Москва АҚШни энг катта хатодан огоҳлантирмоқда

1470
(Янгиланган 16:54 24.09.2020)
Россия АҚШ билан тузилган Стратегик ҳужумкор қуролланишни янада қисқартириш ва чеклаш тўғрисидаги шартномани узайтириш тарафдори. Бироқ Вашингтон янги талаб қўйиб, вақтни чўзмоқда.

ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Галия Ибрагимова, Софья Мельничук. Россия Стратегик ҳужумкор қуролланиш тўғрисидаги шартномани (ДНСВ-3 – кейинги ўринларда) сақлаб қолиш тарафдори ва АҚШни буни узайтиришга чақирмоқда. Музокаралар ёз ойидан бери давом этмоқда. Вашингтон ҳужжатни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда, Москва бирор бир нарсани ўзгартиришдан бош тортмоқда. Муаммо аслида нимада – РИА Новости ўрганди.

Испытательный запуск ракеты Trident II D5 с подводной лодки Небраска у побережья Калифорнии
U.S. Navy photo by Mass Communication Specialist 1st Class Ronald Gutridge

“Биз муносабатларни кўрмаяпмиз”

“Зудлик билан ҳал қилиш мумкин ва зарур бўлган биринчи навбатдаги масала, - бу, албатта, жуда тез орада, 2021 йил февраль ойида муддати ўз ниҳоясига етаётган Россия ва АҚШнинг Стратегик ҳужумкор қуролланиш тўғрисидаги шартномасидир. Биз америкалик ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб бормоқдамиз”, - деди Владимир Путин БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси очилиш маросимида.

Россия президенти мамлакатларни янги ракета тизимларини кенгайтиришда ҳам вазминликка чақирди. Ўтган йили Қўшма Штатлар Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш шартномасидан (ДРСМД) чиқди, шундан сўнг Москва Европада уларнинг жойлаштирилишига мораторий эълон қилди. Путин таъкидлади: “АҚШ бундай чоралардан ўзини тийиб турмаганга қадар”.

“Биз, афсуски, таклифимизга оид муносабатни на америкалик ҳамкорАҚаримиз, на уларнинг иттифоқдошларидан эшитдик”, - дея қўшимча қилди у.

СНВ-3 муддатини узайтиришни Антониу Гутерриш ҳам бир неча бор тавсия қилганди. АҚШнинг шартномага Хитойни ҳам жалб қилиш талабига эса БМТ бош котиби салбий муносабат билдирди. Россия доимий вакили Василий Небензя ҳам америкаликларни “катта хатодан” огоҳлантирганди.

Стратегик хавфсизлик таянчлари

ДСНВ-3 – ядровий технологиялар устидаги назорат соҳасида энг муҳим ҳужжат. Москва ва Вашингтон уни 20210 йилда имзолаб, стратегик қурол-аслаҳаларини қисқартириш мажбуриятини зиммасига олган эди. Жараён етмишинчи йиллар бошида бошланганди. Ўшанда совуқ уриш душманлари биринчи Стратегик қуролланишни чеклаш тўғрисида шартнома (ОСВ-1) тузганди. Ўшандан буён бу борада еттита икки томонлама битим қабул қилинган.

АҚШ буларни ҳеч қачон шубҳа остига қўймаган эди, лекин Дональд Трамп президентлиги ҳаммасини ўзгартирди. Оқ уй раҳбари келишувларни замонавий реалликка мослаштиришга интилмоқда, янги қуролланиш пойгаси истиқболи эса уни қўрқитмаяпти.

2019 йил август ойида АҚШ ДРСМДдан чиқиш қарорини Россияга бўлган эътироз билан тушунтирди. Асосий эътироз – гўёки Москва ҳужжат билан тақиқланган SSC-8 ракетасини синовдан ўтказган (Россия таснифида – 9М729).  Америкаликлар аниқ равшан далиллар тақдим этишмади.

Шундай бўлса ҳам, норасмий суҳбатларда улар тан олишганди: муаммо Москва хатти-ҳаракатларида эмас. Пентагон Хитойни ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталар ясашда гумон қилди ва Хитой ҳукуматини стратегик қуролланишга оид музокараларга қўшилишини талаб қилди. Пекин бу хоҳишларни эътиборсиз қолдирди.

2020 йил май ойида АҚШ Очиқ осмон шартномасидан чиқди ва яна Москвани айблади. Эмишки, руслар назорат парвозларига тўсқинлик қилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги буни рад этди. Вазирлик америкаликлар космосни фаолроқ ўзлаштириш ниятида экани ва Очиқ осмон шартномаси уларни қўлларини боғлаб турганини тахмин қилди.

Ядровий тенглик

“АҚШ ва НАТОни Хитойнинг ядровий дастури жадаллик билан ривожланиб бораётгани ташвишга солмоқда. Афтидан, хитойликлар бу масала бўйича Вашингтон ва Москва билан бараварликка эришиш ниятида”, - дея тушунтирди ёз ойида қуролланиш устидан назорат бўйича АҚШ махсус вакили Маршалл Биллингсли.

ДСНВ-3 Россиянинг тактик ядровий салоҳияти ошишини чекламаслиги ҳам Вашингтонни норозилигига сабаб бўлмоқда. Биллингсли стратегик қуролланиш верификацияси жорий механизмини ҳам танқид қилди.

Мунозаралар бошланган, лекин америкаликлар навбатдаги шартларни илгари суришди. “АҚШ суҳбатга энг янги Россия қуроллашини қўшишни талаб қилмоқда, бу кўра била туриб ўзини билмасликка олишни англатади”, - деди Россия вазири.

“Яхши таклиф”

Учрашувларнинг иккинчи босқичи сентябрь ойида якунланди – олдинга силжиш йўқ. АҚШда янги талаб – қўшимча битим қабул қилиш.

Америкаликлар унга нафақат стратегик, балки тактик ядровий қурол-яроғларни киритишни таклиф қилишмоқда. Ягона ён бериш – Вашингтон музокаралар жараёнига Хитойни қўшишни вақтинчи кейинга суришга рози бўлди.

“Биз Россияга яхши таклиф билдирдик”, - деди Биллингсли.

Россия ТИВ Москва шартномани фақат ҳозирги кўринишида узайтиришини маълум қилди. Унинг амал қилиш муддати бир неча ойдан кейин тугайди, ва бирор бир нарсани ўзгартиришга вақт йўқ. Вазирлик келишиб олиш жараёнини америкаликларнинг ўзи чўзиб юборганини таъкидлади.

“АҚШ манфаатлар мувозанати асосида бирор бир янгилик ишлаб чиқишга тайёр бўлса, унда битимни имзолаш мумкин. Бироқ вақт талаб этилади”, - дея вазиятни изоҳлади Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков.

“АҚШ имтиёзлар ортидан қувмоқда”

“Муқобиллар кўп эмас: ёки ДСНВ-3 ни ўзгаришсиз узайтириш, ёки батамом ундан воз кечиш”, - дея ҳисоблайди қуролланиш устидаги назорат масалалари бўйича мутахассис Евгений Мясников.

У шартноманинг асосий аҳамиятга эга жиҳатини стратегик қуролланиш верификацияси тизимда кўрада. “Авваллари бир-бирини ҳаракатларини назорат қилиш қийин эди. Томонлар энг ёмон сценарийдан келиб чиқишарди ва бу кескинликни кучайтирарди. Агар тизим қуласа, ўтмишнинг такрорланиши хавфи ўсади”, - дея огоҳлантиради эксперт.

Россия сиёсий тадқиқотлар марказининг (ПИР-Центр) янги технологиялар ва халқаро хавфсизлик бўйича дастури директори Вадим Козюлиннинг шубҳаси йўқ: шартномани узайтиришади. АҚШ талабларини у тиккан пулни ошириш ўйини сингари баҳолайди.

“Трамп унга мос келадиган ролда: битим тузишдан олдин кўпроқ имтиёзларга эга бўлмоқчи. Лекин вақт деярли қолмади, америкаликлар эса муддатни узайтиришга рози бўлишади. Янги шартлар – кейинги муҳокамалар мавзуси. Бунинг устига Россиянинг ҳам тактик ядровий қурол-яроғ ва Европада америка қуролига доир таклифлари бор”, - дея фикр юритади эксперт.

У ДНСВ-3га учувчисиз учадиган тизимлар киритилмаслигини айтади, бироқ уларни ядровий қурол ташувчилари сифатида ҳам кўриш мумкин.

“Учувчисиз учадиган қурилмалар Россиянинг кўплаб саволларига сабаб бўлади. Бундай олиб қаралса, бу қанотли ракеталар – кўп марта фойдаланиш туфайли жиддий хавф туғдиради. Лекин ДНСВ-3 бўйича учрашувлар доирасида Москва бу мавзуни ҳозирча жадаллаширмаяпти”, - дейди Козюлин.

Унинг сўзларига кўра, назорат тизимини сақлаб қолиш ҳозир асосан АҚШга боғлиқ. Агар АҚШ мулоқотларга рози бўлса, келажакда унга Хитой, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон – ядро қуролига эга бўлган давлатларни жалб қилиш мумкин.

1470
Рабочий на стройплощадке

Мигрантларсиз иш бўлмайди: Россия қурилиш компаниялари хорижликларни кутмоқда

465
(Янгиланган 15:45 20.01.2021)
Россия қурилиш соҳасидаги бўш иш ўринлари билан боғлиқ вазият қандай ва нима учун чет эллик ишчилар россиялик иш берувчилар томонидан қадрланади – батафсил мақоламизда ўқинг.

ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин топшириғига биноан Россия ҳукумати 1 мартга қадар қурилишларга меҳнат мигрантларини соддалаштирилган тарзда жалб қилиш масаласини кўриб чиқиши зарур.

Пандемия сабаб ёпилган чегаралар сўнгги йилда Россия қурилиш объектларида ишчи кучи етишмаслигини келтириб чиқарди. Аммо баъзи Россия компаниялари бу масалани қатор мамлакатларнинг ваколатли идоралари билан ҳамкорликда ҳал қилишни бошлаган. Улар мигрантларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилишмоқда. Sputnik Россияда қурилиш соҳасидаги бўш иш ўринлари билан боғлиқ вазият қандайлиги ва нима учун чет эллик ишчилар россиялик иш берувчилар томонидан қадрланишини ўрганди.

Мигрантлар меҳнатсевар, жанжални хуш кўришмайди

Россиянинг “ПИК-Индустрия” ва “ТехСтрой” қурилиш компаниялари Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси билан ҳамкорликда республикадан ишчиларни ташкиллаштирилган ҳолда саралаб олишни йўлга қўйди. Бу тизим ҳам иш берувчилар, ҳам номзодларнинг ўзи учун меҳнат миграциясининг қонуний ва хавфсиз йўли.

Россия қурилиш компаниялари Москва ва Москва вилоятидаги қурилишларга турли мутахассисликлар бўйича 14 минг нафар меҳнат мигрантларини жалб қилишни режалаштиришмоқда. Мутахассисликлар орасида  монтажчи, электр пайвандчи, электр монтажчи, ғишт терувчи, арматура, қолиплаш, бетон плиталарни жойлаш ва ички пардозлаш бор.

“ТехСтрой” МЧЖ лойиҳаси раҳбари Николай Попов компания нима учун ўзбекистонлик ишчиларни танлаганини изоҳлаб туриб, улар меҳнатсеварлиги ва жанжалкаш эмаслиги, аксарияти дини сабаб алкоголь ва гиёҳванд моддаларига мойил эмасликларини қайд этди. 2020 йил декабрида фирма ташкиллаштирилган ҳолда 472 нафар мигрантни ишга олди. Ҳозир бўлажак ходимлар ишлаш учун рухсатномани расмийлаштиришмоқда ва тез кунда ўз меҳнат вазифаларини бажаришга киришишади.

“Республика фуқаролари ўзларини пайвандчи, ғишт терувчи, дурадгор ва бетончи сифатида яхши кўрсатишди”, - дейди Попов Sputnik мухбири билан суҳбатда.

Қурилиш компаниялари январь охиригача Ўзбекистоннинг Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида суҳбат ўтказмоқчи. Россия фирмалари 21 ёшдан 50 ёшгача, камида бир йиллик тажрибага эга, рус тилини суҳбат қуриш даражасида биладиган номзодларга қизиқиш билдирмоқда. Танловдан ўтганлар 60 минг рублдан 100 минг рублгача маошга даъвогарлик қилишлари мумкин. Мигрантлар ётоқхона, махсус кийим-бош ҳамда ишнинг биринчи ойида овқат билан таъминланади.

Ишчилар етишмаяпти

ГК “Инград” қурилиш департаменти директорининг ўринбосари Светлана Бабкина Sputnik агентлигига ҳозир қурилиш фирмаларига объектларда меҳнат мигрантлари етишмаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компания хорижлик ишчиларни қадрлайди, чунки улар ўзларининг интизоми, бардошлилиги ва қоидаларга аниқ риоя қилишлари билан ажралиб туришади.

Бабкина компанияда яқин хорижий мамлакат фуқаролари келмаётганлиги сабаб қийинлик юзага келганини таъкидлади. Компания объектларидан ишчиларнинг 60 фоизини хорижликлар ташкил этади.

HeadHunter хизмати маълумотлари ҳам Россия бозорида қурувчилар етишмаётганидан дарак беради. 2020 йили мартдан майга қадар қурилиш соҳасида бўш иш ўринлари сони учдан бирга қисқарди ва чеклов чоралари ва иқтисодий ноаниқлик сабаб юзага келганди.

Бирок кейин соҳа жонлана бошлади – июнь ойига келиб Россия бўйлаб қурилишда вакансиялар ҳиссаси ўртача 38 фоизга ўсди ва 2020 йил февралдаги ковидга қадар кўрсатгичлардан ошди. Бўш иш ўринлари чўққиси 2020 йил сентябрь ойига тўғри келди: бу ойда иш берувчилар ходимларни ёллаш ҳақида 70 мингдан зиёд эълон беришди. Бу 2020 йил январидаги кўрсатгичга қараганда 64 фоизга кўпроқ.

“Август ойида қурилиш соҳасидаги битта бўш иш ўрнига фақат иккита номзод тўғри келмоқда – бу меҳнат ресурслари етишмаслигини англатади”, - дея маълум қилди hh.ru. матбуот хизмати Sputnik агентлигига.

Айрим қурилиш объектларида иш деярли умуман тўхтаб қолмади

Давлат томонидан молиялаштирилаётган қурилишларда иш бошқаларига қараганда яхши кетмоқда – иш деярли умуман тўхтаб қолгани йўқ, дейди 31 ёшли тожикистонлик Аҳлиддин Саидов. У Москвада қурилаётган касалхоналарнинг бирида бригадир бўлиш ишлайди.

“Пандемия вақтида ишларимиз икки ҳафтага тўхтаб қолди, холос. Худога шукур, ҳозир бундай эмас. Айрим мигрантлар иш ва маош юзасидан қийинчиликка дуч келди. Лекин биз давлат объектини қурар эдик, шу боис ишлашда давом этардик”, - дея эслайди у.

Саидовнинг таъкидлашича, унинг иш берувчиси мигрантларни ётоқхона билан таъминлайди, ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам беради. Ишчиларга соатбай ҳақ тўланади: 180 рублдан 220 рублгача. Оддий ишчи ойига ўртача 40 минг рублдан 50 минг рублгача пул ишлаб олади.

Қурувчиликдан курьерликка

Қатор компаниялар барибир молиявий қийинчиликка дуч келган ва бу ишчиларга ўз таъсирини кўрсатган. Тожикистоннинг Турсунзода шаҳридан бўлган Абдумалик Каримов “Сколково”да қурилаётган корхонада бригадир эди, лекин кўп ўтмай қисқартирилган.

“Мен захира гуруҳида эдим: бизни исталган вақтда ишга чақиришарди. Ҳеч қандай барқарорлик йўқ эди. Декабрь ойида эса ҳеч қандай тушунтиришларсиз барча ишчиларга жавоб бериб юборишди”, - дейди Абдумалик.

Аммо у саросимага тушиб қолмаган ва курьерликка ўтган. Абдумаликнинг тан олишича, курьер сифатида у кўпроқ пул ишлаяпти: ойига ўртача 70 минг рублдан зиёдроқ, қурилишда эса 60 минг рубль олган. Лекин баъзан курьерларнинг иш соати кунига 13-14 соатгача чўзилади.

Шу билан бирга турли соҳаларда ўз ишларидан айрилган мигрантлар ўзларини бошқа соҳага уришгани кузатилган. Шулардан бири тожикистонлик Тимур Зафаров. У Самарада кафеда ишлаган. Лекин пандемия бошланиши билан ишидан айрилган ва бир ярим ой уйда ўтирган. Шундан сўнг Москвага келиб, бўёқчи сифатида ишлашни бошлаган.

“Иш ҳақи воситачининг сахийлигига боғлиқ. Бир кунда 1800 рублдан 3000 минг рублгача пул топаман”, - дейди у.

465

WhatsApp фойдаланувчилари ёппасига Telegramга ўтмоқда, IT гигантлар бунга қарши

156
(Янгиланган 15:54 20.01.2021)
Яқинда, WhatsApp компанияси томонидан эълон қилинган хавфсизлик сиёсатини ўзгартириш ҳақидаги хабар бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар мессенжердан воз кечиб бошқа хизматларга ўта бошлади.

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Маълумки бугун миллионлаб фойдаланувчиларга эга бўлган IT-бозорининг йирик иштирокчилари фаолиятининг ишончли давом этиши кўпчилликни қизиқтиради. Уларнинг стабил ишлашидан нафақат оддий фойдаланувчилар, балким йирик тижорий компаниялар, жамоат ташкилотлари давлат органлари фаолияти манфаатдор бўлиши мумкин.

Ўтган йилнинг охирида WhatsApp мессенджери дастурдан фойдаланишнинг янги шартларини эълон қилинган эди. Янги қоидалар 2021 йилнинг 8 февралида кучга кириши ва улардан воз кечган ҳолда  фойдаланувчи аккаунти автоматик равишда блокланиши керак эди.

Бундай талаб мессенжер фойдаланувчиларига маъқул келмади. Кўпчиллик ундан воз кечишга қарор қилди ва бошқа платформаларга ўтишни бошлади. Муқобил мессенжерлар орасида энг оммавийси – Telegram бўлди. Шу вақтга қадар АҚШда унчалик оммавий бўлмаган Telegram, қисқа вақт ичида юклаб олиш бўйича энг оммавий дастурлардан бирига айланди. Дастур App Store ва Google Playда юклаб олиш бўйича иккинчи ўринга чиқиб олди. Фақатгина 6-10 январ кунлари Telegram дастурни 5,6 миллион киши юклаб олди, умумий аудитория сони 500 миллиондан ошиб кетди.

Мутлақ очиқ

Хўш нега WhatsAppнинг таклифи бутун дунё фойдаланувчиларнинг ғазабини қайнатди ва ундан воз кечишга сабаб бўлди?

Янги хавфсизлик қоидаларида айтилишига кўра, фийдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари Facebookнинг барча дастурлари учун очиқ бўлади. Эслатиб ўтамиз, Facebook WhatsAppни 2014 йилда 19 миллиард долларга сотиб олган эди. Ушбу маълумотлар рўйхатига фойдаланувчи телефон рақами, унинг исми шарифи, смартфон ва уяли алоқа оператори ҳақидаги маълумотлар, IP-адреси, молиявий операциялар ҳақидаги маълумотлар ва бошқалар.

Хўш, бу маълумотларни учинчи шахсга бериш нима учун керак?

WhatsApp таъкидлашига кўра, “айрим” маълумотлар Facebookка берилишидан ҳеч ким зарар кўрмайди, фойдаланувчиларнинг хабарлари шифрланган ҳолда қолади.

Россия электрон коммуникациялар Ассоциацияси бош таҳлилчиси Карен Казарян айтишига қараганда WhatsApp “бўлишаётган” маълумотлар рекламани таргет қилиш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.  

“Фойдаланувчи ёзишмалари ва суҳбатлари ҳеч қаерга узатилмайди ва шифрланган кўринишда қолади, лекин уларнинг ўғирланиши эҳтимоли ҳар доим бор. Шу сабабли компанияга ишониш ёки ишонмаслик – фойдаланувчининг ишидир. Лекин ҳимоя даражаси барибир юқори, - дейди Казарян.

Бауман номидаги МГТУ рақамли криминалистика факультети профессори Виталий Вехов айтишига қараганда WhatsApp юклаб олиш жараёнида фойдаланувчидан смартфоннинг барча муҳим функцияларидан фойдаланиш учун бир талай рухсатномалар беришни талаб қилади.

“Мессенжер фойдаланувчининг барча шахсий маълумотлари, адреслар рўйхати, смартфон камераси ва микрофонидан масофадан туриб фойдаланиш имконияти ва бошқа функциялар. Фойдаланувчи бунга рози бўлган заҳотиёқ унинг шахсий ҳаёти ушбу дастурни яратган шахслар учун сир бўлмай қолади. Яна бир бор эслатиб ўтаман, WhatsApp - бу АНБ (АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги) дастуридир.

Биз бундан сиёсий мақсадларда қандай фойдаланиш мумкинлигини яқинда АҚШда бўлиб ўтган ҳукумат алмашиш жараёнида жуда яхши кузатдик, - дейди Вехов.

Эксперт хулосасига кўра, янги шартлар қабул қилинмасдан олдин ҳам фойдаланувчи дастурни ўрнатган заҳотиёқ ўз шахсий маълумотларидан фойдаланишга имконият очиб беради.

Сабр косаси тўлди

Бутун дунё фойдаланувчилари Эдварда Сноуден очиқлаган ва WikiLeaks сайти орқали эълон қилинган фактларни жуда яхши эслашади. Шундан сўнг кўпчиллик ахборот махфийлиги – бу шунчаки чиройли ваъда эканини тушуниб етди. Шу сабабли ҳам одамлар шахсий ахборотнинг ҳар қандай тарқалишидан қўрқиб қолишган.

Сўнгги кунларда кузатилган, ижтимоий тармоқларда АҚШ президенти Дональлд Трамп ва унинг тарафдорларининг таъқиб қилиниши, Parler хизматининг блокланиши оқибатида - кўпчиллик америкаликлар Telegramга қизиқа бошлаган эди. Рақобат нафасини ҳис қилган Facebook эса Telegram хавфсизлигини шубҳа остига олувчи ва унинг Россия билан боғлиқлигини таъкидловчи хабарлар тарқата бошлади.

Бироздан сўнг эса американинг Coalition for a Safer Web (Хавфсиз интернет коалицияси) номли нодавлат нотижорат ташкилоти Telegramни App Store ва Android маркетдан ўчиришни талаб қила бошлади. Уларнинг фикрига кўра, у ерда расист ва неонацист мазмунли материаллар кўп тарқатилар экан.

Telegram асосчиси Павел Дуров, албатта ушбу айбловларга жавоб берди. Унинг фикрига  кўра америкаликлар, фақат сиёсийлашган технологик гигантлар ва монополистларнинг қўлига қараб туришни истамайди. Фойдаланувчилар маълум вақтга қадар чидаб келишган бўлса-да, энди уларнинг сабр косаси тўлган.

Телеграм ўз навбатида, ижтимоий тармоқда зўравонликни чеклашга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта давомида администраторлар АҚШ ҳудудида зўравонликка чақирувчи юзлаб хабарларни ўчириб ташлашган.

Информационные технологии
© Sputnik / Наталья Селиверстова

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам ўзининг йиллик катта интервьюси давомида Telegram борасида тарқалаётган хабарларга изоҳ берди. Вазир хулосасига кўра, АҚШ бир қатор халқаро шартномаларга аъзо эканини ва улар ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини сақлаш борасида қатор мажбуриятлар юклашини эслатиб ўтди.  

“АҚШ ҳали ҳам Инсон ҳуқуқлари ва асосиий эркинликларини ҳимоя қилиш конвенцияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пакти аъзоси. Шунингдек, Хельсинки якуний акти, ЕҲХТнинг бир қатор ҳужжатлари, Париж хартияси ва 1999 йилда имзоланган Европа хавфсизлик хартияси аъзосидир” – деди Лавров.

Ўзбекистон нима дейди?

АҚШ ва Ғарб бир вақтлар инсон ҳуқуқлари бузилшида, сўз эркинлиги чекланишида айблаган, Ўзбекистон ҳам бугун АҚШни ўзига келишга чақирмоқда. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз Telegram-каналида бу борада ўз фикрларини билдирган.

Алламжонов айтишига қараганда, агар App Store ва Google Play ўз майдончаларидан Telegramни ўчирса, бу ушбу платформаларга ишонган, аксариятни ташкил қилувчи намунали фойдаланувчиларга нисбатан ноҳақлик бўлади.

“Салбий контент исталган мессенджер ёки ижтимоий тармоқда тарқалиши мумкин, ўша Facebook ва Twitterда ҳам, келинг, унда уларни ҳам ёпамиз!”, - дейди  Масс-медиа фонди раиси.  

Telegram, терроризм, экстремизм, антисемитизм, порнография ва бошқа таъқиқланган контентга қарши энг кўп курашувчи мессенжерлардан биридир. Ушбу тармоқ орқали пандемия даврида миллионлаб одамлар керакли маълумотларни тезкорлик билан олиш имконига эга бўлди, дейди Алламжонов.

“Maъно" тадқиқотчилик ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев айтишга қараганда Ўзбекистонда WhatsAppга қараганда Telegram бир неча баробар оммавийдир шу сабаб ҳам Ўзбекистон томонидан Telegramнинг қўллаб-қувватланиши бу таъбиий ҳолдир.

Америка мессенджердан асосан иш юзасидан фойдаланишга мажбур бўлган фуқаролар фойдаланиши мумкин. Telegram – эса энг оммавий мессенжер ҳисобланади.Бугунги кунда аксарият давлат муассасларининг ва ҳатто президентнинг ҳам ушбу тармоқда расмий саҳифаси бор.

АҚШдаги сиёсий кураш вақтида ижтимоий тармоқ ва турли платформалар унга қандай таъсир ўтказганини кўпчилик яхшилаб кузатиш  имконига эга бўлди. Шу орада Signal каби янги мессенжерлар ҳам пайдо бўлди. Лекин электрон гаджетлардан фойдаланаётган ҳар бир фуқаро бир нарсани яхши билиши керак: ҳар қандай гаджетнинг “калити” бор.

Виталий Вехов айтишига кўра, замонавий гаджетларига ишлаб чиқариш жараёнидаёқ масофадан туриб бошқариш кодлари киритилади. Фойдаланувчи маълум дастурни юклаб олганидан сўнг, бошқариш кодларига эга бўлган тузилмалар унинг смартфонига “кириши” мумкин. Бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилишнинг иложи қолмайди.

156

Кремл "Путин қасри" ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди

334
(Янгиланган 20:21 20.01.2021)
Кремл Геленджикдаги Владимир Путиннинг "қасри" ҳақидаги Алексей Навальний томонидан ўтказилган суриштирувни асоссиз сафсата ва компиляция деб атади.

ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Кремл Геленджикдаги Владимир Путиннинг "қасри" ҳақидаги Алексей Навальний томонидан ўтказилган текширувни асоссиз сафсата ва компиляция деб атади.

Куни кеча Навальний жамоаси президент Қора денгиз қирғоғида 100 миллиард рублга қаср қургани тўғрисидаги материални эълон қилди.

"Биласизми, бу мавзу 3-4 йил олдин тармоққа ташланганди. Ва бу ҳолатда қуруқ сафсата қилинмоқда, мана бу ҳийла-найранглардан фойдаланишга бир неча бор уринишди. Кўпинча ўзларини қийнашмаяпти ҳам <...> ҳеч бўлмаганда бирон бир нарсани исботлаш эмас, ҳеч бўлмаганда тасвирлаб беришга минимал уринишлар билан” - деди президент матбуот котиби Дмитрий Песков.

У ягона янгилик бу - "монтаж ҳикоялари"дан фойдаланиш бўлган, дея тахмин қилди.

"У ерда, маълум бир қасридаги бассейнда, Путиннинг Енисейда сузиб юргани акс этган <...> бутун дунёда тарқалган <...> тасвирлар қўшиб қўйилган. Бу шундай қуруқ констатация", - деб тушунтирди Кремл вакили.

Бундан ташқари, Песков россияликларни "ФБК муттаҳамларига" пул ўтказмасликка чақирди, бундай текширувлар – бу фирибгарлик эканлигини таъкидлади.

"Давлат раҳбарига қарши тайёрланган ва тайёрланаётган ахборот хужумлари ҳақида аллақачон бизга маълум. Улар бўлган, афсуски, давом этади. Бу ҳолатда президент мавжуд бўлмаган мулкка эгалик қилишда айбланмоқда. Бутун мол-мулк Россия президенти томонидан ҳар йили декларацияланади ва чоп этилган йиллик декларацияда акс этган", - деб хулоса қилди Песков.

334
Теглар:
Навальний, Кремль, Москва, Россия
Мавзу бўйича
Кремль ЕИнинг Навальний туфайли санкцияларига муносабат билдирди
Олимпиада-Навальний жанжали: АҚШ ва Британия энг қимматли нарсасини қутқармоқда
Лавров ЕИнинг Навальний туфайли санкцияларига муносабат билдирди
Навальний иши: Россия Европа Иттифоқига қарши санкция қўллади
Навальний билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноят ишини қўзғатишга асос йўқ - Лавров
Коронавирус, Беларусь, Қорабоғ ва Навальний: РФ ташқи разведка раҳбари билан интервью