Хитойнинг АҚШга қарши 3та кучли "қуроли"

1626
Дональд Трамп Хитойга қарши янги санкциялар киритаётган бир вақтда, экспертлар Хитойнинг АҚШга қарши учта кучли "қуроли"ни санаб ўтишди.

ТОШКЕНТ, 21 май – Sputnik. Маълумки, АҚШ сўнгги вақтларда Хитойга қарши турли иқтисодий санкциялар, божларни ошириш каби чораларни қўлламоқда, РИА Новости хабарига асосан.

Масалан, сўнгги 1 йил ичида Дональд Трамп Хитой товарларига қарши киртилган солиқларни 2 маротаба оширди. Бунинг эвазига Хитой иқтисоди 400 миллиардга яқин зарар кўради. Куни кеча эса АҚШ Хитойнинг энг йирик Huawei корпорациясига қарши қақшатқич зарба берди. Компанияга етказилган зарар турли иқтисодчилар томонидан 100 миллиард $ дан ортиқ деб ҳисобланмоқда.

Хўш, ушбу қудратли ва бешафқат рақибга қарши Хитой қандай чоралар қўллаши мумкин?

Шубҳасиз, АҚШ иқтисодий қудратли давлат ва жаҳон бозорида Хитойнинг энг йирик мижозидир. Ундан ташқари дунё валютаси бўлган доллар ҳам АҚШ назорати остида. Бундай шароитда АҚШга таъсир этадиган зарба бериш жуда мушкул иш.

Шундай бўлсада, Хитой ташқи ишлар вазирлиги тасарруфида бўлган Global Times нашри, Хитой АҚШга  қарши қуйидаги 3та чорадан фойдаланиши мумкинлигини хабар қилди:

1. АҚШга камёб металлар етказиб беришни чеклаш

Хитой АҚШга камёб металларни етказиб беришни чекласа, бу АҚШ ахборот технологиялари ва бошқа етакчи электрон компонентлар ишлаб чиқарувчилари учун жиддий зарба бўлиши мумкин. Биринчи навбатдан бундан Apple ва Boeing компаниялари зарар кўриши мумкин.

Иккинчи томондан, камёб металлар бозорида Хитой монополист эмас. АҚШ компаниялари бошқа давлатлардан ушбу металларни сотиб олишга ўтиши мумкин ёки сохта фирмалар орқали барибир Хитой маҳсулотини сотиб олишда давом этишлари ҳам мумкин.

2. АҚШ компанияларининг Хитой бозорига киришини чеклаш

Статистик маълумотларга кўра, бунги кунда АҚШ компаниялари инвестицияларининг бор-йўғи 14 % Осиё бозорларига тўғри келмоқда. Агар шунинг 10% Хитойга тўғри келган тақдирда ҳам Хитой ушбу чор билан АҚШга катта зарар еткиза олмайди. Ушбу чора фақат АҚШ ички курашида, Дональд Трампга қарши бир восита бўлиши мумкин, - деб ёзади нашр.

3. Облигациялар ёрдамида АҚШ қимматли қоғозлар бозорини барбод қилиш

Global Times ёзишига кўра,  бугунги кунда Хитой бир триллион доллардан ортиқ АҚШ облигацияларини қўлда ушлаб турибди. АҚШда иқтисодий мураккаб шароит кузатилаётган вақтда  Хитой ушбу акцияларни бозорга чиқарса -  бу “ўлганнинг устига чиқиб тепиш” бўлади. Яъни АҚШ қимматли қоғозлар бозори барбод бўлиши аниқ.  

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкин-ки, АҚШнинг яккаҳокимлик билан киритаётган санкция ва чекловларига жавобан Хитойда ҳам таъсирли чоралар бор. Лекин уларни қўллашдан аввал Хитой юз марта, ҳар томонлама ўйлаб кўради.

Иккинчидан, аксарият хитойликлар ўз мамлакатларининг АҚШдан кўра кучсизроқ эканлигини билиб туришсада, океан ортидаги “зўравонга” яхшигина “дарс” бериб қўйиш тарафдоридир. Бунинг учун улар ҳатто бироз қийинчиликка ҳам чидашга тайёр. Бундай кураш натижалари дунё иқтисодий тузумида ҳам жиддий ўзгаришлар олиб келиши ва уларнинг аксарияти ижобий бўлиши эҳтимоли катта.

1626