"Ўзбеккино" Россия кинокомпаниялари билан келишувлар имзолайди

88
(Янгиланган 21:30 30.09.2019)
Москвада 1-5 октябрь кунлари "Ўзбек киноси ҳафталиги" бўлиб ўтади. Тадбир доирасида ўзбек кинолари намойиши қаторида икки мамлакат киносаноати вакилларининг учрашувлари ҳам режалаштирилган.

ТОШКЕНТ, 30 сен - Sputnik. "Ўзбеккино" миллий агентлиги Россияда бўлиб ўтадиган ўзбек киноси намойиши кунлари давомида Россия кинокомпаниялари билан қатор шартномалар имзолайди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати агентлик раҳбари Фирдавс Абдуҳаликовга таянган ҳолда хабар бермоқда.

"1-5 октябр саналарида ўтказиладиган кино кунлари давомида "Ўзбеккино" ва Россиянинг йирик кинокомпаниялари ўртасида ҳамкорликдаги қўшма лойиҳалар борасида қатор меморандумларни имзолаймиз", - дейилган матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга, томонлар РФнинг "Госфильмфонд"ида сақланувчи бир қатор фильмларни Ўзбекистонга тақдим этиш борасида келишишлари кўзда тутилган.

Ўзбек киноси ҳафталиги доирасида Тошкентдан ташриф буюрган меҳмонлар ВГИК (Бутунроссия давлат кинематография институти) ҳамда "Мосфильм" киностудияларида бўлиб, Россия киносаноатининг энг машҳур усталари томонидан ўтказиладиган мастер-классларда иштирок этадилар.

Фестиваль дастуридан ўзбек режиссёрларининг 14 та киноленталари ўрин олган. Ўзбекистонни "Оскар" мукофотида тақдим этувчи, ёш ўзбек кинорежиссёри Умид Ҳамдамовнинг "Иссиқ нон" фильми - фестивалнинг асосий премьерасига айланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сал олдин ушбу фильм XXVIII "Киношок" фестивалининг бош совринини қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.

88