Ўзбекистонга четдан кириб келаётган пойабзалларга бож оширилса нима бўлади?

832
(Янгиланган 13:57 15.06.2019)
"Ўзчармсаноат” уюшмаси Ўзбекистон бозорига четдан кириб келаётган пойабзал маҳсулотларига бож оширилса, бу нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида таҳлили материални омма эътиборига ҳавола қилди

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Ўзбекистон чарм ва пойабзал саноати вакиллари соҳа тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун қатор "протекционистик" чораларни таклиф этган эдилар. Хусусан, четдан кириб келаётган пойабзалларга божни уч баравар ошириш ва маҳаллий ишлаб-чиқарувчиларга имтиёзлар бериш таклиф этилганди.

Ушбу таклиф ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Танқидий муносабат билдирганлар кўплаб топилди.

Хусусан, ушбу лойиҳага эътироз билдирганлар, бу тартиб бозор механизмларига мос келмаслигини, монополияга олиб келиши ва маҳсулот нархининг ошиб кетиши тўғрисида фикр билдирган эдилар. 

"Ўзчармсаноат" мақоласида айтилишича, айни пайтда, рағбатлантириш механизми, яъни бшқача айтганда "протекционизм" бутун дунё бўйлаб, ривожланган мамлакатларда ҳам, ривожланаётган мамлакатларда ҳам кенг қўлланилади. Иқтисодий оёққа туриш ва тикланиш даврида АҚШ, Германия, Франция, Италия, Япония, Корея ва бошқа давлатлар протекционизм сиёсатидан фойдаланганлар.

Кўпгина таниқли иқтисодчилар фикрига кўра протекционизм мамлакат саноатнинг ривожланишига, барқарор иқтисодий ўсишга ва пировардида давлатнинг қудратли бўлишига ёрдам беради, эркин савдо сиёсати (фритрейдинг) эса, айниқса саноати етарли даражада ривожланмаган мамлакатда ишлаб чиқаришга бўлган қизиқишни камайтириб мамлакат саноатининг вайрон бўлишига, иқтисодий пасайиш ва қашшоқликка олиб келади.

Тарих тажрибаси

Англияда 1690 йилда саноатни божхона назорати орқали ҳимоя қилиш жорий қилинган. Халқаро савдода инглиз протекционизмининг асосий чораси бўлиб турли маҳсулотларга нисбатан (умумий олганда 66 % олиб кирилаётган маҳсулотларга нисбатан) 20 % миқдоридаги импорт божининг киритилиши бўлган. Кейинчалик бож миқдори ошириб борилган.

Бунинг энг юқори чўққиси XVIII аср ўрталари 1820 йилларга тўғри келган ва бу пайтда асосий бож 25 – 50 %, ҳимоявий яъни протекцион бож 40 – 50 % белгиланган. Шу билан бирга ички саноатнинг янги ва ёш тармоқлари ва соҳалари учун рақобатчи бўлган бир қатор импорт маҳсулотларига мамлакатга олиб кириш учун тўлиқ таъқиқ қўйилган. Шуниси эътиборга моликки, халқаро савдода инглиз протекционизми даври, яъни XVIII – XIX аср ўрталари айнан Англияда рўй берган биринчи саноат инқилоби даври бўлган. Бу даврда ишлаб чиқаришга, хусусан металлургия, текстил саноатида ишлаб чиқариш технологияларига инновациялар жорий қилинган.

Жаҳондаги ҳолат

Бугунги кунда пойабзал маҳсулотлари учун Покистонда 25%, Туркияда 30-50%, Вьетнамда 10-20%, пойабзал саноати ривожланган ва маҳсулотлари бутун дунё бўйлаб сотилаётган Хитойда эса 100% импорт божи ўрнатилган.

Жаҳон тажрибасига янада чуқурроқ қарайдиган бўлсак, айнан импорт учун божнинг ички ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида оширилиши ва уларга қўшимча имтиёзлар берилиши саноатнинг янада гуркираб ривожланишига, ички ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошишига, янги ишчи ўринларининг яратилишига, ички бозорни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилишга ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар турларининг кўпайишига имкон берганлигини кўришимиз мумкин. Солиқ имтиёзлари берилишидан бўшаган маблағлар ишлаб чиқарувчиларга, асосан айланма маблағларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий илғор техника ва технологиялар асосида модернизация қилиш, янги иш ўринларини яратиш учун қайта инвестиция қилиш имконини беради. 

Маҳсулотга талаб бўйича

Ўзбекистон чарм-пойабзал бозорида монополия ўрнатиладими? Албатта йўқ, чарм-пойабзал маҳсулотларини олиб киришни таъқиқлаш ҳақида ҳеч қандай сўз йўқ, ва бундан келиб чиқадики пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари бозорида монополия пайдо бўлмайди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 700 дан ортиқ пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқдалар.

Мана шундай кўп сонли корхоналар бозорнинг турли сегментларини қоплаган ҳолда турли тоифадаги харидорларнинг талабларини қондириш имконини беради. Бироқ, бозорда нарх шаклланиши муаммолари ҳали ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда пойабзал ишлаб чиқариш таннархи нисбатан паст бўлсада (Хитой ва Ҳиндистонга қараганда паст), пойабзал маҳсулотлари харидорларгача “биринчи қўлдан” етиб бормайди. Баъзан устамалар 100, ҳатто 200 фоизни ташкил этади.

Бугунги кунда “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан корхоналарнинг бренд дўконларини очиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш сиёсати олиб борилмоқда. Уюшма ҳомийлигида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида кўп брендли пойабзал дўконларини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дўконларда харидорлар турли хил маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг пойабзал маҳсулотларини сотиб олиш имкониятига эга бўладилар. Шу билан бирга бир жойда кенг нарх диапазони ва кенг ассортиментдаги маҳсулотларни тўплаш имкони яратилади.

"Made in Uzbekistan"- пойабзаллари киймоқдамиз

Соҳанинг долзарб муаммоларидан яна бири: Ўзбекистонда пойабзал ишлаб чиқарилиши ҳақида ҳамма ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чораларга ишончсизлигининг асосий сабабидир. Аммо, айни пайтда, мамлакатимизда 2018 йилда 58 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилди. Эркаклар пойабзали сегментида Ўзбекистон ички бозор эҳтиёжларини деярли 100 фоиз қоплади. Аёллар пойабзали сегментда бу кўрсаткич 70 фоиздан ошди. Оммавий сегментда чакана савдо нуқталарида деярли барча аёллар пойабзали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ҳисобланади. Шунга қарамай, ҳар ким хам, хорижий товар бренди остида аутсорсинг шароитида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотиб олаётганликларини билмайди. Шунингдек, харидор ушбу пойабзални қаерда ишлаб чиқарилганлигини охиригача билмаганлиги каби, 

у қандай хомашё ва материаллардан ишланганлигидан ҳам хабардор эмас. Уюшма маҳаллий ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни назорат қилиши мумкин, лекин четдан олиб кирилаётган импорт маҳсулотлар сифатини назорат қила олмайди.

Қарор лойиҳаси билан таклиф қилинаётган чора-тадбирлар харидорларнинг бугунги кунда бозорда харид қилинган деярли ҳар иккинчи жуфт пойабзали билан дуч келаётган сифатсиз маҳсулотларни олиб кирилиши масаласини қисман ҳал қилади.

Буни Уюшмага келаётган хатлар ҳамда қарор лойиҳаси бўйича қолдирилган изоҳлар тасдиқлайди.

Ўсиш учун рағбатлантириш

Яна бир нозик масала – кундалик пойабзалларга бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қопланган, лекин модель пойабзаллари бўйича ҳолат бошқачароқ. Бу ерда Хитой, Туркия ва Европа давлатларидан импортнинг роли ҳали ҳам инкор этилмайди.

Аммо бундай пойабзаллар ўз ўзидан арзон эмас. Шу ўринда унга савдогарларнинг устамасини ҳам инобатга олиш лозим. Пойабзалларни четдан олиб келиш жараёнини қўшимча тартибга солиш уларнинг нархини асоссиз ошиб кетишига ижобий таъсир қилиши мумкин.

Қарор лойиҳаси билан корхоналарни тайёр ва юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга рағбатлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон божхона чегараси орқали ярим тайёр чарм хомашёсини олиб чиқишда экспорт қилинадиган маҳсулот қийматидан ундириладиган йиғим миқдорини 2021 йил 1 январдан бошлаб 20 % этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Мазкур чора терини қайта ишлаш саноатининг ривожланишига янада туртки беради. 

Ўзбек пойабзалининг қадамлари

Бизнесни бундай қўллаб-қувватлаш аллақачон ўз самарасини кўрсатган. Ўзбекистон пПрезидентининг 2018 йил 

3 майдаги "Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан яратилган имконият ва шароитлар қисқа даврда салмоқли натижаларга эришиш имконини берди.

Хусусан, 2017 йил билан таққослаганда пойабзал ишлаб чиқариш ҳажми 5,4 баробарга ошган ва 2019 йилда ўсиш кўрсаткичини 8 баробарга етказиш мақсади қўйилган. Бир йил ичида чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 2,7 баробарга ошган ва жорий йилда ўсиш кўрсаткичи 4,8 баробарга етказилиши кутилмоқда.

Истиқболлар

Истиқболда соҳа олдида катта вазифа ва режалар турибди. Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантириш, шунингдек импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар экспортнинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш имконини беради. Жорий йилда 190 млн долларлик маҳсулотларни жаҳоннинг 25 мамлакатига экспорт қилиш мўлжалланган.

Муҳокамага қўйилган қарорнинг 2-иловасида 2019-2022 йилларда соҳада мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича жами қиймати 431,9 млн доллардан ортиқ бўлган 198,6та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши мўлжалланган. 

Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши 2019 йилда тайёр чарм ишлаб чиқариш кўрсаткичларини 919,6 млн кв дмга, пойабзал ишлаб чиқариш ҳажмларини 86,1 млн жуфтга етказиш имконини беради, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон аҳолисининг пойабзал маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қоплайди.

832