Президент Беларуси Александр Лукашенко на переговорах в Ташкенте

"Биз диктаторлармиз": Лукашенконинг Тошкентдаги ёрқин нутқи

1524
Дилшода Раҳматова
Лукашенко Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан ўртадаги келишмовчилик мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка таъсир кўрсатганини, аммо Шавкат Мирзиёевнинг ҳукумат тепасига келиши икки давлат ўртасида муносабатларнинг мутлақо янги босқичи бошланганини эътироф этди

Беларус президенти Александр Лукашенко 24 йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди.

Тантанали кутиб олиш маросими, тор ва кенг доиралардаги музокаралардан сўнг икки давлат ўртасида ҳужжатлар имзоланиши жараёни бошланди.

Бу мақсади мавҳум меморандумлар эмас, балки аниқ келишувларга асосланган 19та битим эди. 

Шундан сўнг Ўзбекистон ва Беларус президентлари ОАВлар қаршисида баёнот қилишди.

Александр Лукашенко Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан бир-бирига "илиқлик" туйғуларни сезишмагани туфайли бу ҳолат мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка таъсир кўрсатгани, аммо Шавкат Мирзиёевнинг ҳукумат тепасига келиши Беларус ва Ўзбекистон ўртасида муносабатларнинг мутлақо янги босқичи бошланганини эътироф этди.

Sputnik Ўзбекистон Беларус президенти нутқидаги энг ёрқин фикрларни эътиборингизга ҳавола қилади.

"Чорак асрлик йўқотишларни 3-4 йилда қоплаймиз"

Ўз нутқи аввалида Ўзбекистон-Беларус муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга чиққанини эътироф этган Лукашенко, икки ўртада бўлиб ўтган сал кам чорак асрлик танаффусни "3-4 йил ичида енгиб ўтишни режалаштирмоқдамиз", дея маълум қилди у.

Лукашенко Беларус Ўзбекистон билан ўзаро тушуниш ва ўзаро ишонч асосида очиқ мулоқот олиб бораётганини, икки давлат кўптомонлама муносабатларни ривожлантиришдан чиндан манфаатдорлигини айтди.

"Бугунги музокараларимиз президент (Шавкат Мирзиёев) айтганидек, илиқ, дўстона, биродарлик руҳида кечди. Мен буни тасдиқлайман. Албатта, асосий эътибор, сўнгги вақтларда, бахтимизга, муваффақиятли кенгайиб бораётган савдо-иқтисодий алоқаларга қаратилди. Иқтисод бўлар экан, савдо-иқтисодий алоқалар бўлар экан, дўстлик бўлади, муносабатларимиз тараққий этади", - деди Беларус етакчиси.

"Меморандумларни ёмон кўрамиз"

Беларус ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар ҳақида тўхталар экан, Лукашенко ҳали шу пайтгача расмий Минск ҳеч бир давлат билан бу қадар кўп аниқ келишувларни имзоламаганини қайд этди.

"Бу аниқ ҳужжатлар ва битимлар. Менинг дўстим Меморандумларни ёмон кўради, мен уларни умуман ёқтирмайман", - деди Лукашенко (залда кулги кўтарилди) ва аниқ битим бўлсагина иш юришишини таъкидлади

"Оқсоқоллар"га мурожаат

Александр Лукашенко, Мирзиёевга мурожаат қилар экан, "Мана, кўриб турибман, залда бизнинг "оқсоқолларимиз" - мамлакатдаги энг йирик, гигант-корхоналар раҳбарлари ўтиришибди, мамлакатимиз иқтисодиётини мана шулар юрғизади", деди.

Сўнгра, Шавкат Мирзиёев гувоҳлигида йирик-бизнес доиралар вакилларига Ўзбекистон бўйича топшириқ берди.

"Ўзбекистонга келгуси сафар аниқ лойиҳалар билан қайтишингиз керак. Сиз йих охиригача бу ердан иш топишингиз керак. Ўзингизга ёзиб олинг, ҳар бир келган раҳбардан у Ўзбекистонда эртагаёқ топа оладиган аниқ иш режасини сўраб олинглар. Мен сиздан бошқа ҳеч нарса сўрамайман талаб ҳам қилмайман. Биттадан лойиҳа тақдим этинг, ўшанда кўрасиз, айланма ҳажми ва натижа қандай бўлишини", - деди Лукашенко.

Гап бу ерда, икки давлатнинг салоҳиятини ҳеч қандай сиёсий иттифоқдошликсиз бирлаштириш ҳақида борган эди.

"Беларуслар ақл ўргатаяпти деманг"

Лукашенко ўз нутқида залдаги иштирокчиларга мурожаат қилар экан, "Беларуслар келиб ақл ўргатаяпти, деган фикр сизларда ҳосил бўлмаслигини хоҳлардим", деди.

"Биз сизлар билан собиқ Иттифоқ давридаёқ бу технологияларни яратганмиз. Шунчаки сизларни "оқ олтин" билан босиб ташлашди, сизлардан "оқ олтин" бер", деб талаб этишарди. Ва сизлар бу пахтани берар эдингизлар. Биз эса технологияларни яратардик, пахтани қайта ишлардик, ва албаттаки, бу технологиялар бизда сақланиб қолди, лекин улар ўша сиз етиштирган ва бизда қайта ишланган пахта туфайли яратилган эди", - деди Лукашенко.

Лукашенко ўзбекистонлик делегация вакилларига мурожаат қилди ва агар уларда Беларусдаги бирон бир ишлаб-чиқариш корхонасига нисбатан заррача бўлса-да, қизиқиш пайдо бўлган бўлса, ҳеч тортинмай савол беришларини сўради.

"Бизда ёпиқ мавзунинг ўзи йўқ, қизиқдингизми, сўранг, кўрсатамиз, ўргатамиз, керак бўлса кадрлар билан таъминлаймиз. Сиздан фақатгина фаоллик талаб этилади", - деди сиёсатчи.

Беларус раҳбари шу ўринда яқинда мамлакатда Ҳукумат аъзоларининг тенг ярми ўз мансабларидан маҳрум бўлганликларини эсга олди. "Улар натижа йўқлиги учун ишдан маҳрум бўлдилар. Мен ҳам дўстим (Мирзиёев) сингари натижани яхши кўраман. Ахир бизда диктатура-ку, Ўзбекистонда ва Беларусда", - деди Лукашенко. Беларус раҳбарининг бу гапидан кейин ҳам залда навбатдаги бор кулги кўтарилди.

 

1524