Замминистра министерства строительства Шухратхуджа Хашимов

Ўзбекистон қурилиш вазири ўринбосари: бир хил типдаги бинолардан воз кечиш вақти келди

304
(Янгиланган 23:35 26.06.2019)
Янги биноларни қуришда ва коммуникацияларни ўтказишда Ўзбекистонга янги ижодий ва технологик ечимлар зарур. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган брифингда қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Хашимов маълум қилди.

Sputnik Ўзбекистон мухбирининг Тошкентнинг замонавий қиёфасидаги камчиликлари ҳақидаги саволига жавоб берар экан, вазир ўринбосари, шаҳар ва умуман республика шаҳарсозлик сиёсатида замонавий технологияларни фаолроқ қўллаш лозимлигини қайд этди. Ушбу йўналишда илк қадамлар аллақачон қўйилган.

"Уйларни лойиҳалаштириш ва қуришда стандарт ечимлардан чекиниш лозим. Катта ҳисобда, стандарт узунбурчак бинолар - ўтган асрда қолди. Ҳа, биз муаъйан жиҳатларни ҳисобга олишимиз керак, шу жумладан сейсмологияни ҳам, лекин бугунги кунда технологиялар деярли ҳар қандай турдаги масалаларга ечим топа олади. Бугун биз лойиҳалаштиришда BIM-технологияни қўллаяпмиз — яъни 3D модел туфайли бўлажак қурилиш мажмуаси, шу жумладан, коммуникацияларни ҳам тўлиқ кўриш имкониятини бермоқда. Буни анъанавий қўлланмаларга таққослаганда, улкан афзаллик сифатида қабул қилиш керак", - деди Хашимов.

У шунингдек, архитектурага оид хилма-хиллик ва бинодан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан ташқари, кейинчалик экскаваторлар ёрдамида ерни қазишга, очиқ усулда таъмирлаш ишларини олиб боришга мажбур бўлмаслик учун, пухта ўйланган коммуникациялар тизимига инвестиция киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

"Бу албатта қўшимча ҳаражатларни талаб этади, лекин ушбу коммуникациялар эксплуатация жараёнида тўлиқ ўзини оқлайди. Ҳаммаси пулга, инвесторлар имкониятига бориб тақалмоқда, шу билан бирга бу ерда буюртмачилар менталитетини ҳам ўзгартириш зарур", - деб таъкидлади Қурилиш вазирлиги вакили.

Пойтахтда транспорт ҳолатини яхшилаш ҳақида тўхталар экан, Хашимов логистика ва шаҳар йўл тармоғини ривожлантириш масаласини бошқа лойиҳалардан ажратиб, пухта ўйланмаган шаҳар бош режасисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини айтди.

"Биз ҳозир янги даврда, янгича шароитларда яшаяпмиз, "хавфсиз шаҳар", "smart-city" ва бошқа кўплаб глобал лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Асосийси - бу жараёнларни ўзаро боғлаш, ва шундан сўнггина транспорт муҳити самарадорлигини ошириш бўйича аниқ чораларни қабул қилиш лозим. Фикримча, бу ишни йўл ечимларидан бошлаш керак", - деди вазир ўринбосари.

Шуҳратхўжа Хашимовнинг тўлиқ жавобини рус тилида Sputnik Ўзбекистон радиоподкастида тингланг.

304