Узбекская певица Шахзода

Шаҳзода: ўғлимнинг бири рэппер, иккинчиси эса полициячи бўлишни хоҳлайди

1693
Лев Рыжков
Кремль Давлат саройида оммабоп мусиқа соҳасида Bravo халқаро профессионал мусиқий мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Ўзбек хонандаси Шаҳзода ушбу фестиваль меҳмони бўлди.

ТОШКЕНТ, 29 мар – Sputnik. Тадбирдан олдин Sputnik мухбири Шаҳзода билан мусиқа, кинодаги роллари, ўзбек шоу-бизнесининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда фарзандларининг орзулари ҳақида суҳбатлашди.

Рэп ва полиция ҳақидаги орзулар

- Нима учун Ўзбекистонда камдан-кам концерт берасиз? Кўплаб мухлисларингиз бир неча йиллар давомида концертларингизни кутишади.

- Ҳақиқатда мен кўплаб маротаба чиқиш қиламан, хусусан ҳар йили "Халқлар дўстлиги" саройида етти кунлик концерт бераман. Фақат ўтган йили танаффус олдим, аммо тиним билганим йўқ. Пойтахтда етти кунлик концерт ўрнига вилоятларда чиқиш қилдим, республикамизнинг 12 та вилоятида бўлдим.

- Қайси шаҳар меҳмондўстлиги билан кўнглингизни забт этди?

- Албатта менинг она шаҳрим - Фарғона. Юртдошларим мени ҳамиша илиқ кутиб олишади. Андижонда жуда яхши қарши олишди. Жуда хуш ёқди. Лекин мен ҳамиша Тошкентга қайтишни яхши кўраман.

- Humo Arenaда ҳам концерт беришга чақиришдими?

- Ҳа! Мен Humo очилиш маросимида бўлдим. Жуда ҳашаматли, ўта гўзал бино.

Узбекская певица Шахзода
Sputnik
Узбекская певица Шахзода

- Катта расмий концертларда камдан-кам иштирок этасиз. Нега?

- Тошкентда бўлганимда - бажонидил иштирок этаман. Лекин афсуски, иш режам ҳаддан тиғиз, мен доимо сафарларда бўламан. Мана ҳозир ҳам Тошкентда Наврўз айёми. "Шаҳзода нега йўқ?", - деган савол туғилиши мумкин. Нега деганда Шаҳзода Bravo мукофоти тақдимотида! Баъзан шундай бўлиб туради.

- Лицензияга бўлган талаблари ва аниқ қоидалари билан "Ўзбекконцерт" фаолияти ижод эркинлигига қанчалик мос келади? 

- "Ўзбекконцерт" билан муносабатим жуда илиқ ва яхши. Ўйлайманки, бизда артист истаган нарсасини ижодий ёндашган ҳолда амалга ошира олади. Чекловларга келсак... каналларда аллақандай цензура бор. Лекин инсон истаса ўз видеосини бемалол YouTubега жойлаши мумкин. Бу ерда ўз менталитети, тарбиявий хусусиятига эга шарқона мамлакатлигимизни тушуниш лозим. Эҳтимол бир неча йил олдин бу ҳолат менда қаттиқ эътироз туғдирарди ҳам. Лекин менинг ҳам фарзандларим улғаяётгани боис, мен буни барибир тўғри деб биламан.

- Фарзандларингизнинг артист бўлиш истаги борми?

- Тўнғич ўғлим Солиҳ Плеханов номидаги иқтисодиёт университетини тамомламоқда. Бироқ негадир ўз касби бўйича ишлашни хоҳламаяпти, рэп ўқишни истамоқда. Ўзи матн ёзади. Бироқ мен уни бунда қўллаб-қувватлашга унча тайёр эмасман. Менга доим - артист - эркакка хос касб эмасдек туюлган. Мен Солиҳга доим: "Бу сенинг хоббинг бўлиб қолсин", дейман.

- Иккинчи ўғлингиз, Холид ҳам хонанда бўлмоқчими?

- Умид қиламанки, истамайди. У Британия мактабида таҳсил олади, инглиз тилида бурро гапиради. Холид она тилини эсдан чиқармаслиги учун фақат ўзбек тилида гапирадиган ва рус тилини билмайдиган энагани ишга олганман. Ўғлим беш ёшида уч тилни мукаммал билади. Кейинчалик катта синфларда яна бир тил қўшилади.

- Хуллас, Холид ким бўлишни хоҳлайди?

- Куни кеча ундан бу ҳақда сўрадик ва жавоби ҳайрон қолдирди. У полициячи бўлишни хоҳлашини айтди. Негалигини билмайман. Баъзан у уйғониб "Бугун мени қирол деб чақиринглар!", дейди. Ундан ҳар куни турли ғоялар чиқади.

Шоу-бизнес синов мактаби сингари

- Ўзбек шоу-бизнеси Россия шоу-бизнесидан нимаси билан фарқ қилади?
- Олдинлари матн ва маънога катта эътибор қаратилар эди. Ва бундай қўшиқлар умрбоқий бўлиб қолди. Уларда маъно ва жон бўлган. Янги қўшиқлар орасида ҳам менга ёқадигани бор. Лекин бу қўшиқлар узоқ яшашига ишончим комил эмас. Менимча, Ўзбекистонда қўшиқ кўпроқ қалбдан куйланади.  

- Ота-оналар ҳам бу қўшиқни айтишга уялмайди.

- Ҳа, мен ҳеч кимни танқид қилмайман. Айниқса, ўғлим яқинда рэп айтади. Бунинг охири нима бўлишини билмайман.   

- Эҳтимол, унинг репертуаридан бирор нарса тинглагандирсиз?

- Ҳа. Лекин мен ёмон нарса эшитганим йўқ. Ўйламанки, ҳаммаси тўғри йўналишда кетади. Бунга дилдан умид қиламан.

Узбекская певица Шахзода
Sputnik
Узбекская певица Шахзода

- Шу йўлга энди қадам қўяётган ёш қўшиқчига қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- Мен артист бўлиш - катта меҳнат талаб этади, деган бўлардим. Телевизорда гўзал картина кўрсатилганда, унинг ортида улкан меҳнат ётгани кўринмайди. Биринчи навбатда инсон ўзи устида меҳнат қилиши лозим. Шоу-бизнес - бу ҳаёт учун кураш. Мен қарийб 20 йил саҳнадаман, тажрибам билан ўртоқлашишим, бирон маслаҳат беришим мумкин. Лекин мен ҳамиша инсонни хафа қилиб қўйишдан қўрқаман. Ёшларда ўзига бўлган ишонч жуда юқори. Дейлик, ёш артист ўзини жуда зўр қўшиқчи ҳисоблайди. Ва кутилмаганда унга: сен ҳали ғўрсан, дея ҳақиқатни айтишади. Кимдир бу вазиятда синади, кимдир эса янада кучлироқ бўлади.

Самолётга - китоб билан, кинога - маъно билан

- Ёшлар кўпроқ китоб ўқишлари учун нима маслаҳат берган бўлардингиз?

- Тарбияни оиладан бошлаш керак. Отам – фалсафа фанлари доктори, уларда катта кутубхона бўлган. Улар менга доим бадиий адабиётни ўқишни айтардилар. Бироқ мен кўпроқ психология билан қизиқардим.

- Китоб ўқиш учун кўп вақт қоладими?

- Ҳа, албатта! Мен бўш вақтимда албатта, китоб ўқийман. Масалан, парвозлар пайтида.

- Кинода кейинги ролингизни қачон кутиш керак?

- Мен кино съемкаларни жуда соғиндим. Шундай даврлар бўлган, мен роль танламаганман. Ҳозир ҳам вақт топишим мумкин, лекин сценарий жуда ажойиб бўлсагина.

- Сиз ўйнаган энг севимли фильмингиз қандай?

- Бу эҳтимол "Фотима ва Зуҳра" фильмидир. Картина менга нафақат Ўзбекистон, балки Кавказда кўпроқ машҳур қилиб юборган. Ҳатто томошабинлар концертларимга хонандалигим учун эмас, балки мен ижро этган қаҳрамон Зуҳрани томоша қилиш учун келишган.

1693