Миллион гуруҳи

Шамани шама қилган "МИЛЛИОН"

13340
(Янгиланган 16:35 15.02.2017)
Ҳатто анчайин шафқатсиз спорт тури - боксдаям маълум тартиб-қоида бор. Вазн тоифаси, белдан пастга зарба бермаслик дегандек... "Миллион" жамоасининг кулгисида умуман тартиб-қоида, мезоннинг ўзи йўқ. "Одамлар кулар экан", деб оғзига келганини айтаверишади

Айтишларича, инсондан ташқари маймунда ҳам кулги туйғуси бўларкан.

"Миллион"нинг навбатдаги концерт дастури ҳақидаги рекламани кўриб, негадир шу ўй хаёлимга келди. Албатта, буни қуйида айтилмоқчи бўлган фикрларга алоқаси йўқ. Лекин гап кулги тўғрисида боради.

"Миллион" жамоаси тўғрисида илгариям кўп айтилган. 2016 йилда берилган концертдан кейин ҳам бир-икки гап-сўзлар, фикрлар билдирилди. Бўлди, шундан кейин булар ўзларига келиб, бунақа одатларини қўйишар, деган фикрга борган ҳам эдик. Адашибмиз, чамаси… Яна концерт, яна реклама.

Ҳатто анчайин шафқатсиз спорт тури — боксдаям маълум тартиблар бор. Вазн тоифаси, белдан пастга зарба бермасликка ўхшаш тартиб-қоидалари дегандек. "Миллион" жамоасининг кулгисида умуман тартиб-қоида, мезоннинг ўзи йўқ. "Одамлар кулар экан", деб оғзига келганни айтаверишади.

Вазн тоифаси масаласида: томошага ёшу қари, аёлу эркак — кўпчилик йиғилган, одамлар ёшгина болаларини ҳам олиб келишган, "кулиб кетайлик", дейишган-да. Лекин саҳнада айтилаётган гап фақат маълум тоифа — эркаклар, ундаям йигирма ёшдан эллик ёшгача бўлган эркаклар жамоасида айтиладиган ҳазиллар.

Худди шу ўринда бокснинг белдан пастга зарба бермаслик тўғрисидаги қоидаси эсга тушади. Ухлаб ётганда хотинининг қўли тегиб кетиши… "Мерседес"да юрадиган қизлар… "Почка"нинг қаерда жойлашгани… Дорихонадаги савдо… ва шунга ўхшаш бошқа гаплар. Ҳатто, анчайин муқаддас саналган дастурхонгаям бир гап тегиб ўтиш керак, булар.

Беш минг киши йиғиладиган томошагоҳда айтиладиган гапларми шу?

Ўзбеклар андишали халқ. Шу сабаблиям, айрим нозик ибораларни ҳеч қачон тўғридан тўғри айтмайди. Шамалар орқали гапиради. "Миллион" жамоаси эса айнан ўша шамаларни ишлатиб, одамларни кулдириш йўлини ўрганиб олган ва шу қоидага ҳар доим содиқ қолади. Кейинги йилларда берилган танқидлардан хулоса чиқармади булар.

Тушунамиз, энг доно инсонлар сўзларига икки хил маъно бериб гапира олади. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин "Миллион"нинг гаплари доно кишининг сўзларига яқин ҳам йўламайди.

"Одамлар куляпти-ку", деган эътироз ҳам гоҳ-гоҳ бўй кўрсатиб туради. Лекин одамларни балчиққа йиқилиб ҳам кулдириш мумкин. Кулгининг кулгидан фарқи бўлади-да. Мақсад, инсонийликни йўқотмай кулиш ва кулдириш.

Тўғри, ўзбекларнинг аския санъати бор. Ҳозиржавобликка асосланади. "Миллион"чиларникига бироз ўхшаб кетадиган жойи ҳам бор. Ҳатто шундай миллий санъат турининг усталари ҳам катта саройларига чиқишга шошилишмайди, бўлмаса уларнинг "миллион"чиларга кам жойи борми? Фақат улар ўзлигимиздан узоқлашишмаган, билишадики, ҳар гапнинг, ҳар нарсанинг ўз ўрни, ўз жойи бор.

Аслида аския ҳам андишалилигимиз натижасида юзага келган санъат. Қолаверса, аскиянинг мавжудлиги "миллион"чиларни оқламайди. Аския, ҳозиржавоблик санъати, унда ҳеч ким олдиндан тайёрланмайди. Унинг йиллар давомида концертга тайёрланадиган "Миллион"га аҳамияти йўқ.

"Миллион" ўзининг концертидан ўзи хулоса чиқарса бўларди. Меҳмонга таклиф қилинган "Гап йўқ" жамоаси Ҳожибой Тожибоевнинг гапларидан фойдаланиб, кулги яратишади. Шу оддий бир ҳолатдан ҳам хулоса қилишса бўларди — бир инсон, ҳақиқий иқтидор эгаси, ўзи ўтиб кетиб ҳам, овози билан одамларга кулги улашмоқда. "Миллион"нинг ҳазилларини эса уч кундан кейин биров эсламайди — кулгилари шунчалар қадрсиз ва саёз.

Умуман, беш минг киши саройга фақат ҳазиллашиш учун чақирилмайди-ку. Ҳазилда, ҳангомада, кулгида ҳам ҳеч бўлмаса озроққина ҳикмат, мантиқ бўлиши керак эмасми? Беш минг одамни йиғиб, гап айтмоқчи бўлган инсоннинг ўз мақсади, сўзи ва нияти бўлмайдими? Бировларнинг қўшиғи, сўзини солиштириб, чоғиштириб, шунга мослаб ўйнаб бериш, аёлларни ерга уриш, эски латифаларни айтиш ва буларнинг барчасини шумликлар билан боғлаш билан бу ҳали мақсад эмас, санъат ҳам, шунчаки тижорат, холос.

Қувноқлар ва зукколар даражасида, ҳатто улардан-да пастроқ даражага тушиб қолишган булар. Ахир, "почка"нинг жойлашган жойи ҳақидаги латифани кўча-кўйда ўзини ҳурмат қилган латифагўйлар ҳам айтмайди, булар эса катта саҳнага олиб чиқиб ўтирибди.

Дарвоқе, гапниям эплаган гапирсин экан-да. Халқ олдига чиқволиб, "почка-мочка" қилиши нимаси?

Шундан ҳам "миллион"чиларнинг ўз ишларига қанчалар енгилтаклик билан, эътиборсиз муносабатда бўлишларини илғаш мумкин. Майли кулги, майли ҳазил, майли эски латифа — лекин ҳар қандай гапнинг замирида, насиҳат демайлик, ҳеч бўлмаса, оддий асос бўлиши керак эмасми? Буйрак ҳақида ҳазил қилмоқчи бўлган одам, халқ олдига чиқиб, чаласаводлигингни билдирмай, унинг ўзи нималигини, қайда жойлашганлигини ўрганиб олса бўлмайдими?

Русча гапиришга нима бор экан?

"Б.у." ҳақидаги гаплар-чи? "Б" ҳарфи фақат рус тилида ниманидир ифодалайди.

Даврон Кабулов "мен эчки эмасман", дейди. Даврон "эчки" деганда "козёл"ни назарда тутади-да. Русларда шундай — бу жонивор "чақимчи" маъносини беради. Ўзбек тилида эса "эчки" умуман бошқа маънони ифодалайди — уятсизроқ, шаддод қизларни унга қиёслашади. Қолаверса, "козёл"нинг таржимаси "эчки"ям бўлмайди-да. Даврон "мен така эмасман", деганда кулгили чиққан бўларди.

Мана, бир оғиз гапда шунча ноаниқлик!

"Миллион"нинг сўзга, тилга ва у орқали ўзини тинглагани келган халққа муносабатни шундан ҳам илғаса бўлади.

Бу гаплар "миллион"чиларнинг миллий заминдан қанчалар йироқлигини кўрсатади.

Ўзи одамлар онгида "Миллион" деганда шумликдан бошқа ҳеч нима жонланмайдиган бўлиб қолибди. Ҳатто оддий йўл белгисини кўрсатишса ҳам томошабинлар ундан аллақандай шумликларни илғаб, гуррос кулмоқда. Уларнинг чиқишлари беҳаёликни тарғиб этувчи дастурга айланиб қолган.

Шундай томошада иштирок этиш учун Канизанинг розилик бергани ва қўшиқ куйлагани ғалати. Биламиз, бу хонанда янгиликдан, ҳар хил тажрибадан чўчимайди. Тасанно! Лекин "Миллион"нинг концертида иштирок этиш тажриба эмас, инсоннинг ақлий салоҳияти даражасини белгилайдиган бир мезон бўлиб қолди.

Шундай ажойиб хонанданинг ўзини масхара қилиб қўйиши тушунарсиз. Ҳар ҳолда инсон, ҳатто рейтинг ортидан қуваётган хонандалар ҳам ўз қадр-қимматини билиши керак, чамаси.

Албатта, "миллион"чилар "биз тўғри қиляпмиз, билганимиз билган", деган фикрда ва ҳеч қандай танқидни қабул қилмайди (кейинги концертлари буни кўрсатди).

Уларда ўз ишларига танқидий баҳо бера билиш қудрати бўлганда, икки йиллик танаффусда тегишли хулосалар чиқарган бўларди. Йўқ, уларга бу пандият бўлмагани кўриниб турибди. Яна ўша бачканалик, яна ўша сўз қашшоқлиги, яна ўша ўта саёз ҳазиллар.

Кўрамиз, бу йил нима каромат кўрсатишар экан? Фақат бир ўтинчимиз, кулгини маймуннинг даражасига туширишмасалар.

13340
Теглар:
Миллион, танқид, концерт

Тухум шаклидаги янги самолёт энг тежамкор бўлиши кутилмоқда

611
Otto Celera 500 нинг ихтирочилари уни сўнгги 50 йилда авиация соҳасида эришилган энг катта ютуқ деб аташмоқда.

ТОШКЕНТ, 22 ноя - Sputnik. АҚШда яқинда ғайриоддий самолётнинг парвоз синовлари муваффақиятли якунланди. Otto Celera 500L - бошқа самолётларга умуман ўхшамаган бўлиб, у кўпроқ сув ости кемасини ёки тухумни эслатади.

Otto Celera 500 самолётининг дастлабки суратлари 2017 йилда пайдо бўлган эди. Орадан икки йил ўтиб унинг парвоз синовлари якунланди ва компания расман маълумотларни очиқлади. Синов натижаларидан келиб чиққан ҳолда, Otto Celera 500Lнинг ихтирочилари уни "сўнгги 50 йилда авиация соҳасида эришилган энг катта ютуқ" деб аташмоқда.

Otto Celera 500L

Техник хусусиятлар

Максимал учиш узоқлиги – 8300 км

Максимал учиш тезлиги – 740 км

Самолёт ёнилғи сарфи 100 км парвозига - 9-13 литр 

Кабина – 6 нафар йўловчига мўлжалланган

Otto Aviation мутахассислари айтишига қараганда, ушбу самолётнинг эксплуатацион харажатлари соатига 328 долларни ташкил қилади. Мисол учун, худди шундай ўлчамдаги замонавий безнес жетлар харажаит соатига 2100 $ дан ортиқ. Самлолёт жуда яхши балансланган оғирлик марказига ва аэродинамик хусусиятга эга - унинг двигателсиз парвоз қилиш хусусияти 22*1ни ташкил қилади, яъни у ўчган двигател билан 10км баландликдан 200 км масофагача етиб бориши мумкин. 

Хўш ниманинг эвазига ушбу самолёт бундай ғаройиб хусусиятларга эга бўлди?

Двигател 

Самолёт ягона двигателга эга бўлиб, у ҳам орқа томонида жойлашган. Авиация соҳасида  бундай жойлашув бир неча устуворликларга эга: биринчидан самолёт жуда кам шовқинли бўлади, иккинчидан бу ёнилғи тежаркорлига хизмат қилади.

Otto Celera 500L

Celera 500 ўзининг замонавий қариндошларидан фарқли равишда реактив двигател эмас 12 цилиндрли V-шаклидаги  турбо мотор билан жиҳозланади. RED А03 деб номланувчи ушбу мотор авиация соҳасига яхши таниш. Уни россиялик авиаинженер Владимир Райхлин яратган. Ушбу двигателнинг асосий хусусияти – унинг мутлақ ишончлилигидадир. RED А03 двигателининг икки яримтаси (6та цилиндр) ҳар бири ўзининг алоҳида ёнилғи, совутиш ва бошқарув электрон тизимларига эга бўлиб, парвоз вақти уларнинг бир қисмида носозлик юз берса самолёт двигателнинг иккинчи ярми ёрдамида энг яқин эропортга қўниши имконига эга бўлади. Шунингдек, реактив двигателга қараганда RED А03 парвознинг ҳар бир соати учун 8 баравар кам ёнилғи сарфлайди. 

Аэродинамика 

Лекин Otto Celera 500нинг энг асосий хусусияти – унинг аэродинамикасида, дейишмоқда самолёт ихтирочилари. Гап шундаки, самолёт катта тезликда ҳаракатланганда унинг атрофидан жуда катта миқдорда ҳаво оқимлари сирпаниб ўтади (ламинар оқимлар). Шу сабабли самолёт устидан бўрттиб чиқиб турувчи ҳар қандай қисм ушбу ҳаво оқимларининг тартибсиз ҳаракатланишига, самолёт юзасида турли айлана харакатлар (вихр) пайдо бўлишига олиб келади. Бу тартибсиз оқимлар эса, ўз навбатида самолётни секинлаштириб, ортиқча энергия сарфлашга олиб келади.

Otto Celera 500L

Айнан шу сабабли ихтирочилар Otto Celera 500 юзасини мутлақ силлиқ қилиб яратишган. Бунинг учун улар ҳатто самолёт шассисини ҳам тўлиқ корпус ичига яширинадиган қилишга. Шунингдек самолёт қанотларини ҳам имкор қадар кичикроқ ва юпқароқ қилиб ясашга, учувчи кабинаси ойналарини ҳам корпус билан текис қилиб ясашган. Натижада самолёт сиртидан ўтадиган ламинар оқимларнинг мутлақ силлиқ, бир текис оқиб ўтишига эришилган.  

Компания хабарига кўра, айни дамда Celera 500L 31та синов парвозини муваффақиятли якунлаб, ўзининг аэродинамик ва ёнилғи самарадорлигини тўлиқ оқлаган. Ҳозирги кунда уни сертификтлаш ишлари олиб борилмоқда. Сертификатлаш ишлари якунланганидан сўнг самолётни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Otto Aviation lастлабки “тухумлар”ни буюртмачиларга 2025 йилда етказиб беришни ваъда бермоқда.

Otto Celera 500L
611

Оскар мукофотига Ўзбекистондан қайси фильм тақдим этилиши маълум бўлди - трейлер

262
(Янгиланган 11:22 22.11.2020)
“Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеалар ҳамда "кўп хотинлик" оқибатида хонадоннинг пароканда бўлиши акс этган.

ТОШКЕНТ, 22 ноя - Sputnik. Бу йил нуфузли Оскар мукофотига Ўзбекистондан “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми тавсия этилди. Ушбу қарор 21 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Оскар қўмитасининг йиғилишида қабул қилинди.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми танланди. 25 ноябргача картина фильм муаллифлари томонидан тегишли тартибда Ўзбекистон Миллий кинокомиссиясига тақдим этилиши зарур, - дейилган хабарда.

“Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади.

Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев, постановкачи рассом Бектош Ражабов, фильм директори Шавкат Ризаев. Ролларда Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси Йиғилишида қўмита раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда қўмита аъзолари Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббосов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Бахтиёр Ёқубов, Фаррух Тўлаганов, Элдор Йўлдошев, Игорь Пинхасов ҳамда продюсер ва Қўмита координатори Ойбек Абдушукуровлар иштирок этишди.

Навбатдаги 93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтади.

262
Национальная валюта Узбекистана — сум

Пенсия таъминотига доир қонун лойиҳаси тайёрланди

482
Молия вазирлиги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритишга доир ҳужжат тайёрлади.

ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Молия вазирлиги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини тайёрлаб, умумий муҳокамага қўйди.

Лойиҳанинг асосий мақсади - “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” 2020 йил 15 октябрдаги қонунига асосан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунида белгиланган “ногирон” деган атамани “ногиронлиги бўлган шахс” атамасига алмаштириш.

- меҳнат қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахсга меҳнат қобилияти тикланганлиги ёки узрсиз сабабларга кўра қайта кўрикдан ўтишга келмаганлиги оқибатида пенсияси тўхтатиб қўйилиб, беш йилдан муддатдан сўнг шахсни такроран ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилганида, амалда бўлган қонунчилик талабларидан келиб чиқиб ногиронлик пенсиясини тайинлаш.

- пенсионернинг вафоти муносабати билан унинг вафот этган ойдаги пенсия пулини оила аъзоларига тўлиқ миқдорда тўлаш.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Давлат бюджетидан ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан йилига 4,4 млрд сўм қўшимча маблағ талаб этилади.

482