Замминистра высшего и среднего специального образования Узакбай Бегимкулов

Янги Ўзбекистон талабаси қандай бўлиши керак? ОЎМТВ вазир ўринбосари билан суҳбат

602
(Янгиланган 16:31 28.09.2020)
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Бегимқулов Sputnik нашрига берган интервьюсида рақамли университетга ўтиш, Ўзбекистонда нега хорижий ОТМлар филиаллари кўпаяётгани ва нега яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон олий таълим тизими шу кечаю-кундузда ўз тарихидаги энг йирик трансформацияни бошдан кечирмоқда. Бу "ўтиш" жараёнида коронавирус пандемияси берган зарба, албатта, Ўзбекистон олий таълим тизимига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Аммо қисқа муддатда ягона бирлашган онлайн-платформанинг ишга туширилиши ва республика бўйича энг яхши профессор-ўқитувчиларнинг онлайн-лекциялари талабалар эътиборига ҳавола қилиниши тизимни акс таъсирлардан ҳимоя қилди. Sputnik Ўзбекистон ХААга берган интервьюсида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов рақамли университетга ўтиш, ёшларнинг илмга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон нега ўз ҳудудида хорижий ОТМлар филиалларини кўпайтираётгани ва нима сабабдан энг яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Узоқбой Шоимқулович, Ўзбекистонда олий маълумотли ишсизлар ёки ўз эгаллаган касби бўйича эмас, бошқа соҳада ишлайдиган мутахассислар жуда кўп. Лекин бирор маротаба қайси соҳага қандай мутахассис керак, неча кишига талаб бор, эшитмадик. Меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни ким ўрганади? Рақобатбардош, турли ҳаётий ва маданий шароитларга мослашувчан профессионал кадрларни тарбиялаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда республикада?

- Хабарингиз бор, уч йил олдин - 2017 йилда, Муҳтарам Президентимизни "Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури" қабул қилинган эди. Мана шу дастурда олий таълим тизимини ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Шулар орасида энг устувор йўналиш - бу ёшларимизни олий таълим билан қамровини ошириш эди. Таққослаш учун, 2016 йилда 9% битирувчиларда олий таълимда ўқишни давом эттириш имконияти бор эди. Бугунга келиб, 25%дан ошдик.

Охирги 4 йилда 47 та янги олий таълим муассасаси ташкил қилинди.

Одатда олий таълим муассасаларига қабул квоталари қандай шакллантирилади?

Аввалги Иқтисодиёт, ҳозирги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бевосита ҳудудлардан қанча ўқитувчи, қанча шифокор, қанча инженер ва ҳоказо соҳалар мутахассисларига бўлган талаб ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб тўплагач, қабул квоталарини биргаликда таълим йўналишлари ва олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаймиз. Демак, кўриб турибсизки, ҳар бир ҳудуд ва соҳанинг истиқболли ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўналишлари, устувор вазифаларидан келиб чиқиб қабул квоталари шакллантирилади.

Давлат буюртмаси, давлат гранти асосида таҳсил оладиган талабалар  йўлланма асосида ишга юборилади. Тўлов-контракт асосидаги битирувчиларга тавсияномалар берилади, улар шу асосда ишга жойлашишлари мумкин.

Рақобатбардош кадрларга келадиган бўлсак, биласизми, бизни қувонтирадигани - ҳозирги кунда иш берувчилар секин-аста ўз талабини қўйишни ўрганди. "Менга биргина болға урдирадиган эмас, бутун бошли автоматлаштирилган тизимларни ишлатадиган инженер керак", дейишади. Ўзи тараққиётни маълум бир даражасида иш берувчилар кириб келиши ва олий таълим мазмунини шакллантиришда иштирок этишлари шарт. Иш берувчи бизга буюртмачи бўлиши, у қўяётган малака ва билимга эга бўлиш учун мутахассис қайси фанларни ўқиши кераклигини эса биз белгилашимиз керак. Шу боис бугунги кундаги асосий талабимиз - талабаларда мустақил билим олиш кўникмасини ривожлантиришдан иборат. Технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир даврда яшаяпмиз. Домланинг ўтган дарси билан кифояланмасдан, ўзи ҳам мустақил илм излайдиган талаба эртанги кунда яна қайта ўқиши керак бўлмайди. Асосий вазифамиз ёшларимизни янги билим-кўникмаларни мустақил эгаллашлари учун тайёрлашдан иборат. Ҳозирги олий таълим мазмунини мана шунга йўналтиришимиз керак.

- Мактабни битирган ўзбек ёшлари шу кечаю-кундузда қайси соҳаларга кўпроқ қизиқиш билдиришяпти?

- Ёшларимиз асосан, техника, IT- йўналишларини кўпроқ танлашаяпти. Жорий йил ОТМларга 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширди. Деярли ҳамма муассасаларимизда абитуриентлар сони кескин ошди. Бир ўринга 30 та абитуриент даъвогарлик қилган йўналишлар ҳам бўлди. Энг кўп абитуриентлар ҳужжат топширган ОТМлар бу СамДУ, ТерДУ, Урганч Давлат университети, ФарДУ, ЎзМУ, Тошкент Давлат техника университетлари бўлди.

Бу ёшларимизнинг олий таълимга бўлган ишончи ошаётганидан далолат беради. Билими борлари кираман деб ҳаракат қиляпти ва киряпти ҳам. Олий таълим муассасаларига боғлиқ бўлмаган шаффоф, очиқ қабул тизими яратилган.

Қабулни биз ўтказмаймиз, қолаверса, абитуриентларга бешта университетни танлаш имконияти берилган, демак, потенциал талабамни билмайман, минг хоҳлаганимдаям.

- Битирувчиларнинг аксарият қисми ўз эгаллаган соҳаси эмас, бошқа соҳада ишлашади. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Битирувчининг ишга жойлашиши жуда кўп факторларга боғлиқ - ишхонасининг уйидан узоқлиги, ёки оилавий шароити, буни ҳам инобатга олиш керак.

Фикрим, олий маълумот олдими, шу соҳани мутахассисими, демак олган фундаменти битирувчига бошқа соҳаларда ҳам ўзини кўрсатишига имконият беради.  Бу, албатта, яхши.

Аммо яна бир масала бор. Олий таълимга ёшларни тайёрлашда оила муҳим роль ўйнайди. Олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётган абитуриент жуда кам ҳолатларда аниқ мақсад билан "олдиндан ўша йўналишга кираман, шу соҳани эгаллайман", дейди. Бола ўқитувчи бўлишга қизиқади, лекин ота-онаси ўз фарзандининг ё прокурор ё иқтисодчи бўлишини хоҳлайди. Натижада бола иқтисод бўйича ўқийди, лекин ундан иқтисодчи чиқмайди. Вақт ўтиб у ўқишини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ёки бўлмаса олий таълимга кирсам бўлди, деган мазмунда ҳужжат топширишади. Жорий йилнинг ўзида 30 мингга яқин ёшлар ўқишини кўчириш учун ариза топширган. Улар ичида 15 мингдан ортиғи ўз таълим йўналишларини ўзгартиришни хоҳлашган. Буни олдиндан мақсадли кириш эмас, деб ҳисоблаш мумкин.

Ёки бўлмаса бу йил иккинчи мутахассисликка ҳужжат топширганлар сони олдинги йилларга нисбатан 4 марта кўп. Бу дегани биринчи дипломга эга, лекин ўзини соҳасида ишламаяпти. Мана шундай ҳолатлардан билишимиз мумкинки, болада у олий таълимга келишидан олдин ўша соҳа бўйича қизиқишни оилада ва мактабда уйғотиш керак. Бола мана шу соҳани аниқ эгаллайман, деган мақсад билан ОТМга келиши керак. Бундай тоифадаги талабалар ҳеч қачон ўқишини кўчирмайди ёки иккинчи олийни ўқимайди. Бакалавр дипломи билан ҳам ўзини соҳасида юқори натижаларга эришади.

- Мактаблар билан бу борада қандайдир ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

- Ҳозирда шундай ҳамкорлик бошланган. Олий таълим муассасалари кимё, биология ва математика йўналишидаги мактабларга бириктириляпти. Демак ОТМ бўлажак талабасини ўша бириктирилган мактабдан қидиради - фан олимпиадаларини туманлар, мактаблар кесимида ўзи ўтказиб, кадрларни саралаб олади. Бундан ташқари, ОТМдаги етук олим-профессорларнинг мактабларга бориб семинар, мастер-класслар ўтказиб, маърузалар ўқийдиган селекцияга ўхшаш бир тизимни жорий қиляпмиз. Эътибор берган бўлсангиз, бу йил техникумлар ташкил этилди. Масалан, Транспорт техникумини битирган ёшлар Транспорт университетига киришда иккинчи курсдан суҳбат асосида қабул қилиниб, ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўляпти. Буям кадрлар селекциясининг бир шакли.

- Коронавирус пандемияси  ва таълим мавзусига ўтсак. Март ойининг ярмидан Ўзбекистонда мамлакат миқёсида карантин жорий этилди. Бир вақтнинг ўзида ОТМлар масофавий таълимга ўтганини кузатдик. Онлайн-ўқиш таълим сифатини тушириб юбормадими? Ва умуман, масовафий таълим келажагини қандай кўрасиз?

- Биласизми, бугунги кунда энг аввало таълимдаги муҳит трансформацияга учрамоқда. Ҳозир ўқитувчининг вазифаси ўзгаряпти. У энди бир томонлама билим узатувчи эмас, балки талабани билим олиш фаолиятига йўналтирувчи сифатида янги мақомда иш юритиши керак. Шу нуқтаи-назардан аудиториядаги дарснинг ўрни беқиёс. Тўғри таъкидладингиз, биз 1 апрелдан масофавий таълимга ўтдик, лекин бу жараёнда жуда кўп қийинчиликларга дуч келдик. Биринчидан: ўқитувчиларимизнинг тайёргарлик даражаси. Янги форматда иш юритиш услуби аксарият ўқитувчиларни довдиратиб қўйди. Иккинчидан, талабаларимиз бундай форматда билим олишга тайёр эмасликлари маълум бўлди. Қарс икки қўлдан чиқиши керак – ОТМ тегишли шароит яратиб бериши керак. Талабаларда эса шундай форматда билим олишга мотивация кучли бўлиши лозим. Яна бир томони – техник муаммолар бўлди. Ҳамма узоқ ҳудудларимизда ҳам яратилган ресурслардан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас эди, тахминан 402 минг нафар талабадан 30 мингида( 8%и) турли сабабларга кўра, интернетга уланиш имкони йўқ эди.

Вазирлигимиз пандемия шароитида қисқа вақтда ҳар бир олий таълим муассасаси масофавий таълим платформаларини ягона платформага бирлаштирди. Яъни, дейлик, физика фанини Миллий университет ҳам ўқитади, Қашқадарё ОТМси ҳам. Талабага ўқув материалини танлаш имкониятини яратдик: унга қайси ресурс маъқул бўлган бўлса, кириб ўшани ўқиш имкониятини бердик. Шу тарзда, ОТМларнинг таълим ресурсларини бирлаштириш орқали биз бу жараёндан ўтдик.

Масофавий таълим яхши, аммо буни учун талабаларда мустақил билим олиш, креатив салоҳият малакасини ривожлантириш керак. Шундагина кейинги глобал ривожланиш, глобал тараққиётда ўз ўрнини йўқотиб қўймайдиган, керакли пайтда зарур билимни олиб, ўзида зарур кўникмани шакллантирадиган мутахассис бўлади. Мени ўйлашимча, келажакда албатта анъанавий таълим билан масофавий таълимни уйғунлиги бўлиши керак.

Албатта, бу дастлабки қадам эди, биз бу нарсага биз 100 фоиз тайёр эдик, деб айтолмайман.

Давлат дастурида шу йил учта ОТМ: Тошкент давлат юридик университети, ТАТУ ва Тошкент давлат педагогика университетида масофавий таълимни тажриба сифатида жорий этиш белгиланган.

Чунки ҳамма таълим йўналишида ҳам масофавий таълимни жорий этиб бўлмайди. Дейлик, инженер ёки шифокорлик йўналишида. Бундай шароитда маълум бир қисм фанларни онлайн-форматга ўтказамиз, бироқ амалиётда ўтиши лозим бўлган - қўл билан бажариладиган ишлар ҳам бор, уларни  масофавийга ўтказа олмаймиз.

Шунингдек, сиртқи таълимда аралаш технологияларни жорий қилдик. Мана, шу йилдан 35та ОТМда кредит-модуль тизимига ўтдик. Бунинг маъноси нима? Дейлик врач беморни қабул қилганида, у билан мулоқотда бўлади. Бунинг учун у психологияни билиши, унда нутқ маданияти бўлиши, ўзини соҳаси бўйича касаллик белгиларини айтиб бера оладиган бўлиши керак. Мана шу кўникмаларни битта гуруҳ қиламиз – дейлик, мулоқот компетенцияси. Бу компетенция учун бўлажак шифокор учта фанни ўқийди - бу фанлар гуруҳланиб битта модул бўлади ва мана шунга кредит берилади.

Кредит-модул тизими амалий кўникмани ривожлантиришга қаратилган таълим жараёни бўлади ва мустақил таълим методикаларини қўллашни кенгайтиришни тақазо этади. Агар талаба шу компетенцияга эга бўлмаса, унда пробел бўлади, демак у тўлиқ мутахассис бўлолмайди.

- Ўзбекистонда чет эл ОТМлари филиаллари сони кескин ортди. Охирги 3 йилда 15та хорижий филиаллар ташкил қилинди. Бу нима учун керак?

- Хорижий филиаллар сони шунчаки кўпаяётгани йўқ. Яқин-яқингача Ўзбекистонни дунёнинг географик харитасида билишмас эди. Мана энди Янги Ўзбекистон сифатида дунёга таниляпмиз, Ўзбекистон олий таълим тизимини ҳам жаҳонга танитишимиз керак.

Битирувчиларимизни сифати бизни ишимизга баҳо беради. Шундай экан, хорижий филиаллар сони оширилиши билан биринчи навбатда илғор таълим технологиялари ҳам мамлакатимизга кириб келяпти. Москва Давлат Университети, Американинг Вебстер Университети, МИСиС – ахир булар ўз соҳаси бўйича етакчи таълим муассасалари.

Ҳар қандай ОТМ даражаси - бу илмий даражали ўқитувчилар улуши ёки хориждан жалб қилинган профессор-ўқитувчилар сони билан ўлчанади. Хорижий ОТМлар филиалларининг ташкил этилиши, хорижий етакчи университетлар билан қўшма дастурлар - Ўзбекистон олий таълими тизимининг ичида рақобатни шакллантиради. Бу ниҳоятда зарур - рақобат бўлмаса, ривожланиш бўлмайди.

Ҳозирда 22та давлатдан 104та таълим йўналиши бўйича икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйганмиз.

Эътибор беринг, Ўзбекистонда ОТМларнинг илмий салоҳияти охирги 3 йилда ҳар йили 3%дан ортяпти. Йигирма йилда очиғи, бу кўрсаткич йилдан йилга пасайиб бориб, пасайиш 2017 йилда биринчи маротаба тўхтатилган эди.

-  Қўшма дастурлар туфайли яхши мутахассисларнинг чет элга кетиб қолиши, русча айтганда "кадровая утечка" деган бир ҳолат юзага келиб қолмайдими, нима дейсиз?

- Бизнинг бугунги кундаги барча ҳаракатларимиз етук малакали битирувчиларни тайёрлашга қаратилган. Аввало ўзбекона менталитетга хос - уйидан узоққа ҳеч қаерга кетиб қолмайди. Хорижга бориб ишлаб, маълум вақтдан кейин тажриба орттириб қайтиб келса, бу ҳам яхши. Нима қилибди, нега биз буни чегаралашимиз керак? Ватанига хизмат қилиш ҳисси қалбида йўқолмаса бўлди.

- Ўзбекистон ёшларининг олимликка қизиқиши қай даражада? Ёш олимларни қандай қўллаб-қувватлайсизлар?

- Бугунги кундаги асосий ишларимиздан бири ёш олимларни илмий-тадқиқотчилик фаолиятига кенг жалб қилишга қаратилган. Докторантурага қабул квоталари 3 баробар ошди. Кириш учун битта ўринга 4-5тадан даъвогар тўғри келяпти.

Ўтган йили магистратурага 7695 та ўрин берилган ва 22 мингдан зиёд ариза тушган эди. Бу йил 10 425 та жой ажратилди, 74 мингдан ортиқ ариза тушди.

Ёшларнинг илмга қизиқиши ортмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга кескин эътибор бериш бошланди. Уларга уй-жой, машина олиш учун кредитлар берилмоқда.

- ОТМлардаги бошқарув жамоалари кўпинча сизлар, яъни вазирликдан "буйруқ" келишини кутиб ўтиришади.

- Саволингиз тушунарли. Биз икки йил олдин олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берганмиз. Яъни ўқув жараёни мазмунини, ўқув режаларингни иш берувчилар талаблари, халқаро тажрибадан келиб чиқиб ўзларинг ҳал қилинглар, деганмиз. Биз ҳозирда фақатгина умумий стратегияни белгилаб беряпмиз.

Мана, ўнта ОТМ бу йил молиявий мустақилликка ўтди, лекин афсуски, ҳали ҳам нима қилишни кутиб ўтириш ҳолатлари йўқ эмас. Уларни дунёқарашини ўзгартиришимиз керак.

- Шу йилдаги режалар қандай?

- Режалар бисёр. Олий таълимни бошқаришнинг ахборот тизимларини жорий қиляпмиз. Вазирлик рақамли форматга ўтаяпти. АКТни жорий этиш орқали очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаймиз. Университетларни рақамли форматга ўтказиш ишларини босқичма-босқич давом эттирамиз.

Илмий фаолиятни ривожлантиришмиз керак. Шу учун замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантиришга ҳаракатдамиз: бу ОТМлар қошидаги технопарклардир. Хориждан 112 та замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари олиб келинди, 7 та олий таълим муассасалараро илмий тадқиқот лабораторияларини ташкил қиляпмиз.

Бугунги кунда бизга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак. Ҳамма ҳаракатларимиз ёшларга сифатли таълим беришга қаратилган ва бунга эришамиз.

602

"Русларда ўнлаб, бизда эса иккита": АҚШ қай борада Россияга етолмайди

147
(Янгиланган 22:45 30.10.2020)
Америкага Шимолий қутбда ишлашга қодир музёрарлар етишмаяпти ва Россия бу борада ундан устун ҳолатда. Музёрарлар ва уларнинг йирик давлатлар манфаатларини илгари суришдаги роли ҳақида - РИА Новости материалида ўқинг.

ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik, Андрей Коц. Америкаликлар Арктикани шиддат ила бой беришмоқда. Сенатнинг Қуролли Кучлар бўйича қўмитаси аъзолари Рожер Уиикер ва Дан Салливан АҚШ учун шундай бир ноумид хулосага келишди. Сенаторлар фикрича, мамлакатга Шимолий қутбда ишлашга қодир музёрарлар етишмаяпти ва Россия бу борада Қўшма Штатлардан устунроқ ҳолатда. Музёрарлар ва уларнинг йирик давлатлар манфаатларини илгари суришдаги роллари ҳақида - РИА Новости материалида ўқинг.

Ёлғиз музёрар

Уикер ва Салливан дейдиларки: Москва 40та кемадан иборат дунёдаги энг йирик музёрарлар флотига эга. Таққослаш учун: АҚШ соҳил хавфсизлиги хизматида атиги иккита — PolarStar ва Healy музёрарлари бор. Жумладан, иккинчиси, бортда юз берган ёнғиндан сўнг таъмирланмоқда. Битта соз музёрар эса иқтисодий ва ҳарбий томонлама қолган барча давлатларда устун держава учун камлик қилиши аниқ.

Ахир Арктика устидан назорат бой табиий ресурсларга йўл очади ва Евроосиё шимолида мунтазам ҳарбий иштирокни таъминлайди.

Экспертларнинг эслатишича, жорий йил ёз мавсумида Россия ҲДФ томонидан совуқ уруш давридан буён биринчи марта Аляска қирғоқларидан унчалик олис бўлмаган масофада йирик ҳарбий машғулотларни ўтказилди. Бундан ташқари, Москва, Собиқ Иттифоқ парчаланганидан кейин Артикадаги ўз ҳолича ташлаб қўйилган 50га яқин ҳарбий объектларини қайта тиклади. У ерларда яна қўшин ва қуролларини жойлаштирди. Ўз навбатида, Хитой ҳам муз классидаги иккита кемани барпо этмоқда ва минтақани иқтисодий "Қутб ипак йўли" сифатида кўз остига олаётганини ҳатто яширган ҳам эмас. Арктика ҳаёт байрамида америкаликлар аниқ камбағал қариндош кўринишини олган.

Ҳали июнь ойида президент Дональд Трамп кўпсонли музёрарлар флотини яратиш зарурати ҳақида хабар қилди. Америка ҳукумати олтита янги кема, жумладан, мамлакатда 40 йилдан буён қурилмаган оғир классдаги кемалар қурилиши бўйича дастурни ишга туширди. Конгресс бош музёрарни аллақачон молиялаштирди — у 2024 йилда денгиз синовларига чиқиши керак. Ўз навбатида, Соҳил хавфсизлиги қўмондонлиги иккинчи кема учун маблағ сўради.

Ҳозирча эса, дейди сенаторлар, Polar Star хизмат муддатини камида 2023-йилгача узайтиришга тўғри келади. Кема аср бошида деярли ўз ресурсини ишлатиб бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, АҚШга Арктикада етакчиликни таъминлаб бериш вазифасига унинг тишлари ўтмаслик қилиши аниқ кўринади.

Муз армадаси

Россия муз классидаги кемалар қурилишини ҳеч қачон тўхтатмаган. Хусусан, 21 октябрда 22220 "Арктика" лойиҳасидаги бош атом музёрар ишга тушилилган эди. Ҳар бири 175 мегаватт бўлган иссиқлик қувватига эга иккита РИТМ-200 реактор қурилмалари билан жиҳозланган кема 2,8 метр қалинликка эга музни бир ярим-икки узел тезликда енгиб ўтади. Океан билан бир қаторда дарёлар ўзанларида ҳам ишлай олади. "Атомфлот" - "Сибирь", "Урал", "Якутия" ва "Чукотка" лойиҳасидаги қўшимча тўртта кемани олишни режалаштирмоқда. Биринчи икки кемани 2021- ва 2022-йилларда эксплуатацияга киритиш режалаштирилган.

""Арктика" музёрарининг сувга туширилиши — бу маҳаллий верфда, шунчаки, жуда йирик, боз устига ғарб технологиялари ва эҳтиёт қисмларидан ҳоли, оригинал кема яратилишини англатмайди, — деди Sputnik радиоси эфирида ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар маркази директори Алексей Подберезкин. — Асосийси — сиёсий мазмун. Музёрарларнинг янги серияси яқин йилларда қурилади, ва Россия Шимолий денгиз йўли бўйлаб вазиятни нафақат чуқур сув ҳавзаларида, балки, энг муҳими, саёз сувли ҳудудларда ҳам назорат қила олади. Эндиликда биз йил давомида Жануби-Шарқий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақасида Европага транспорт коридорини таъминлай оламиз".

Ҳар қандай ҳарбий ва фуқарлик қурилиши муваффақияти сири - айнан атом музёрарларида. Россия "Арктика"дан ташқари, 75 минг от кучига эга икки реакторли ядро энергетик қурилмали икки кема ("Ямал", "Ғалабанинг 50 йиллиги"), қуввати 50 минг от кучига эга бир реакторли ускунага эга икки музёрар ("Таймир", "Вайгач"), 40 минг от кучига эга реактор агрегатига эга "Севморпуть" ("Шимолий денгиз йўли" маъносида, тарж.) атом лихтеровози (юкларни лихтерларда ёки баржаларда, контейнерларда ташиш учун ихтисослашган кема) ва бешта техник хизмат кўрсатиш кемасига эга.

"Совет Иттифоқи" ледоколи эксплуатация захирасида турибди. Бу ҳатто дизель-электрик кемаларни ҳисобга олмаган ҳолда жуда улкан арктика флотилиясидир.

Шулардан энг янгиси суперзамонавий "Илья Муромец" бўлиб, у 2017 йилда Шимолий флот таркибидан ўрин олган. У қалинлиги бир метргача бўлган тўлиқ муз майдонида ишлашга қодир. Ўзининг асосий вазифаси - арктика сувларидан кемаларни ўтказишдан ташқари, кема арктика қўшинлари гуруҳи учун юкларни етказиб беради. Лойиҳа борт қурол-аслаҳалари хусусан, кема тезотар артиллерия ускуналари АК-630, АК-230, АК-306лар монтажини ҳам кўзда тутади.

Назарий жиҳатдан музёрарни зарба берувчи жанговар кемага айлантириш мумкин - бунинг учуе уни кемаларга қарши ракеталар билан жиҳозлашнинг ўзи кифоя қилади.

Ҳамиша етакчи бўлган

Россия муз классидаги кемалар қурилишида ҳамиша бошқа давлатлардан олдинда бўлган. Замонавий типдаги илк музёрар - 1864 йилда туширилган "Пайлот" винтли қутқарув буксири эди. Махсус бурун қисми унга муз устига чиқишга ва ўз вазни билан музни синдиришга имкон берган. Ушбу конструкция халқаро эътирофга сазовор бўлган. 1871 йилнинг қишида Германия ҳукумати Гамбургс порти акваторияси ва Эльбани муздан тозалаш мақсадида Россиядан ушбу музёрар чизмаларини харид қилади. Сабаби, экстремал даражадаги паст ҳарорат минтақадаги савдони бутунлай сиқувга олган эди. Шундан сўнг, Дания, Швеция ва АҚШ тадбиркорлари ҳам немислардан ўрнак олишади.

Жаҳондаги биринчи ядровий музёрар кема ҳам СССРда барпо этилган — унга "Ленин", дея ном берилган эди. Атомоход 1959-йилда Денгиз флоти вазирлиги ихтиёрига топширилган. Ушбу гигант шимолий кенгликларда навигацияни анчайин узайтирди. Фақатгина олти йиллик эксплуатация даврида "Ленин" 82 минг денгиз милидан ортиқ масофани босиб ўтган ва мустақил равишда 400дан ортиқ кемаларни ўтказган эди. 1989-йилда музёрар Мурманскдаги абадий стоянкадан жой олди, у федерал аҳамиятга эга маданий мерос ёдгорликлари ягона реестрига киритилган.

Россия — лихтеровоз-музёрарни эксплуатация қилувчи ягона давлатдир. 61,88 минг тонна сув сиғимига эга бўлган "Севморпуть" - 1988 йилдан буён ишлатилиб келинаётган дунёнинг энг йирик юк ташувчи кемасидир. У бир метргача қалинликка эга бўлган муз остидан мустақил равишда тешиб ўтишга қодир. Бугунги кунга келиб, у атом кучли қурилмага эга бўлган амалдаги ягона юк кемаси саналади.

147

Лондон тан олди: Россияга қарши жирканч уруш олиб борилмоқда

920
(Янгиланган 17:53 29.10.2020)
НАТО SCL компаниясини 2015 йилда ёллаган, ўшанда компания Украинада “Оранжевая революция” уюштириб Ющенконинг “сирли заҳарланиши” ёрдамида ғалаба қозонган эди.

Британия Россияга қарши ахборот ва кибер уруш олиб бораётганини расман тан олди. Албатта бу ҳеч ким учун янгилик ёки оламшумул воқеа бўлмади – бугун дунёда бунга ишонмайдиган кишининг ўзи кам қолган. Лекин лорд Марк Седвиллнинг ушбу фактни тан олиши – расмий Лондоннинг Россияга қарши диверсион ҳаракатларини тасдиқлади. Бугунга қадар улар буни очиқчасига бўйин олишга бироз ийманиб туришарди.

Седвиллнинг ўзи бундай операциялар билан яқиндан таниш бўлса керак, чунки у яқин-яқинга қадар Британия бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси эди. Бир вақтнинг ўзида у Уайтхоллнинг барча бюрократик аппаратини ҳам бошқариб турарди. The Times нашри хулосасига кўра, Седвилл расмий дипломатик карьерасидан ташқари Британия разведка хизмати - МI-6 офицери ҳам бўлган.

“Сиз буни кўрмаётган бўлсангиз, бу - биз ҳеч нарса қилмаяпмиз дегани эмас. Британия Россия раҳбарияти ва уларнинг манфаатларига нисбатан қатор яширин ҳужумлар ўтказди. Шунингдек Лондон Россия олигархларининг мулки ва банк рақамларига “ов” қилмоқда”, - деди собиқ амалдор ва бўлажак лорд.

Олигархлар мулки борасида – бу ғоя Россияга ҳам маъқул. Путин бир неча бор россиялик бизнесменларни огоҳлантирган ва “капитални у ишлаб топилган жойда сақлашга” чақирган эди. Ғарбий давлатларнинг бундаё баёнотлари бизнесменларга яна бир туртки бўлади. Капитални Россияда сақлаган ишончлироқ – Британия махсус хизматлари ҳам буни тасдиқламоқда.

Россияга қарши киберҳужамлар ва қўпорувчилик кампаниялари борасида эса – лорд Седвилл бироз маккорлик қилди. Унинг айтишича Лондон, гўёки, Россияга қарши зимдан ҳужумларни Солсберидани Скрипаллар заҳарланишидан сўнг “жавоб” сифатида бошлаган. Ҳа, албатта, ишондик, унга қадар  МI-6 Россия томонига “умуман қарамаган”.

Эслатиб ўтамиз “Скрипаллар иши”2018 йилнинг 4 март куни содир бўлди, Британия махсус хизматларининг Россияга қарши фаолияти эса бундан анча олдин бошланган.

Британиянинг психиологик ва ахборот ҳужумлари амалга оширувчи Strategic Communications Laboratory (SCL Group) фирмасини эсга олсак. Улар ҳеч қачон Британия, АҚШ ва умуман НАТОнинг махсус хизматлари буюртмаларини бажарганини яширмаган.

Хусусан, ўша 2018 йилнинг март ойида ушбу компания шўъбаси бўлган Cambridge Analytica шов-шувли можаро марказида бўлган эди. Компанияни АҚШ президент сайловига аралашишда айблашган эди.

Ўшанда компания вакиллари, бўлажак буюртмачи билан суҳбат қилаяпмиз деб ўйлаб, журналистларга ижтимоий тармоқларда қалбаки аккаунтлар қайд этиш, Интернетда дезинформация тарқатиш, аудиторияни таргетлаш - хуллас кенг кўламли ахборот уруши олиб бораётганларини тан олишган эди.

2015 йилда НАТО SCL компаниясини Россияга қарши “уруш” учун ёллаган эди. Ўшанда компания Киевда 2004 йилда бўлиб ўтган “Оранжевая революция” намойишларини ташкил қилганини тан олган эди. У революцияда “қўзғолончилар” Ющенконинг “сирли заҳарланиши” ёрдамида ғалаба қозонишган эди.

Кейинчалик Киев тан олишига қараганда аслида ҳеч қандай заҳарланиш бўлмаган. Шу ерда ўз ўзидан савол туғилади: балким ушбу “мутахассислар” Скрипалларнинг ва россиялик айрим шахсларнинг ҳам сирли заҳарланишларга алоқадор?

SCL уларни Британия мудофаа вазирлиги ва Донецк халқ республикасини Киев ҳукумати томонидан Донецк Халқ Республикасининг обрўсини тўкиш ва бузиш учун ёлланган эканини ўзлари тан олишди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеалар Солсберидаги ҳодисадан анча олдин содир бўлган. Хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган лорд Седвилл улардан албатта хабардор. У ўзича “жентлменлар” сўзига ҳали ҳам ҳамма ишонади деб ўйласа керак.

Бизнинг давримизда кибер-қурол ва кибер-кузатувдан барча фойдаланишини ҳамма яхши тушунади. Ушбу қуроллар нафақат рақибларга нисбатан, ҳатто итифоқчиларга нисбатан ҳам қўлланилади. Америка махсус хизматлари томонидан Ангела Меркелнинг телефони йиллар давомида эшитиб келинганининг ўзи қанча шов-шув бўлганди. Улар Скрипалларга қадар Россия ортидан кузатишга ҳаракат қилмаётганликлари ҳақида ўйлаш ҳам кулгули.

Айрим хорижий махсус хизматлар русларни “тинглаётгани” ҳақида баралла айтишмоқда. Масалан Голландия ОАВлати уларнинг AIVD махсус хизмати хакерлари  2014 йилнинг ёзида россия давлат муассасалари сайтларини бузиш жараёнида бир Москва ОТМнинг сайтини бузиб уни доимий кузатиб турган ва бунинг натижасида Cozy Bear хакерлар тармоғини фош қилишган. Эътибор беринг, ўша вақтлар “рус хакерлари” ҳақида ҳали ҳеч қандай хабарлар йўқ эди, Голландияликлар эса рус серверларни бузишни бошлаган ва бу билан фахрланишмоқда ҳам.

Энди бўлса Британия лордлари, Кремл ички серверини бузишга уринаётганини гўёки Портон-Даун яқинида кимдир заҳарланганига жавоб қилиб кўрсатишга уринмоқда. Бу ҳақида Седвиллнинг The Times нашрига берган интервьюсида айтилган.

Лондон мақтанишига кўра, “Скрипаллар иши”га жавобан улар Россиянинг Британиядаги барча шпионлар тармоқларини йўқ қилиб ташлашган. Қизиқ, унда Британия нашрларининг биринчи полосаларида “Қироличани кузатишга уринаётган Путин шпионлари” ҳақидаги мақолалар қаердан пайдо бўлмоқда?

The Sunday Express ёзишига кўра “ГРУ хакерлари” Елизавета II нинг Портон-Даундаги хуфия лабораторияга ташриф буюриши ҳақидаги хабарларни олишга уринишган. Афсуски нашрда “аллақаочон йўқ қилинган шпионлар тармоғи”га қиролича ташрифининг графики қандай наф келтириши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Эҳтимол рус хакерлари қиролича лабораторияга қайси рангли либосда келиши билан қизиққан? Балким уларга ҳарбий лабораторияда 94-ёшли қиролича учун ишлаб чиқарилаётган “абадият эликсири”нинг рецепти керак бўлиб қолгандир? Нима бўлганда ҳам, Британия нашрига масаланинг бу томони қизиқ эмас, асосийси - Россияга қаратилган қандайдир айблов бўлса бас.  

Ғарб махсус хизматлари Россияга нисбатан қандайдир яширин, жирканч уруш олиб бораётганини, албатта, кўпчиллик билади. Дезинформация, доимий киберҳужумлар, шпионаж, очиқча дживерсиялар – буларнинг барчасида Британиянинг қўли бор.  

Лекин шу кунга қадар ушбу яширин урушни олиб бораётган компаниялар ўзларининг ундаги иштирокини инкор қилиб келишаётган эди. Уларга нисбатан айбловлар - Россия ва Путин томонидан ўйлаб топилган “уйдирмалар” деб келинаётган эди.

Энди бўлса Москва,  навбатдаги провокация ёки “заҳарлаш” ҳақида сўз кетганда, лорд Сэдвиллнинг ростгўйлиги туфайли, қайси манбаага ҳавола беришни яхши билади.

920