Президент Республики Белоруссия Александр Лукашенко. Архивное фото

Лукашенко Ўзбекистонга келади: бу шунчаки “қуруқ” келиб-кетиш бўлмайди

1671
Беларус Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида асосий ҳамкорлардан бири сифатида эътироф этиб келган. Аммо президент Шавкат Мирзиёев сиёсати туфайли ушбу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Беларус президенти Александр Лукашенко 12 сентябр куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади.

Лукашенконинг ташрифидан муддао нима, деган саволга жавоб беришдан олдин икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатига назар ташласак.

Беларус элчихонаси фаолиятига 5 ой тўлди

Ўзбекистонда Минск трактор заводи маҳсулотларига талаб катта.  2017-2018 йилларда Ўзбекистон Беларус давлатидан 10 млн долларлик трактор техникаси ва эҳтиёт қисмларини харид қилган. Аммо расмий Минск элчихонасининг Тошкентда фаолият юритаётганига эндигина 5 ой тўлади.

Яъни Мустақиллик эълон қилинганидан кейин Беларус Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган бўлса-да, унинг Тошкентда элчихонаси бўлмаган.

Бу қарор ўртадаги муносабатларни янада жадаллаштириш мақсадида қабул қилингани табиий.

Тошкент ва Минск: ўртада қизиқарли тадбирлар кўп

Минск ва Ўзбекистон ўртасида жамоатчилик учун қизиқарли тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Мисол учун, жорий йил апрел ойида Тошкентда Беларус маданияти кунлари ўтказилган эди. Минск бунга жавобан Ўзбекистон маданияти кунларини йил охирида ўтказишни режалаштирган.

Ўзбекистон ва Беларусни боғловчи ришталар ҳам бисёр. Илгарироқ, хабар берганимиздек, Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон Беларусдан кўплаб зиёлиларга бошпана берган. Ўзбек халқи уларни ўз қардошидек қарши олган. Бунга ёрқин мисол тарзида яқинда Тошкентда бюсти очилган беларус ёзувчиси Якуб Коласнинг хотираларини мисол келтириш мумкин.

Лукашенко Мирзиёев ҳақидаги эътирофи

Беларус президенти Александр Лукашенко ўз расмий баёнотларидан бирида Шавкат Мирзиёев билан сўнгги бир йил ичида 20 йил давомида қилинган ишлардан кўпроқ ишларни амлага оширганини эътироф этган эди.

Энг қизиғи, Лукашенко, бу ўзгаришларда Ўзбекистон раҳбарининг улкан хизматлари борлигини очиқ тан олганди.

“Менинг хизматим жуда кам. Сизнинг президентингиз хизмати катта. У ақлли, иқтидорли инсон, Бош вазир сифатида ишлаган вақтида бутун дунёни кўрган, нафақат Минск-Тошкент, балки барча йўналишларда вазиятни ҳотиржам баҳолаган ва катта сакрашни амалга оширди”, - деган эди Лукашенко.

Икки давлат ўртасидаги туристик ҳамкорлик кучайиши кутилмоқда

Беларус ва Ўзбекистон туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирган. Беларус Спорт вазирлиги матбуот-хизмати хабарига кўра, томонлар ушбу соҳада алоқаларни фаоллаштириш вақти келганини эътироф этишган.

Ўзбекистоннинг Беларусга, Беларуснинг Ўзбекистонга таклиф эта оладиган маданий ёдгорликлари: тарихий обидалари, табиий ресурслари, туристик хизматлар мажмуи мўл, дейилади хабарда.

Асосий масала – ахборот алмашинувини йўлга қўйишда. Шунингдек, икки мамлакатнинг туристик компаниялари учун ахборот турларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Беларус давлатлари бугун раҳбарлар даражасида муносабатларни мустаҳкамлаганига қарамай, барча соҳаларда: хоҳ у туризм, спорт, таълим ёки иқтисодий ҳамкорлик бўлсин – режалаштирилган ва амалга ошириладиган ишлар мўл.

Демак, Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи шунчаки “қуруқ” келиб кетиш бўлмайди. Бу ташриф, Лукашенко таъбири билан айтганда, ўзбек ва беларус халқлари дастурхонига фаровонлик олиб келадиган ташриф бўлиши кутилмоқда.

1671