Флаг Узбекистана

Ўзбекистон бир нечта иқтисодий майдонларда ўйнамоқда эксперт

2073
Иннокентий Адясов
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш истагини аниқ ва равшан тушуниш мумкин.

Тошкент ва Хитой

2017 йил якуний ҳолатига кўра, Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари миқдори 7,6 млрд долларни ташкил қилди. Дастлабки маълумотга қараганда, 2018 йилда бу рақамга Жанубий Корея ҳам яқинлашиб қолади.

Расмий Пекин ва Тошкент ўз муносабатларини "булутсиз" деб атамоқда. Муҳим деталлар: бутун дунёда Хитой билан иқтисодий алоқалар жуда кучли характерга эга: Пекин ҳар доим ва ҳар ерда ишлаб чиқарган маҳсулотлари ва технологияларини сотган жойда ўзинг молиявий маблағларини киритади.

Бундай тажриба ўзбек иқтисодиётининг ривожланишига ёрдам бермайди. Истиқболда эса давлатни Хитойнинг хом ашё қўшимчасига айлантириб қўяди. Тошкент ҳам албатта Хитойнинг монополиясидан қандай қочиш кераклигини ўйламоқда.

Тошкент ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи

Табиийки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан муносабатларга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий шериклари қаторига Россия ва Қозоғистон киради.  

Тошкентнинг стратегик мақсади тушунарли – бу Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозорида ўзбек маҳсулотларининг божсиз киришига эришиш.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Тошкент яқин вақтларгача қаттик протекционизм позициясида турган ва барча чоралар билан ўзининг бозорини учинчи давлатлар, шу жумладан, МДҲ давлатлари экспортидан ҳимоя қилиб келган. Россия маҳсулотлари ҳам жиддий импорт божларига тушган.

Бироқ сўнгги вақтларда, Ўзбекистон қатор божхона чекловларини бекор қилди, бу эса, мисол учун, Россиядан қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб бериш ҳажмининг сезиларли даражада кўпайишига олиб келди. "Росспецмаш" маълумотига кўра, ярим йилда бу кўрсаткич 7,6 бараварга ортди.

Энди Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан эркин савдо зонасини тузмоқчи. Бироқ бу ғояга муносабат ноаниқ.

Қозоғистон бунда эркин иқтисодий зона Ўзбекистон ҳудудидан Хитой товарларини реэкспорт қилиниши мумкинлигидан қўрқмоқда.

Бу бўйича Россия ва Беларусда саволлар бор. Бу уларнинг ўз автосаноатини ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Ўзбекистонда йиғилган автомашиналар нафақат Россия Автоваз машиналарига балки Беларусда йиғилган  Geely автомашиналарига ҳам бевосита рақобат қилиши мумкин.

Шунинг учун ягона эркин иқтисодий зонани ташкил қилиш масаласи ҳозирча ноаниқ муддатга  қолдирилди.

Умуман олганда, Ўзбекистон билан бўлган ҳолат Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан бошқа собиқ совет давлатлари билан муаммоли алоқаларни тасвирлаш учун жуда яхши мисолдир.

Ҳозир Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўзининг келгусида кенгайиши ҳақида гап очмаяпти. Бироқ бу йил Молдовага Евроосиё Иттифоқи кузатувчи-давлати мақоми берилди. Лекин олдиндан айтиб ўтиш керакки, бундай мақом  Низомда назарда тутилмаган ва бу қарор кўпроқ сиёсий хусусиятга эга.

Бундай имконият Ўзбекистон учун кўриб чиқиш мумкинми? Жуда қийин.

Ўзбекистон иқтисодиёти Молдованикидан анча катта, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўз ички талабларини амалдаги Ўзбекистон қонунлари билан уйғунлаштириши анча қийин бўлади.  

Евроосиё иқтисодий комиссияси келишувлар жараёнига ғарқ бўлиб қолиши мумкин.

Тошкент ва Афғонистон

Бироқ Ўзбекистон вақтни аниқ бой бермаяпти. Тошкент ва Қобул давлатлари ўртасида эркин савдо режимини яратиш, Афғонистон инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш ва чегараолди ҳамкорлигини ривожлантириш  имкониятини муҳокама қилишмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги иқтисодий дастур доирасида Тошкент Афғонистонга бозор ва транзит ҳудуди сифатига қарамоқда.  

Бу ерда иккита муоммо бор: Қобулнинг барча қарорлари у ёки бу тартибда Вашингтон билан келишилади, амалда айнан АҚШ бу эркин иқтисодий зона тақдирини ҳал қилади. Иккинчиси: НАТО кучлари давлатни тарк этгач, Афғонистоннинг иқтисодиёти тақдири қандай кечиши тушунарсиз. Хаос бошланиб, Ўзбекистон инвестициялари йўқолиб қолмасмикан?

Тошкент бу хатарларни яхши тушунадиган кўринади.

Тошкент ва Эрон

Ўзбекистон ва Эрон ўртасида эркин иқтисодий зона лойиҳаси ўзаро манфаатли бўлиши мумкин. Лекин бу ташаббус ҳақида расмий равишда эълон қилинмади.

Бу давлатлар бир-бирига нима билан қизиқ бўлиши мумкин?

АҚШнинг янги санкцияларига тушган Эрон учун Осиё бозорларига ўтиш жуда муҳим. Теҳрон Марказий Осиё бозорларида бир пайтлар анча барқарор позицияларга эга бўлган. Бироқ охирги вақтларда сезиларли даражада бўшашиб қолди. Бу биринчи навбатда Хитойнинг иқтисодий фаолиги билан боғлиқ.

Тошкент учун Форс кўрфази бозорларига чиқиш муҳим бўлгандан кейин, Эрон билан ҳамкорлик қилмасдан буни амалга ошириш иложиси йўқ. Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўман; Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон  ҳамда Афғонистон транспорт йўлининг ривожланишида Эрон асосий давлат бўлиб қолмоқда.

Эрон томони илгарироқ Хаф – Ҳирот темир йўли қурилиши якунига барча кучларни таклиф қилганлигини алоҳида урғу берганди. Ушбу темир йўл Мозори-Шариф-Ҳирот линияси давоми бўлиб, нарх камайиши ва етказиб бериш муддатлари қисқариши ҳисобига минтақа давлат ўртасида товар ташиш ҳажмини сезиларли даражада кўпайтиради.  

Шунингдек, Тошкент ёқилғи-энергетика тармоғига Эрон инвестицияларини кутмоқда. Бу Россиянинг “Лукойл” корхонаси фаолиятига рақобат қилиши мумкин.

Ҳар иккала томонда ўзаро қизиқиш бор. Бироқ бу лойиҳага тўсқинлик қилувчи объектив сабаблар ҳам мавжуд.

Биринчида, Эроннинг ўзидаги иқтисодий вазият. Трамп маъмуриятининг Эрон ядровий дастури тўғрисидаги олти томонлама битимдан чиқиши мамлакатда иқтисодий инқирознинг янги тўлқинини келтириб чиқарди – маҳаллий валюта икки бараварга тушиб кетди. Озиқ-овқат маҳсулотлари кескин қимматлашди. Бу эса аҳолининг оммавий  норозиликларига олиб келди.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Эронда умумий чегара йўқ. Алоқалар фақат Афғонистон ва Туркманистон орқали бўлиши мумкин. Ашхобод билан Тошкентда эса қатор келишмовчиликлар мавжуд.

Хусусан, сўнгги ойларда Тошкент Туркманистонда ўзбек жамияти муаммоларига эътиборни қаратди. Ўзбекистон телевидение орқали ушбу мамлакатдаги иқтисодий инқироз ҳақида бир нечта репортажлар намойиш қилди. Ашхобод протест келтирди.  

Бироқ энг муҳими, Туркманистон Эрон билан умумий чегарага эга бўлган Марказий Осиёда ягона бўлган афзалликларни йўқотишни истамайди.

Шунинг учун яқин келажакда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида эркин иқтисодий зонани яратиш ғояси амалга оширилиши даргумон.

Бироқ айнан шу ерда Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан манфаатлар кесишувини топиш мумкин. Ушбу ташкилот эркин иқтисодий зона ташкил этиш бўйича Теҳрон билан бир неча марта музокалар ўтказди. Евроосиё иқтисодий иттифоқида Ўзбекистондан фарқли улароқ Арманистон орқали умумий ва денгиз бўйича Каспий орқали Эрон билан чегарага эга.

2073