Зоопарк в Бухаре

Банкротлик ёқасида: Бухородаги ҳайвонот боғи эгаси қандай хатарларга дуч келган эди

501
(Янгиланган 21:39 13.07.2019)
Тадбиркор Акмал Йўлдошев Бухорода ҳайвонот боғи тўлақонли ишга туширилиши учун беш йил вақтини сарфлаган. Sputnik Ўзбекистон мухбири тадбиркор билан суҳбатлашиб, шаҳардаги биринчи ва ягона ҳайвонот боғи учун жанг қай тарзда кечаётганига ойдинлик киритди

Бухоролик 34 яшар Акмал Йўлдошев беш йил давомида маҳаллий ҳукуматдан тўлақонли ҳайвонот қурилиши учун рухсат олишга ҳаракат қилиб келмоқда. Ҳайвонот боғи ҳозирча шаҳардаги ягона бўлган парк ҳудудида жойлашган ва зўрға ўз кунини кўрмоқда.

Предприниматель Акмаль Юлдашев в зоопарке
Sputnik Узбекистан
Предприниматель Акмаль Юлдашев в зоопарке

Бухородаги илк ҳайвонот боғи ўн йил олдин Сомонийлар паркида пайдо бўлган. Унинг тўлақонли ҳайвонот боғи деб атаб ҳам бўлмайди: апил-тапил қурилган бир неча тўсиқлар ва саноқли ҳайвонлар бор, холос. Шундай бўлса-да, шаҳарда бухороликлар ўз фарзандларини олиб бориши мумкин бўлган яна битта жой пайдо бўлди, дейиш мумкин. Шаҳарда қизиқарли ва фойдали кўнгил очар жойлар йўқлигини ҳисобга олганда, бу жуда муҳим.

2012 йилда худди шу ҳайвонот боғининг янги эгаси ёш тадбиркор Акмал Йўлдошев бўлди. Бу жойга эгалик қилиш учун у бир неча йиллар олдин Россияда ишлаб топган пулига харид қилган квартирасини сотишига тўғри келган. Аммо бу пуллар ҳам камлик қилди, йигит ҳайвонот боғи эгасидан қарздор бўлиб қолди.

"ҳайвонот боғи ўшанда тўрт нафар бойўғли, иккита бургут ва учта уй тўнғизидан иборат эди. Охиргиларини эгаси охир-оқибат олиб кетди", - деб ҳикоя қилади Йўлдошев.

Ҳайвонот боғи ёки оила

Орадан бир оз вақт ўтгач, ҳайвонот боғининг собиқ эгаси Термиз ҳайвонот боғидан иккита урғочи шерни олиб келишни таклиф этади. Бунинг учун эса, табиийки, маблағ керак эди. Акмал рози бўлади, фақат бу гал ҳам унинг қарз олишига тўғри келади. Йигитдан пулларни санаб олган эркак эса изсиз йўқолади.

Ёш тадбиркор бу қарзларни тўрт йил давомида тўлашига тўғри келган. Бу орада у машинасини, аёлининг қимматбаҳо тақинчоқларини ва ҳатто квартираси савдосидан сўнг қолган уй жиҳозларини-да чиқариб пуллайди.

Аммо қани эди "сюрприз"лар бу билан якун топган бўлса? Маълум бўлишича, ҳайвонот боғи расман умуман мавжуд бўлмаган. У жойлашган ҳудуд парк зонасига кирган ва собиқ эгаси бу ер участкасини шунчаки ижарага олган экан. Паркдаги аттракцион эгалари ҳам худди шундай тамойил асосида ишлашаркан. Бундан келиб чиқадики, ҳайвонот боғи ўрнига Йўлдошевга паркда ерни ижарага олган ва сариқ чақа ҳам турмайдиган хусусий фирма сотилган, холос.

"Мен эндигина Россиядан қайтган ва бу каби ҳуқуқий икир-чикирлардан йироқ эдим. Жониворларни жон дилимдан яхши кўрганим учун, ҳайвонот боғи сотилаётганини эшитиб, ҳеч бир шубҳасиз уни харид қилишга аҳд қилганман", - дея тушунтиради у рўй берган ҳодисани.

Мана шу воқеа оилада жанжалларга сабаб бўлади, эр-хотин ажрашиш ёқасига келган, ота-онаси эса ҳайвонот боғини сотишни маслаҳат берган эди.

Ҳайвонот боғидаги янги ҳаёт

Буларнинг барчасига қарамай, Акмал руҳан тушмади. У ўз бизнесини очди ва озиқ-овқат етказиб бериш бўйича дилерлик фаолиятини йўлга қўйди. Даромадининг бир қисмини ҳайвонот боғига сарфлади. Шу туфайли у янги вольерлар, подсобкаларни қуришга муваффақ бўлди, кўчат экди ва янги жониворларни харид қилди. Ҳозир бу ерда бўрилар, шоқоллар, яклар, тулкилар, олмахонлар, маймунлар бор. Айтганча, маймунлардан бири яқинда она бўлган ва ўз дилбандини бир сонияга ҳам қўйиб юбормайди.

Львица в зоопарке Бухары
Sputnik Узбекистан
Львица в зоопарке Бухары

2015 йилда шерваччалар дунёга келди. Тўрт йил ичида улар катта шерга айланишга улгуришди ва бугунги кунда Акмалга ўз муҳаббатларини намоён этишга уялишмайди. Шерлар фақатгина Акмалга ўзларини силашга рухсат беради.

Бу орада оиладаги муносабатлар ҳам изга тушди. Бугун эр-хотин тўртинчи фарзанд туғилишини кутмоқда. Яқинлари ҳатто тадбиркор йигитга ёрдам беришни бошлашди, бугун улар биргаликда ҳайвонларни парвариш қилишмоқда. Бу эса ёрдамчи иш кучига кетадиган ҳаражатларни анча тежамоқда.

"Ҳа, осон бўлмаган. Бошимиздан неларни ўтказмадик. Шундай вақтлар бўлган-ки, ҳатто овқатга пул тополмаганмиз. Аммо мен охиригача боришга ўрганганман. Яқинларим менга ёмон гапиришни тўхтатиб, аксинча, ёрдам беришни бошлаган кундан ҳаммаси ўзгарди", - дейди юзида табассум билан Акмал.

Қийинчиликлар чекингани йўқ

Аммо буларнинг барчасига қарамай, қийинчиликлар ортга чекингани йўқ. Ҳайвонот боғини аввалгидек тўлақонли ҳайвонот боғини тўлақонли деб атаб бўлмайди. Асосий муаммо албатта пул етишмаслиги билан боғлиқ. Ҳатто кириш чиптаси нархини ҳисобга олганда ҳам, ҳайвонот боғига келувчилар сони кўп эмас. Шундай бўлса-да, ер учун ижара пули ойма-ой тўлаб борилади.

Сомонийлар парки директори Толиб Абдуллаевнинг айтишича, тадбиркор ҳудуди давлатга тегишли бўлган парк билан шартнома тузган ва энди барча шартларга, шу жумладан молиявий томондан бўлган шартларга ҳам амал қилишга мажбур.

Зоопарк в Бухаре
Sputnik Узбекистан
Зоопарк в Бухаре

"2018 йилги ижара ҳақи учун қарздорликни ундириш учун биз судга беришга мажбур бўлганмиз. Агар бу йил ҳам бу ҳолат такрорланса, биз яна судга даъво аризасини киритамиз", - дейди Абдуллаев.

"Чипта нархи уч минг сўмдан беш минг сўмгача. Бир кунда ҳайвонот боғига 30 нафардан 50 нафаргача одам келиши мумкин, - дейди Йўлдошев. - Биз янги жониворларни харид қилганмиз, уларнинг озиқ-овқат ҳаражатлари ҳам ўз-ўзидан ошди. Бундан ташқари, ҳудудни ободонлаштириш ишларига каттагина пул сарфланмоқда. Агар четда бизнесимиз бўлмаганида, аллақачон ёпилган бўлар эдик".

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, паркнинг собиқ раҳбарияти бу ташвишларни яхши тушунган ва унга кўмак тарзида ижара тўловидан озод қилган. Айнан шу туфайли ҳайвонот боғида кўпгина ишларни амалга оширишга имкон туғилган. Аммо паркнинг янги директори собиқ раҳбардан фарқли равишда, тадбиркор ижара пулидан озод этилиши керак, деб ҳисобламайди.

Туманли истиқболлар

Тадбиркорнинг фикрича, ҳозирги шароитдан чиқишнинг биргина йўли - ҳайвонот боғини кенгайтиришда. Бу ҳайвонот боғини туристик шаҳарга монанд қилиш учун эса, Йўлдошев ҳатто яна кредит олишга ва қарзга ботишга ҳам тайёр.

Ҳозирча эса, тадбиркор ҳайвонот боғининг эртанги кунини ўйлаб, ҳадик билан яшайди. Ахир ундан исталган вақтда парк ҳудудини бўшатиб қўйишни талаб қилишлари мумкин. Мана шу ноаниқлик, бугунги кунда яратилган ҳудудга пул тикишга тўсқинлик қилмоқда.

Акмаль Юлдашев и львята
Sputnik Узбекистан
Акмаль Юлдашев и львята

Ҳайвонот боғининг янги лойиҳасида террариум, океанариум, ёпиқ ботаника боғини яратиш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат ҳатто ҳокимият тасдиғидан ҳам ўтган. Лекин бу лойиҳани амалга ошириш учун бизнесменга ўз территорияси керак.

"Ҳамма бухороликлар ҳам ушбу ҳайвонот боғи борлигини билишмайди. Мен эса ҳатто реклама беролмайман, чунки бу ердаги шарт-шароитлар ҳали жозибадор эмас... Ахир улар тирик жонзот-ку! Бу ерга канализация, вентиляция тизими керак… Булар каттагина ҳаражатни талаб этади. Аниқлик бўлмагунга қадар мен бу ерга пул тикишга қўрқаман", - дея тушунтиради у.

Шаҳар ҳокимлигига бу воқеа яхши таниш. Ҳоким ўринбосари Бахтиёр Махсудовнинг тушунтиришича, масалани ўрганиш учун шаҳар ҳокими администрация вакиллари бир неча маротаба паркка чиқишган. Амалдор ҳайвонот боғи учун ер ажратиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтиб, ишонтиради.

Унинг гапларини 2014 йилдан буён ер олишга ҳаракат қилиб келаётган Йўлдошев ҳам тасдиқлайди. Тадбиркорнинг айтишича, ҳукумат ушбу лойиҳага қизиқиш билдирган, парк территорияси мос келмаслиги учун унга каттароқ майдонга эга бўлган ҳудудни ажратиб бериш ваъдаси берилган.

501