Мактаб формаси: можаро тугагани йўқ. Тадбиркор ўз маҳсулотига харидор топа олмаяпти

1890
(Янгиланган 13:56 05.08.2019)
Куни кеча, 4-август куни Тошкентдаги "Пушкин" майдонида "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ташаббуси билан ягона мактаб формаси намойишига бағишланган промо-акция ўтказилди.

ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистонда мактаб формаси энг долзарб ва ечими охиригача ҳал бўлмаган масалалардан бири. Аввалига мактабларда бир хил форма керак-керак эмаслиги катта мунозараларга сабаб бўлган бўлса, бир тўхтамга келингач, форма нархининг қимматлиги аҳоли эътирозига сабаб бўлди. Шу билан бошқа долзарб масалалар турганда, мактаб формасини мажбурий жорий этишга шошилмаслик лозим, деган тўхтамга келинди.

Мактаб формалари: қаердан олса бўлади, нархи қанча? >>>

Эндиликда Ўзбекистонда ягона мактаб формасига 2024 йилдан ўтилади. Бу, оилада бир нечта ўқувчиларни ўқитаётган ота-оналарни хурсанд қилди, албатта. Лекини бор. Мактаб формасини жорий этилишини кечиктирувчи қарор чиққунига қадар маҳаллий ишлаб-чиқарувчилар минглаб формаларни тикишга улгуришган. Промо-акция тадбирида иштирок этган Sputnik мухбири форма сифати ҳақида аҳоли фикрини ўрганди ҳамда тадбиркорлар билан суҳбатда бўлди.

Мактаб формаси нима учун керак бўлди?

Ягона мактаб формасини жорий этиш таклифи уч йил аввал "ўқувчилар орасида ижтимоий нотенглик келиб чиқишини олдини олиши мумкин", деган мақсадда мамлакат президенти томонидан киритилган эди. Давлат раҳбари чиқишидан саноқли кунлар ўтиб, ўша вақтдаги халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов келаси ўқув йилигача енгил саноат, модельер мутахассислар ва ота-оналар фикрини инобатга олиб, камида 8-10 хил моделдаги формалар тайёрланишини маълум қилди.

2017 йилнинг октябрь ойида мактаб формаларининг илк намуналари намойиш этилди ва улар орасидан танлаб олинган моделлар 2018 йил феврал ойида Тошкент шаҳридаги 91-сонли ҳамда Сирдарё вилоятидаги 4-сонли мактабларда синовдан ўтказила бошланди.

2018 йилнинг август ойида ягона мактаб формаси юзасидан аниқ қарор қабул қилинди ва у 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлиши айтилди.

"Биз бунга тайёр эмасмиз"

2019 йилнинг май ойига келиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева “...айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилиши туфайли, мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма жорий этилиши”ни номувофиқ деб топди. Сал вақт ўтиб, ХТВ раҳбари Шерзод Шерматов ҳам форманинг мажбурий жорий этилиши шошилинч қарор бўлиши ҳақида баёнот билан чиқди. Мактаб формаси республика мактабларида босқичма-босқич жорий этиладиган бўлди.

Яъни Ўзбекистон мактабларида ягона формага ўтиш ишлари 2024 йилгача қолдирилди.

Муаммо нимада?

Муаммо шундаки, формани жорий этишни кечиктириш ҳақида қарор қабул қилинган бир вақтда маҳаллий ишлаб-чиқарувчи корхоналар тасдиқланган намунадаги юз минглаб минглаб маҳсулотларни ишлаб-чиқаришга улгурган эдилар.

Яъни ягона мактаб формаси республикадаги иккита мактабда синовдан ўтказилгач, ота-оналарнинг таклифидан келиб чиққан ҳолда иккита ёш кесимида: 1- ва 6-синф, 7- ва 11-синф ўқувчилари учун мактаб формалари моделлари танлаб олинган ва енгил саноат уюшмаси томонидан шакллантирилган рўйхатдаги 221 та корхоналар Ўзбекистон регионларида бу формаларни ишлаб-чиқаришга киришган.

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси бош мутахассиси Замира Юнусованинг айтишича, республика миқёсида мактабларни ягона форма билан таъминлаш мақсадида, айрим вилоятларда янги корхоналарни ташкил этишга тўғри келган ёки мавжудлари кенгайтирилган.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Покупатель выбирает школьную форму

Аммо бугунга келиб, ишлаб-чиқарувчилар томонидан яратилган маҳсулотларнинг деярли бутун қисми, ота-оналар ўртасида форма борасида юзага келган тушунмовчиликлар туфайли, сотилмай турибди.

Маҳсулот сифати одамларга маъқулми?

"Пушкин" майдонида мактаб формаларини намойиш қилиш учун нафақат тошкентлик, балки Сурхондарё, Фарғона ва Намангандан ташриф буюрган ишлаб-чиқарувчилар йиғилган. Формалар дизайни деярли бир хил: дейлик, бошланғич синф ўқувчилари формалари кўк рангдаги катакнусха матодан тикилган. Қизлар учун юбка, нимча ва бомбер, ўғил болалар учун нимча, шим ва бомберлар сотилмоқда. Нархлар бир хил эмас, кимдир бошланғич синфлар учун формаларни 160 минг сўмдан бошлаб сотаётган бўлса, қайсидир тадбиркорда бу форма нархи 180 мингни ташкил этади. Юқори синф ўқувчилари формалари 240 минг сўмгача сотилмоқда. Истеъмолчи тикилиши ва мато сифати жиҳатдан ўзига ёққанини танлаб, харид қилиши мумкин.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Выставка школьной формы

Промо-акция ҳақида кечикиб хабар қилинганми, ёки бошқа сабабми, одамлар сони кутилганидек кўпмас.

Расталарнинг бирида ўқувчи-қизлар юбкасини обдон кўздан кечираётган аёл ёнига бораман. Ўғил болалар формасини кўздан кечиргандай бўлиб, аёлдан "Форма ёқдими?" дея сўрайман. Суҳбатдошим қошларини чимириб, юбка қийшиқ бичилганини айтади ва асабий оҳангда "ўзимизникилардан нимани ҳам кутардинг", дея қўшни растага қараб юради. У ерда "Камчилиги фақат битта - 100 % чармдан тикилган", дея мақталган қизлар пойабзалини "пошнаси жуда паст, ясси товонли бола кўп юрса, оёқлари оғриб қолади", дея "айблаб", кўргазмани тарк этади.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Школьная форма

Кейинги растага ўтаман. Ўзи билан бирга икки қизини олиб келган аёл сотувчидан форма матоси ҳақида сўраётган экан. Уларнинг суҳбатидан янги форма учун "Парламент Евро" номли мато Хитойдан олиб келинаётгани (Ўзбекистондан чиқаётган мато сифат талабига жавоб бермагани), бошланғич синфлар учун форма матоси таркиби 70%гача пахтадан тайёрлангани, дазмолдан сўнг "ялтиллаб қолмаслиги", гигиена жиҳатдан барча талабларга жавоб бериши, ўқувчи танаси бу формада "нафас олиши" ҳақида билиб оламан.

Аёлга маъқул келди, шекилли, у шу жойнинг ўзида қизларига мосини танлашга киришди.

Школьная форма
© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Школьная форма

"Ёқдими?", - деб сўрайман, қизига формани кийдириб кўраётган аёл ёнига бориб. Суҳбатдошим кўпроқ форма матоси жуда маъқул келганини айтди. "Сифат жиҳатдан СССРда тикилган формаларни эслатди. Ювиб-ювиб киярдик, ҳеч ранги ўзгармас эди. Менга ёқди. 180 минг сўм "тройка" костюм учун қиммат эмас", - дейди у.

Сотувчилар билан суҳбат уларнинг ҳаммаси ҳам матони Хитойдан олиб келмагани, ораларида Ўзбекистонда ишлаб-чиқарилган матодан форма тикиб сотаётганлар борлигини аниқлаштирди. Маҳаллий матодан тикилган формалар ва Хитойдан келтирилган матодан тикилган формалар орасидаги фарқ 20-30 минг сўмни ташкил этарди.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Громадные медведи примерили школьную форму нового образца

Промо-акция давомида, тадбирга келганлар учун мактаб формалари намойиши бўлиб ўтди, нимча ва юбка кийиб олган улкан айиқлар рақси барча меҳмонларга завқ улашди.

Формалар нега харидорини топа олмаяпти?

Тадбирнинг маданий қисми якунланиши арафасида промо-акция иштирокчилари ўз маҳсулотларини йиғиштиришга тушишганини кўриб, улар ёнига шошиламан. Қанча форма сотишга муваффақ бўлишгани қизиқ. Қисқа савол-жавобдан сўнг уларнинг аксарияти бир дона ҳам форма сотишолмагани маълум бўлади.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Выставка школьной формы прошла в Ташкенте

Тадбиркорлар мактаб формалари нафақат бу ярмаркада, балки бозорларда ҳам сотилмаётганини айтишади.

Уларнинг фикрича, ягона мактаб формасининг кечиктирилгани халқ орасида "форма бекор бўлди" деган нотўғри тушунчани ҳосил қилган ва бугунги кунда ҳатто олдиндан пул бериб қўйган мактаблар ҳам ўз маблағларини қайтариб олишга тушган.

Хусусан, ярмаркада қатнашган тадбиркорлардан бири Гулшода Бекмирзаева "форма бизнеси" туфайли бугун 5 миллиард сўм маблағи тақдири номаълумлигича қолаётганини айтади.

"Мен раҳбарлик қилаётган корхонада 50 мингга яқин мактаб формаси тикилган. Форма тан нархини ҳисобга тўғри қилиб 100 минг сўмдан (аслида ундан қиммат) деб ҳисоблайдиган бўлсак, гап миллиардлар ҳақида бораётганини биласиз. Бу пуллар биргина менга тегишли эмас, қариндош-уруғ бир неча оила бўлиб ўртага пул ташлаган эдик. Биргина мен эмас, шу ерга келган тадбиркорларнинг ҳар биридан сўрашингиз мумкин, мактаб формаси тўғрисидаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида қайсидир корхона 50та, бошқаси 200 тагача ишчи ўрни яратган. Бугун эса бошимиз берк кўчага кирди. Маҳсулотларимиз сотилмаётгани туфайли яратилган иш ўринларини ёпиш даражасига етиб келдик", - дейди у.

Гулшода Бекмирзаеванинг айтишича, халқ орасида бугун оқ-қора форма олиш керакми ёки янги тасдиқдан ўтган формани деган мазмунда иккиланиш бор.

"Сентябр-октябр ойигача маҳсулотларимизни сота олмасак, ишчиларимиз олдида қарздорлигимиз ошади. Улар "ойлик иш ҳақимни бермади" деб устимиздан шикоят қилса, қонунан ҳақ бўлади. Ҳозир шуни ўйлаб бошим қотган", - дея қўшимча қилади тадбиркор. 

Сурхондарёлик тадбиркор Абдувоҳид Тошбоев ҳам Sputnik мухбири билан суҳбатда аҳоли орасида "форма бекор бўлган" деган нотўғри фикр шаклланганини тасдиқлайди. У раҳбарлик қилаётган корхона бугун 30 мингта форма тиккан ва 4 август ҳолатига кўра, минглаб формалардан атиги 500 комплект сотилган, холос.

Тошбоев маҳсулотнинг сотилиши ёки сотилмай қолиб кетишида ҳукумат чиқараётган қарорлар муҳим роль ўйнашини айтади.

"Мактаб директорларининг форма сотилиши масаласига аралашуви ман этилгани тўғри фикрдир. Лекин биз ишлаб-чиқараётган формалар ҳақида одамлар эшитиши керак-ку? Август энди келди, формаларимиз ҳали сотилиб кетар ҳам, шундай бўлса-да бунинг учун озгина туртки керак, деб ҳисоблайман", - дейди тадбиркор.

1890