Микрофон. Архив сурат

Ўзбек эстрадасига назар: замонавий қўшиқлар ҳақида луқмалар

14450
(Янгиланган 19:47 01.09.2017)
Яқинда"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбарияти газета ўқимайдиган, ТВ томоша қилмайдиган, дунёда кечаётган воқеаларда бехабар хонандаларни қайта ўқитиш, уларнинг маънавиятини ошириш зарурлиги ҳақида фикр билдирди. Фақат... нима сабабдан бирлашма хонандалардаги айрим қусурларни бунчалик кеч "пайқаб" қолгани таажжуб уйғотмоқда.

ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Ўзбек эстрада юлдузлари ижросидаги "ажабтовур" қўшиқлар матни борасида бунга қадар ҳам тўхталганман. Каминани фақат бир нарса қизиқтиради, "Ўзбекнаво" раҳбарияти "ўқитиш" машғулотларини хонандалардан эмас, балки ўз таркибидан бошлагани маъқулдир…

Нега десангиз, бизга маълумки, бугунги кунда одамнинг гоҳ энсасини қотириб, гоҳ кулгисини қистаётган қўшиқлар Бирлашма бадиий кенгаши тасдиғидан ўтмоқда.

Энди эса, замонавий қўшиқларда тез-тез қулоққа чалинадиган ғалати ибораларга қайтамиз.

Шоҳруҳхон. "Кўзларим сени излаш билан овора". Ўзлари-чи? Ўзлари эса қўшиқ куйлаяпти!

Хонанда Шоҳруҳхон ва актриса Асал Шодиева. Архив сурат
Хонанда Шоҳруҳхон ва актриса Асал Шодиева

"Шаҳло икки кўзингиз", деб куйланади қўшиқлардан бирида. Тасанно!!! Хонанда мантиқни яхши биларкан, фақат учинчи ва тўртинчи кўзлар ҳақида савол туғилса нима деркин?

"Менинг кўнглим сенда, сеники қай ёнда?» деб куйлайди Шаҳло Аҳророва. Хонанданинг кўнгил ҳақидаги тасаввури ғалати. Бирор четда думалаб ётган моддий нарса, деб ўйлайдими?

Будур эса ҳатто ўзиниям яхши тушунмайди. "Назаримда мен ҳам сени тинч қўймайман!" деб куйлайди у "Гўё" номли қўшиғида.

"Дод дегим келяпти дастингдан", деб куйлайди хонанда Феруза Каримова. Қизларимиз, аёлларимиз санъатга ҳам ўз оилавий машмашаларини олиб кираётгани қизиқ.

Муниса Ризаеванинг Шаҳзод Муродов билан куйлаган "Ўжар" дуэтини кўриб, хонанда анчадан бери тўплаб юрган жаҳлини шу қўшиқ орқали роса тўкиб солибди-да, дедим. Йигитга шунчалар дўқлайдики, қўшиқ эмас, қарғиш айтаётгандек туюлади. Қўшиқчилик санъати жанжаллашадиган жойми?

Фарҳод Саидовнинг "Қизми бу, кийикми бу?" деган иборасини кулги қилмаган қизиқчи қолмади… Гап шундаки, кийик кўпроқ ўзимизнинг хонаки жонивор – эчкига ўхшаб кетади-да. Фарҳод Саидов ижросида-ку, айниқса.

Шу хонанданинг "Мени севсанг" қўшиғи(айтганча, "Мени севсанг кийим ярашган, ярашмаган чоғимда ҳам сев!".. — севги ижтимоий буюртмалар билан тартибга солинмайди ахир!)га суратга олинган клипда АН-2 самолёти (авиациянинг трактори, дейиш мумкин) тўсатдан ҳалокатга учраб, учувчи йигит гадойтоппас ерга қулайди (?!) ё хотирасини йўқотади ёки ўша ердан ўз ватанига қайтолмайди.

30-40 йил нари-берисида юртига қайтиб, қариб кетган севганини учратади. "Кукурузник"да қандай қилиб шунча олисга кетган бўлса? Бу клип дунё миқёсдаги мавзуни маҳаллий даражага кўчириш қанчалар ўхшовсиз ва кулгили чиқишини исботлайди.

Изатилла Шукуровнинг қўшиғидан мисралар:
"То сўнгги нафасим бергунча бу дунё
сен мени кўп этма умидвор".

Хонанда нима демоқчи ўзи? Биринчидан, дунё нафас бермайди. Иккинчидан, гапнинг биринчи бўлаги иккинчи бўлагига умуман мос келмаяпти. Хоҳлаган жойга хоҳлаган сўзни тиқиб, гап ясаб кетавериш мумкин экан-да. Ҳатто шеърда ҳам гапда мазмун бўлиши лозим!

Фарҳод ва Ширин "Омон бўлайлик"ни айтиб, яна бир карра оддий ҳақиқатни исботлади – уларга бировларнинг қўшиғи жуда ярашади.

Яқинда Сардор Раҳимхон ҳам она ҳақида куйлади. Тасанно! Барча хонандалар учун бу  мавзуда куйлаш ёзилмаган қоидага айланган. Лекин оталар-чи? Улар ҳақидаги қўшиқлар бармоқ билан санарли. "Канго" сақичига раҳмат! У "Дадангга қани?" шиорини ўртага ташлади. (Дадалар ҳеч бўлмаса сақич чайнаб ўтирсин, демоқчидир-да.)

Жозибали чиққан сўзни такрорлайвериш қўшиқчиликнинг катта муаммоси. Бу шу даражага етяптики, айрим қўшиқлар деярли бир-икки сўздангина иборат бўлиб қолмоқда. "Шаҳзод" гуруҳининг "Йўқ, дема" қўшиғида бир нақоратда "дема" сўзи 40 марта такрорланади. Нақоратнинг ўзи тўрт марта такрорланса, қўшиқда бир сўз 160 марта айтилган бўлиб чиқади.

Манзуранинг "Лазги" қўшиғидаям "лазги" сўзи 100  мартадан ортиқ ишлатилган.

Дилдора Ниёзова ширин хотира ва туйғуларни уйғотадиган оҳангга мослаб, Тошкент ҳақида қўшиқ куйлади:

"Сен нон шаҳри бўлгансан,
Ва ҳозир ҳам шундайсан".
Тўғри, Дилдора хоҳласаям ёмон куйлолмайди, лекин "бўлгансан"ни "шундайсан"га, "тонггача"ни "осмонгача"га қофиялаш, тўғрироғи, шуларни қофия, деб ўйлаш кимнинг хаёлига келган бўлса?

Қўшиқчиликда қофияга умуман эътибор берилмай қўйди. Ашулачиларимиз негадир сўз сўнгидаги қўшимчаларни қофия деб санай бошлади. Фақат Феруза Каримовагина қофияга урғу беради. Лекин у ҳам мазмун ва мантиқнинг ҳисобидан. Хонанданинг қўшиғига қофия сиққан-ку мантиқ ва мазмунга жой қолмаган.

Бугун қўшиқчилик шеъриятни тан олмайди. Хонандаларимиз оддий сўзларни сал чўзиб айтсанг қўшиқ бўлади, қофия эса ортиқча даҳмаза, деб ўйлайди. Албатта, тушови уловига мос, деб адабиёт ўқимайдиган мухлисга шуям бўлаверади, деб ҳисоблашар-да.

Ҳолбуки, яхши қўшиқ фақат ва фақат яхши шеърдан дунёга келади. Ҳар қандай машҳур хонанданинг ортида албатта иқтидорли шоир бўлади.

Шуҳрат Умарнинг "Етолмадим" қўшиғига ишланган клип ғояси, адашмасам бундан бурун ҳам икки марта "ишлатилган" (довдир режиссёр, клип олдирмоқчи бўлган хонанда ва продюсери). Клипда ҳинд саунтрекларини  пародия қилмоқчи бўлишган-у (қизиқ, жиддий қўшиқ ва жиддий мавзу фонида), ўзлари пародия бўлиб қолган. Жаҳонгир Позилжоновдан ўрганишса бўларкан. У ҳақиқатан пародия қилиб, ўзи пародияга айланмайди.

Бугун ҳар икки клипдан бирида Муҳаббат Қурбонова, Паризода ва Жумадилла Раметовнинг машинаси суратга тушмоқда.

Муниса Ризаева «Лол қоламан» қўшиғида йигитнинг сабрига лол қолиб, ўзига бўлган оташин ишқини пинҳон тутишидан нолийди. Ғалати, ўзи ҳали айтмаган бўлса, бировнинг кўнглидаги оташин ишқни қандай билди-ю, бундан керилиши нимаси? Балки, у йигит умуман совуққондир, ҳеч кимни умуман севмас. Шунинг учун сизга эътиборсиздир? Ўзи, айримларни тушуниш қийин, севса "севади", деб жар солади, севмаса ҳам "севади", деб жар солади.

Хонанда Муниса Ризаева
© Sputnik / Валерий Левитин
Хонанда Муниса Ризаева
14450

Насафий жаримага тортилди

559
(Янгиланган 16:26 12.01.2021)
Ўзбекистонда биринчи марта - муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳаваскор хонанда маъмурий жавобгарликка тортилди.

ТОШКЕНТ, 12 янв – Sputnik. Ўзбекистонда суд Насафий тахаллуси остида ижод қилаётган ҳаваскор хонанда Акмалов Азизиддинни жаримага тортди, деб хабар қилмоқда Интеллектуал мулк агентлиги.

Хабарда айтилишига кўра, бир ой олдин Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Қора кўзли санамжон” қўшиғини муаллиф розилигини олмасдан ва яхлитлигини бузган ҳолда ижро этгани, уни интернет тармоқларига жойлаштириб моддий манфаат кўриб келаётгани учун “Насафий” устидан Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат келиб тушган.

Шундан сунг Агентлик мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий судга баённома киритган. Суд Насафийни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177–моддасининг 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари яъни 669 000 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Бу Ўзбекистон эстрадасида муаллифлик ҳуқуқи бузилиши бўйича кўриб чиқилган биринчи иш бўлса ажаб эмас. Ушбу соҳада кўриб чиқилган бошқа ишлар ва жарималар ҳақида Интернетда маълумот топилмади. 

559

"Саҳродаги Лувр" асосчиси - Савицкий ҳақида туркум китоблар нашр этилади - Саида Мирзиёева

187
2021 йилнинг май ойида ушбу туркумнинг биринчи китоби — музейдаги олдин нашр этилмаган график ишларга бағишланган "Савицкий: буюк коллекционер тарихи"ни кўришимиз мумкин бўлади.

ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. Нукусда — Игорь Витальевич Савицкий мероси ҳақида туркум китобларни тайёрлаш устида иш қизғин кетмоқда, деб хабар қилди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева.

Таъкидланишича, лойиҳа Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Assouline Publishing нашриёти томонидан амалга оширилмоқда.

"Музей экспонатларини суратга олиш мақсадида Нукусга ношир Яффа Ассулин ва фотограф Гаральд Готтшлакнинг ташрифи уюштирилди ва биз жараён билан танишдик. 2021 йилнинг май ойида ушбу туркумнинг биринчи китоби — музейдаги олдин нашр этилмаган график ишларга бағишланган "Савицкий: буюк коллекционер тарихи"ни кўришимиз мумкин бўлади. Музей захирасида сақланаётган хазинанинг кенг жамоатчиликка тақдим этилиши тасвирий санъат ихлосмандлари учун ҳақиқий совға бўлиши шубҳасиз. Жаҳон маданиятининг ушбу мероси юртимизда жойлашгани бизнинг бахтимиздир. "Саҳродаги Лувр"
номи билан машҳур Савицкий музейи ноёб ва бетакрордир, унинг бой коллекциясини бутун дунё кўриши лозим", - деб ёзади Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Москвадаги Рерихлар музейи (Шарқ халқлари давлат санъат музейининг филиали) директори Тигран Мкртычев Савицкий музейи директорлигига ўтказилган очиқ танловда ғолиб деб топилгани ва у 2021 йил 2-январдан ўз вазифасига киришиши ҳақида хабар берган эдик.

187
Теглар:
Нукусдаги музей, музей, Қорақалпоғистон, Нукус, Савицкий номидаги музей, Игорь Савицкий
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев озвучил послание Олий Мажлису

Мирзиёев: янги Ўзбекистонни барпо этиш устунларидан бири - кучли маънавиятдир

115
Президент раҳбарлигидаги йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

ТОШКЕНТ, 19 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

"Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган", – деди Мирзиёев.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда.

Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқ тинчлиги, мамлакат манфаатларини ўйлаб яшаш зарур.

Давлат раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади.

Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Шунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

Президент ушбу марказнинг "Маънавият тарғиботчиси" ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди.

Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.

 

115