўзларида COVID-19га қарши вакцинани синаб кўришди. Бу ҳақда марказ директори Александр Гинцбург маълум қилган эди.

Вирусолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анатолий Альтштейннинг Sputnik радиосига берган интервьюсида маълум қилишича, вакцинани уни яратувчилар томонидан ўзларида синаб кўрилиши нормал ҳолат саналади.

“Вакцина ишлаб чиқарилмоқда ва ишланманинг катта қисми аллақачон якунланган. У ҳайвонларда синаб кўрилди. Вакцина яратувчилари уни ўзларида синаб кўришлари бу нормал ҳолатдир. Бу ҳеч қандай тартиб назарда тутилмаган, бу шунчаки этика одати”, - дейди у.

Профессорнинг сўзларига кўра, тиббиётда янги вакцина яратиш бу камдан-кам кузатиладиган ҳодиса. Хатарларни баҳолаш бу каби вакциналарни одамларда қўллаш тажрибасига ва ҳайвонларда синалган натижаларига боғлиқ. Ушбу турдаги вакциналар ҳақида билимлар яратувчиларга бу синовларни минимал хавф билан амалга оширишга имкон берган.

237

АҚШлик миллиардерлар долларларни шошилинч олтинга алмаштирмоқда

849
(Янгиланган 13:11 26.05.2020)
Банк таҳлилчиларининг фикрига кўра, дунё валюталарининг оммавий девалвацияси ҳолатида доллар оҳирги бўлиб зарар кўради ва бу мантиқан тўғри ҳам, аммо барибир мижозларга олтинга ишора қилишмоқда.

Уолл-стритнинг баъзи титанлари бўлмиш Американинг молия бозорларида бойлик орттирган йирик миллиардер-сармоядорлар АҚШ иқтисодиёти коронавирусдан қанчалар зарар кўрганидан қаттиқ ташвишда. Америкалик миллиардерлар одатда ватанпарварлик ва юқори даражадаги оптимизм билан ажралиб туради, чунки бу уларнинг ижтимоий мавқеига нисбатан ўзига хос мажбуриятдир, аммо, юқорида ёзганимиздек, улар ҳозир анча тушкун аҳволда ва ўз мамлакатининг ёрқин келажагига, ҳеч бўлмаганда яқин истиқболда, анчагина шубҳа билан қарамоқда, деб ёзади РИА Новости муаллифи.

Аммо ҳозир, қайғуга ва баъзан ваҳимага тушган миллиардер-молиячиларининг қаторига ўз мижозларига хавф-хатарларга монетар эмас, балки иқтисодий нуқтаи назардан эътибор қаратишга маслаҳат бераётган банкирлар ҳам қўшилишди. Федерал захира тизими ва унинг доллар босма ускунасининг иқтисодий инқирозга қарши кураши муваффақиятли кўринганига қарамай, Американинг JPMorgan ва Goldman Sachs каби нуфузли банклари ўз мижозларига долларларга эмас, балки олтинга инвестиция қилишни тавсия қилишни ҳохламоқдалар.

Ва гап сариқ металл тўсатдан қандайдир даражада ўта жозибадор бўлиб қолганида эмас (унинг физик хусусиятлари ва “барқарор валюта” сифатида тан олиниши – муддатсиз кўрсаткич), балки коронавирус баҳонасида глобал иқтисодиётни рағбатлантириш учун мисли кўрилмаган чора-тадбирлар фонида, шунингдек, кейинги йилларда бутун дунё яшашига тўғри келадиган шиддатли геосиёсий нотинчлик шароитида, Америка банкирлари учун Америка президентларининг портретлари чизилган яшил қоғозлардан кўра олтин заифсизроқ кўринади.

Bloomberg бизнес ахборот агентлиги чоп этиган JPMorgan банкининг аналитик тадқиқотида бутун дунё валюталарига нисбатан бундай муносабатнинг энг янги намунаси келтирилган: "JPMorgan Chase & Co. фикрига кўра, дунёда мисли кўрилмаган пул ва молия чоралари, янада суст узоқ истиқболли ўсишга ва  олтин нархини қўллаб-қувватлаган холда, валюта қадрсизланишига олиб келади "

Банк таҳлилчиларининг фикрига кўра, дунё валюталари оммавий девалвацияга дуч келиши шароитида доллар сўнгги навбатда зарар кўради, ва бу мантиқан мос, аммо улар мижозларга асосий актив сифатида долларни эмас, балки ушбу ёқимсиз сценарийда юқори даражадаги қийматни сақлаб қоладиган олтинга ишора қилишмоқда. Банк гапириб ўтган мисли кўрилмаган молиявий ва кредит чора-тадбирлар бу айнан Ғарб мамлакатларининг бюджет танқислиги ва ҳукумат қарзи даражасининг пасайиб кетиши кўринишидаги қийинчиликларида иқтисодларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Ажабланарлиси шундаки, Ғарбнинг илғор иқтисодчилари бу чоралар ҳеч қандай жиддий салбий оқибатларга олиб келмаслигига ишонишади. Бироқ, банкирлар ушбу баҳога яққол қўшилмаслигини кўрсатмоқдалар.

Дарвоқе, Американинг яна бир нуфузли банкида, март ойининг охирида, олтин ҳозирга қараганда ўн фоизга арзонроқ бўлганида, сариқ металлга сармоя киритишга катта қизиқиш уйғонди. Унди Financial Times очиқчасига шундай ёзди: " Goldman Sachs мижозларига олтин сотиб олиш вақти келганлигини айтмоқда".

Таъкидлаш жоизки, банкирлар нафақат инфляцион, балки доллар ва Америка молия тизимининг заифлиги билан боғлиқ геосиёсий хавфларни ҳам кўрмоқда. Худди шу JPMorgan шуни таъкидламоқдаки, ҳозирда АҚШнинг халқаро майдондаги рақобатчилари ва рақиблари молиявий секторда Америка гегемонлигига таҳдид солувчи технологик имкониятларга эга.

Блоомберг доллар ва санкцион таҳдидлар баҳолашларига иқтибос келтиради: "JPMorgan Chase & Co. га кўра, марказий банкнинг рақамли валюталар ғояси кучайиб боргани сари, АҚШ ҳам ушбу вазиятга эътибор қаратиши керак – акс ҳолда улар геосиёсий ҳукмронлигининг асосий жиҳатини йўқотиш хавфи остида қолади. "Рақамли валютанинг вайрон қилувчи потенциалидан АҚШдан кўра ҳеч қайси мамлакат кўпроқ йўқота олмайди", - дея таъкидлашади ўз таҳлилий ҳисоботида фоиз ставкалари стратегияси йўналиши раҳбари Джош Янгер ва Америка иқтисодиёти бўйича банк етакчи мутахассиси Майкл Фероли. Хамма нарса биринчи навбатда АҚШ доллар гегемонияси атрофида айланмоқда. Халқаро савдо ва хизматларда ишлатиладиган халқаро захира валютаси ва алмашинув воситасининг чиқарилиши катта авзалликларни беради".

Банк таҳлилчилари эслатади, агар Хитой ва Европа Иттифоқи "рақамли юан" ва "рақамли евро" технологияларини (яъни мавжуд валюталар эквиваленти, аммо анъанавий банк тизимидан ташқарида ишлайдиган - маълум марказий банк ёки уларнинг ваколатли тузилмалари базада мавжуд бўлган электрон ҳамёнларга асосланган ҳолда ишлайдиган) яратишда муваффақият қозонса, Европа Иттифоқи ҳам, Хитой ҳам халқаро савдода долларларни сиқиб чиқариш учун жиддий ҳаракатлар қилишлари хавфи мавжуд. JPMorgan таҳлилчиларининг таъкидлашича, ҳатто бундай рақамли валюталарнинг SWIFT тизимига эҳтиёжи йўқлиги (ундан узиб қўйишни АҚШ геосиёсий рақибларга қарши санкция сифатида ишлатади), бу Американинг сайёрадаги молиявий устунлигига катта муаммодир. Таъкидлаб ўтамиз, ушбу сценарийда нафақат Вашингтоннинг дипломатияси имкониятлари, балки долларга бўлган талаб ҳам зарар кўради. Гарчи АҚШ иқтисодиёти (сотиб олиш қобилияти паритети бўйича, 2019 йил учун Statista маълумотлари) дунё иқтисодиётининг атиги 15 фоизини ташкил этади, доллар эса халқаро савдонинг ярмидан кўпида ишлатилди, АҚШ валютасига бўлган талаб "табиятан асосланган" паст нуқтасигача етгунича анча узоқ пасайиб боради. Бу муаммо эртагаёқ рўёбга чиқади дегани эмас, лекин агар "рақамли" евро ва юань таҳдиди Американинг йирик банкининг эътиборини жалб қилган бўлса, демак, бу ерда муаммо борлиги шубҳасиз ва у анчагина жиддийдир.

Тақдирнинг истеҳзоси: келажакда дунё инфляцион зарбасидан энг кўп зарар кўриши мумкин бўлганлар (яъни оддий америкаликлар ва бошқа мамлакатлардаги ўз омонатларини долларда сақлашни ёқтирадиганлар) хавфлар ҳақида оҳирги навбатда билиб қолишади. Forbes нашри Goldman Sachs бадавлат мижозлари билан "инфляция, олтин ва биткоин" мавзусида махсус селектор мажлисини ўтказаётганини маълум қилди, аммо оддий одамлар учун бу йиғилишга қўнғироқ қилиш имкони ёпиқ.

Бироқ, АҚШнинг кўплаб геосиёсий рақибларига америкалик банкирларга қулоқ солишлари шарт эмас - улар ўзлари барча хавфларни олдиндан ҳисоблаб чиқдилар. Шу сабабли Америка босмахонасининг "вирусли" ишга туширилиши ва "рақамли юан" билан Хитойнинг биринчи тажрибалари билан, марказий банклар, шу жумладан, ҳатто АҚШнинг баъзи иттифоқчиларининг марказий банклари ҳам олтин сотиб олишни ёки чет элларда сақланадиган қуйма олтинни репатриация қилишни бошладилар. Жаҳон молиявий тизимининг қайта созланиши қачон ва қайси шаклда юз беришини олдиндан айтиш қийин, аммо йирик геосиёсий иштирокчилар аллақачон бундай қайта созлашларга фаол тайёргарлик кўраётганликларига ҳеч ҳам шубҳа қилиб бўлмайди.

849
Диёр Имамходжаев назначен исполняющим обязанности генерального директора Профессиональной футбольной лиги (ПФЛ)

Диёр Имомхўжаев ЎзПФЛ бош директори этиб тайинланди

0
Диёр Имомхўжаев бунга қадар бош директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

ТОШКЕНТ, 27 май — Sputnik. Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизовнинг тақдимига биноан ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси томонидан бош директор вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

У бунга қадар ПФЛ бош директори ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

2019 йил июнь ойидан буён ПФЛга раҳбарлик қилиб келаётган Даврон Шоқурбонов эса 25 май куни ўз аризасига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

0