Дилором Мамедова

Бродвей маликаси - Дилором Мамедова: “Рассомнинг нони қаттиқ, меҳнати оғир”

2228
(Янгиланган 13:42 01.02.2020)
Sputnik Ўзбекистон мухбири таниқли рассом Дилором Мамедованинг ижодий устахонасида бўлиб, у билан суҳбатлашди.

Мукаммал яратилган санъат асари бевосита томошабинни узоқ ўйга толдириши, ҳаёлот оламига олиб кириши, маънавий озуқа, эстетик завқ бағишлаши муқаррардир. Суратлардаги тириклик, яшашга бўлган интилиш, гўзаллик тасвирий санъат асари ихлосмандларини ўзига жалб этиб, мафтун этмай қолмайди, албатта. Жумладан, ўзбекистонлик рассом Дилором Мамедованинг асарларида ҳам ана шу кайфиятни илғаб олиш қийин эмас.

Sputnik Ўзбекистон мухбири таниқли рассомнинг турли жанрдаги асарлари жамланган ижодий устахонасида бўлди ва эксклюзив суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

— Дилором опа, келинг суҳбатимизни анъанавий савол билан бошласак, сизда тасвирий санъатга бўлган илк қизиқиш қачон пайдо бўлган ва илк чизган суратингиз нима бўлган?

Биласизми, бизнинг авлодимизда умуман рассом йўқ. Ҳаммага бу саволга бир хил жавоб бераман, шундай туғилгаман-у расм чизишни бошлаганман. Лекин онамнинг айтиши бўйича, болалигимда энди юришни бошлаган пайтларимда қўлимга қалам олиб деворга чизишни бошлаган эканман. Эсимда бор, онам менга боғчага бораётган пайтларимда “Разукрашка клонов” деган альбомни совға қилган. Шундан бошлаб клонларни кўчириб чизганман. Аввалига ҳеч ким ишонмаган, 3-4 яшар боғча ёшидаги қизчанинг шу расмларни чизганлигига ва мен бундан жуда ҳам хафа бўлганман. Уларнинг кўз ўнгида чизиб берганимдан сўнг ишонишган. Боғчада ҳамма тушлик қилса, мен ёстиғимни тагидан қаламларни олиб чиқиб, расм чизиб ўтирарканман. Онам аввалига ўзбек қизларидан рассом чиқмаган, улғайгани сари кейинчалик бошқа соҳага қизиқиб кетади, деб ўйлаган. Лекин вақт ўтиб ҳам мендаги қизиқиш ва тасвирий санъатга бўлган меҳр сўнмади. Аксинча шаклланди. 

Картины художницы Дилором Мамедовой
Sputnik
Картины художницы Дилором Мамедовой

— Ҳамкасбларингиздан бири, “Биз ўқишга кирган вақтимизда ўқитувчимиз камбағалликка тайёрмисан?” дея савол берган, рассом  касби — камбағал касб” дея фикр билдирди. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?

Биласизми, бу ҳақиқат, рассомнинг нони жуда қаттиқ бўлади, меҳнати оғир бўлади. Бунга чидаш керак. Рассом бир йўла пул топиб оиласини боқа олмайди. Ҳақиқий рассом, ижодкор мана шу ҳаёт билан яшаш керак. Бутун ҳаётини шу соҳага бағишлаш керак. Шундан сўнггина унинг мевасини олиши мумкин. Агар рассом фақат ўқитувчи бўлиб қоламан, мактабда ишлайман деса бўлаверади. Лекин у қуруқ маош учун яшайди.  Маблағи камроқ бўлади, бўёқ, холст ололмайди. Лекин ижодкор рассом кўргазмалар қилса, жуда кўп меҳнат қилса, албатта мевасини кўради. Кўпчиликинг онгида рассомчилик ҳам касбми, деган фикр ўтириб қолган. Лекин рассомчилик жуда катта касб, у дунё кўради бунинг орқасидан, нонини топади. Ўзимдан мисол, мен дунё кўряпман, кўргазмалар қиляпман, маза қилиб севган касбимда ишлаяпман. Бунга меҳнат, ҳаракат ва ўз устимда ишлаш орқали эришдим. Ўзбекистонда ҳам жуда кучли таниқли рассомлар бор. Уларнинг чет эл рассомларидан кам жойи йўқ. Улар ҳам кун келиб дунё бўйича машҳур бўлиб кетишади. Умуман, рассомнинг таниқли бўлиши учун яхши реклама ва ҳомий бўлиши керак.

Картины художницы Дилором Мамедовой
Sputnik
Картины художницы Дилором Мамедовой

— Сизнинг ижодингиз ҳомийси ким?

Ижодим ҳомийси мен ўзим. Аввалига шу соҳага кириб келаётганимда менга ота-онам ёрдам берган. Бўёқлар, холстлар, йўлкира ва ҳамма чиқимлар учун...  18 ёшга тўлганимдан сўнг ота-онамдан пул сўрамасдан, умуман ўзим мустақил равишда “бродвей”га чиқиб, пул топа бошлаганман. Ўша ерда секин аста портретлар чизиб, кейинчалик ўзимнинг чиизган асарларимни сотувга қўя бошладим. Иккинчи ўғлимга ҳомиладор бўлган пайтларимда, пул тўплаб бўёқлар сотиб олиб, сўнг “бродвей”ни бир кунда тарк этишни мақсад қилганман ва шундай қилдим ҳам. Сабаби, “бродвей” шунақа жой эдики, у сизни пул топиш билан андармон қилиб қўяди. Ўз устингизда ишлолмайсиз, кўргазмалар қилолмайсиз, ижод қилолмайсиз. Лекин олдимга қўйган мақсадим тўғри бўлган экан, мен адашмадим. Худога шукр, барчасига эришдим. Бугун меҳнатларим орқали ўзимни уйим бор, машинам бор, ўз устахонам, алоҳида участкам бор. Инсон ҳаракат қилса, ҳаммасига эриша олади.

Картины художницы Дилором Мамедовой
Sputnik
Картины художницы Дилором Мамедовой

— Демак сизни бекорга “бродвей маликаси” дейишмас экан-да?

Тўғри, шундай сарлавҳа билан ҳатто мақола ҳам чиқарилган.  Бродвейда мен 4-5 йил давомида ишладим.  Ўша пайтлар уйда расм чизиб юрадим, лекин ҳеч кимга  кўрсатмас эдим. Бир куни шу “бродвей”да ўтириб, вақтим бекорга ўтаётгани ҳақида ўйланиб қолдим. Шу пайтда олдимга бир россиялик меҳмон келиб қолди ва чизган суратларимни кўриб чиқиб, ҳаммасини сотиб олди. Исми Инга эди. Шу аёл менга, “бродвей”да халтура суратлар сотилади. Сен нега ижодий ишларни бу ерда сотяпсан? Ўз чизган асарларингни ҳурмат қилмайсанми? Мен ҳозир бу асарларингни арзонга сотиб олдим, лекин жуда қимматга сотилади” деганидан сўнг сал ўйлайдиган бўлганман. Чизган асарларимни қадрлайдиган бўлдим. Лекин мен  бу билан буюк рассом бўлиб кетдим, деб айтмайман, олдинда ҳали жуда кўп меҳнат қилишим керак.

Картины художницы Дилором Мамедовой
Sputnik
Картины художницы Дилором Мамедовой

—  Фақат моддий манфаатни кўзлаб тасвирий санъат оламига кирган рассом сизнингча, қай даражада муваффақиятга эриша олади? 

Афсуски ҳозир шундай фикрда рассомчилик касбини танлаётган ёшлар кўп ва улар хато қилишади. Аксарият ёшлар меҳнат қилгиси келмайдида, абстракция йўналишига ўтиб кетади. Тезроқ ишлаб, пул топсам дейди. Бунақа рассомнинг ҳаёти йўли жуда қисқа бўлади. Ҳар хил кўчаларга кириб қолиб, ўзини топа олмайди. Биласизми, томошабинни алдаб бўлмайди. Баъзи ёшлар тез-тез шошиб, халтура ижод қилишади. Сурат чиза олмайди, бўёқларни матонинг уёғига отиб, буёғига отиб, бир нарсалар қилади-да, нима чиздинг деб савол берсангиз “Мен борлиқни шундай кўрдим” дейди (жилмайиб). Аслида у суратда ҳеч нарса бўлмайди. Лекин рассомни хафа қилгингиз келмайди, синиб қолмасин дейсиз. Аммо бу каби рассомлар узоққа бора олмайди, мастер класс кўрсата олмайди. Четга чиқса ҳам унинг асарлари ажралиб қолади.

Картины художницы Дилором Мамедовой
Sputnik
Картины художницы Дилором Мамедовой

— Сиз чизган суратларни қиммат дейишади...

Ҳа. Чунки мен ўзимнинг меҳнатимни, қанча ишлаганлигим, ижодий баҳосини ўзим биламан. Сабаби, асарни яратиш учун керакли бўлган бўёқлар жуда қиммат туради. Бундан ташқари қанча меҳнат қилиш керак. Баъзида эса шундай пайтлар бўладики, асарларимдан биронтасини бировга совға қилиб ҳам юбораман. Сабаби, менга ўша одамнинг ички дунёси ёқиб қолиши мумкин.

— Рассом кайфиятнинг одами ҳисобланади. Сиз кайфиятингиз йўқ пайтларда илҳом париси билан қандай муроса қила оласиз?

Биринчидан, ман ҳеч қачон илҳом кутиб ўтирмайман. Кайфиятим борми, йўқми, мен ишлашим керак. Чунки мен ижод қилаётганимда кайфият ҳам бунга таъсир қилади. Рассом илҳом келишини кутиб ўтирса, умри бекорга ўтиб кетади. Ижод қилаверсангиз, кайфият бевосита ўзидан ўзи ўзгаради. Баъзида менга савол беришади, нега битта суратнинг устида узоқ ўтириб ишлайсиз, деб. Аммо сифат орқали сон-саноқа эришасиз, талаб кўпаяди. Кўз, қўл қанча кўп ишласа, шунча “мастерство” пайдо бўлади.

Картины художницы Дилором Мамедовой
Sputnik
Картины художницы Дилором Мамедовой

— Кайфиятсиз ёки аксинча кайфиятингиз аъло бўлган пайтлар сизнинг чизган картиналарингизга қай даражада таъсир қилади.

(Узоқ ўйланиб)чамаси ўн йиллар аввал устахонам ота-онамнинг уйида бўлган. Тошкентдаги Зарқайнар галлереясида бўлиб ўтадиган шахсий кўргазмамга икки ҳафта устахонам ёниб кетган. Телефон аппаратининг сими орқали ўт чақнаб, ёнғин содир бўлган ва янги чизилган асарларимга тегиб, бари ёниб кетган. Ўшанда менга жуда оғир бўлган эди ва бу кайфиятимга қаттиқ таъсир қилди. Лекин мен ўзимни қўлга олдим  ва ҳамма нарсани тўғрилаш мумкинлигига ўзимни ишонтирдим. Ўрнимдан туриб, ижод қилишни бошладим. Ҳар гал ишлаганимда ўша эски ёниб кетган асарларимни эслаб, чиздим.  Шунчалик алам қилганки, чизяпман, йиғлаяпман... Худо шунақа куч қувват бердики, янги чизган суратларим аввалгисидан ҳам чиройли ва муваффақиятли чиқди. Биласизми, ўшанда амин бўлдимки, ҳаётда нима содир бўлмасин ҳаммасини яхшиликка йўйиш керак экан. Ёнғин ҳақида ҳеч кимга айтмадим ва уч ойдан сўнг ўз кўргазмамни очдим. Ҳаммаси муваффақиятли ўтди. Биласизми, яна қайтариб айтаман, инсон олдига мақсад қўйиб шунга қатъий амал қилса, албатта унга Худо ёрдам беради. 

— Бугунгача босиб ўтган умр йўлларингизни қандай рангларда ифодалаган бўлардингиз?

Мен энг яхши кўрган ранг бу сариқ ранг. Қуёшни жуда яхши кўраман. Чунки биласизми қишда, кузда қуёш чиқиб келса, инсоннинг кайфияти кўтарилиб кетади. Қишда қор ёғгач, кетидан қуёш чиқиб келса, қорлар ўзгача ялтирайди. Мана шу манзарани кўриб, одамнинг яшагиси келади.

— Оилангиз ижодингизга ёки аксинча ижодингиз оилангизга таъсир қилган пайтлар бўлганми?  Булар ўртасидаги мутаносибликни қай даражада таъминлай оласиз?

Оилам, қариндошларим, яқинларим мени ҳамма яхши тушунади. Тўғри, ўзбек аёлига рассом бўлиш жуда ҳам қийин. Бармоқ билан санаса бўладиган аёл рассомлар бор. Негадир Ўзбекистонда аёл рассомлар жуда кам, ўқишни битириб қизлар йўқ бўлиб кетишади. Лекин мана мен шундай шароитда ижод қиляпман-ку? Мен ҳам овқат қиламан, уй тозалайман, кир юваман, югуриб болани мактабидан олиб келаман. Ҳаммасига эришса бўлади, бунинг учун хоҳиш ва истак бўлса бас. 

— Сизни қанақа муҳит илҳомлантира олади?

Жуда кўп нарса илҳомлантира олади. Табиатга чиққанимда, мен этюд излаб баъзида қаерга кетаётганимни ҳам аниқ билолмайман. Паркент, Заркент, Сўқоқ, Бурчмулла,  Чимён, жуда кўп жойларга бораман. Чунки табиат мени ўз гўзаллиги билан ҳар доим илҳомлантириб келган. Мавзу топдим деганча, ўша жойнинг ўзида тўхтаб иш қуролларимни машинадан тушириб, ижодни шу жойнинг ўзидаёқ бошлайман. Одамлар келади, қизиқиб саволларга  тутишади. Имкон қадар гаплашаман, саволларига жавоб бераман. Чалғисам, илтимос, бир оз ишлаб олай деб узр сўраб ижодда давом этаман. Кайфиятим кўтарилади.

— Асарларингизнинг аксарияти пейзаж жанрида экан...

Тўғри, бу табиатни севганлигим боис. Аммо мен бир йўналишда тўхтаб қолишни истамайман. Чизган асарларим орасида реализм ҳам бор, абстракт, пейзаж, натюморт ҳам бор. Умуман жанр танламайман, ҳар хил йўналишда ижод қиламан. Фалсафий йўналишда жуда кўп асарлар чизганман, тез фурсатда сотилиб кетади. Рассом ҳамма жанрда ўзини синаб кўриши керак.

— Ижодкорларнинг ўзига хос характери бўлади. Айниқса, рассомларни сал ҳаёлпарастроқ тасаввур қиламиз. Сизнинг характерингизда ҳам ўзига хослик жиҳатлар борми?

Мен ҳеч кимга, фақат ўзимга ўхшагим келади. Ғайратлиман, шўхман, шаддодман. Худо мени шунақа яратган. Балки четдан қараганда кулгулироқдирман. Умуман бошқа дунё эгаси эканлигим ҳақида одамлар гапиришади.. Лекин мен шунақаман. Одамлар мени боримча қабул қилишларини истайман.

—  Аслида сизни борингизча қабул қиладиган бирорта инсон борми?

Мени ҳамкасбларим қанақа бўлсам шундай қабул қилишади. Баъзида “Дилоромхон, ёш боладек беғуборсиз, ичингизда кирингиз йўқ. Борини гапирасиз” дейишади. Менимча  шунақа бўлиш ёмон эмас. Табиийликни яхши кўраман, аввалдан тайёргарлик кўришни ёқтирмайман. Аслим қандай бўлса, боримни кўрсатаман. 

— Узоқ вақт давомида янги қиёфа янги мавзу кутиб қолган пайтларингизда нималарни ҳис қиласиз? Бугунгача жуда кўп асарлар чизгансиз, дейлик ҳозир вақтинчалик мавзу тополмай, изланишдасиз...

Биласизми, ҳозир айни шунақа пайтдаман. Яқинда “Ўқчи” маҳалласини эслаб, қиш мавсумида баҳор фаслини чизиб тугатдим. Айни дамда ўйлаб ўтирибман, нимани чизсам экан деб.  Лекин шундай нарса чизмоқчиманки, у аввалгиларини такрорламасин. Ҳозирги пайтда нимадир етишмаётгандек, изланишдаман. Кўчага чиқяпман, одамлар билан гаплашяпман, атрофни кузатаман. Хуллас изланишдаман.

— Ижодингизга халақит қиладиган муҳит? 

Ижод қилишимга ҳеч нарса халақит қила олмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бемалол ижод қилавераман. Лекин агарда мендан бўёқ ва иш қуролларимни олиб қўйса, ўзимга ўхшамай қоламан. Асабийлашиб, ўзимни ёмон ҳис қила бошлайман. То ўша суратни чизиб, ичимдаги энергияни чиқариб юбормагунча, ичимда қайнаб тураверади.

— Одамнинг расмини чизиб бўлмайди, бу гуноҳ дейишади. Сиз бу фикрни қандай изоҳлайсиз?

Мен бу фикрни нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки рассом одамни чиза олади, лекин унга руҳни фақат Худо бера олади. Инсоннинг ҳаётини, унинг гўзаллигини чизади рассом, лекин унга жон ато эта олмаслигини яхши билади. Чизилган сурат тарихга айланади. Масалан, инсоннинг ҳаёти, унинг образи, кийинишлари, характерини бўёқлар орқали акс эттирамиз холос. Унга руҳ ато этолмаймиз. Мен буни гуноҳ деб билмайман.

— Қайсидир шогирдларингиз қобилиятида, ёки уларнинг яратган асарида сизнинг ижодингиз такрорланиб қолган пайтлар бўлганми? 

Бунақа ҳолатлар жуда кўп юз берган. Кўплаб шогирдларимнинг асарлари менинг асарларимни такрорлаб қолган пайтлар бўлган. Лекин уларга танбеҳ бериб, ўз қизиқишига қараб йўналтириб, улар ўз йўлини топиб кетган. Сен Дилором эмас, Малика бўлгин, Бахтиёр бўлгин, ўз йўлингни топ деб тўғри йўналиш беришга ҳаракат қиламан. Кўп ҳолларда ёшлар шунчаки суратларимни кўчириб чизиб қўя қолишади. Мен бундан хафа бўлмайман, чунки ўзим ҳам ёшлигимда шундай қилганман. Аммо шу нуқтада тўхтаб қолмаганман. Аста-секин меҳнат қилавериб, ўз йўналишимни топганман. 

— Бугунгача ижодингиз давомида қайси устозингизнинг ўгитлари сизга хамроҳ? 

Устозим Қўзибаев Ниғмат ака ижод давомида вақтида тўхтай олиш кераклигини ўргатганлар. Сабаби шундай пайтлар бўладики, рассом сурат чизаётиб, айни керакли қисмини билмай ўчириб юбориши мумкин. Ниғмат ака сурат чизаётганда қаерда тўхташ кераклигини билгин ва тўхта. Бир оз тоза ҳавода сайр қилиб келиб, ўша суратга қарасанг қаердан давом этиш кераклигини, ёки камчилигингни ёки гўзалликни вақтида англаб етасан деб ўргатганлар. Ҳар гал сурат чизаётиб, шу ўгитлари эсимга келади. Устозим Алишер Мирзаевдан ҳам миннатдорман, кўплаб композицияларни ўргатганлар. Акмал Нуриддиновдан талабалик пайтларимда кўп нарсани ўрганганман. Уларнинг одамийлиги ҳурматга лойиқ. Ижодкорлиги, вақти зиқлигига қарамай, ҳар доим очиқ чеҳра билан кутиб олиб, чизган суратларимни кўрардилар. Хатоларимни айтардилар йўналиш берардилар. Мен “бродвей”да ижод қилаётган оддий талаба эдим холос. Баъзи одамлар кўролмай ғийбат қилишар эди. Акмал ака, одамлар мен ҳақимда бундай дейишяпти десам, “Ит ҳуради, карвон ўтади. Сен бетакрор ижодинг, асарларинг билан уларнинг оғзини ёп. Кўргазмалар қил, ижод қил, ишла” дея таскин берардилар.  Шу ўгитларига қулоқ солиб Худога шукр, кам бўлмадим. Бир пайтлар мени ғийбат қилиб, ҳасад қилганлар, бугун келиб Дилоромхон, яхшимисиз, деб қўл сиқиб кўришади.  Чунки ҳақоратларга гап қайтармаганман, жанжал қилмагаман, уларга ёмонлик қилмаганман. Фақат ижод билан банд бўлганман. Устозимнинг ҳаётда берган мана шу ўгити менга ижобий таъсир қилган.

— Демак сизнинг ижодингиз давомида ҳам соғлом ва носоғлом рақобат ўртасида кураш бўлган экан-да? Бу кураш ҳозир ҳам борми?

— Албатта. Лекин мен ҳеч ким билан курашмайман. Бугунги кунда фақат ўзимдаги дангасалик билан курашаман, ижод билан курашаман. Дангасаликни жуда ёмон кўраман. Қусурлар менда ҳам бор, баъзида дангасалик қилиб қўяман, ёки тасодифан бировга қаттиқ гапириб қўйишим мумкин. Лекин хато мендан ўтган бўлса, жаҳлимдан тушгач, албатта ўзим бориб кечирим сўрайман. Чунки биламанки, ўз вақтида кечирим сўрамасам, Худо мени кечирмайди.

2228
Лола Юлдашева беременна третьим ребенком - фото

Ширингина қизалоқ: хонанда Лола Йўлдошева учинчи бор она бўлди

334
(Янгиланган 16:09 07.07.2020)
Хонанданинг мухлислари ушбу ажойиб хушхабардан сўнг табрикларни ёғдира бошлаганлар. Аксарияти жажжигина қизалоққа бахт ва соғлик тилашмоқда

ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. Хонанда Лола Йўлдошева учинчи бор она бўлди. Хонанда қиз фарзандни дунёга келтирди. Бу ҳақда Лола Йўлдошева ўзининг инстаграмида маълум қилган.

Посмотреть эту публикацию в Instagram

Публикация от Lola Yuldasheva (@lolaofficial_)

"Қизалоғим..., бизнинг дунёмизга хуш келибсан. Бизнинг бебаҳо хазинамиз✨ бизнинг бахтимиз, биз сени жуда ҳам яхши кўрамиз. Даданг билан ҳамиша ёнингда бўламиз", - деб ёзган хонанда янги туғилган чақалоқ оёқчалари акс этган суратга қолдирган изоҳида.

Хонанданинг мухлислари ушбу ажойиб хушхабардан сўнг табрикларни ёғдира бошлаганлар.

Аксарият тилакларда янги меҳмонга бахт ва соғлик тиланган.

Ушбу хушхабар ҳозиргача 30 мингдан ортиқ лайк тўплаган. Икки мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилган.

334
Во время съемок фильма

Аюб Шаҳобиддиновнинг фильми икки халқаро кинофестивалда иштирок этади

92
Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Рангсиз тушлар” драмаси Қозон ва Ереван шаҳарларидаги халқаро кинофестивалда иштирок этади.

ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Рангсиз тушлар” драмаси “XVI Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивали” ва Ереваннинг "Fresco" маънавий-ахлоқий фильмлар халқаро кинофестивалининг асосий танлов дастурларига киритилди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Аюб Шаҳобиддинов. 2013 йилда “Паризод” фильми билан Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивалининг асосий танловида иштирок этгани ва кинофестивал ундада яхши таассуротларни қолдирганини таъкидлаган.

“Fresco” кинофестивали эса мен учун янги тажриба. Пандемия туфайли кўплаб кинофестиваллар бекор қилинди, аммо Ереван кинофестивали тўлиқ ташкил этилаётган бўлиб, томошабинлар ёзги кинотеатрлар экранларида фильмларни томоша қилиш имкониятига эга бўладилар”, – деди режиссёр.

“Рангсиз тушлар” фильмида инсон ўз “мен”ини ҳар қандай шароитда: қамоқхона деворларида, жамиятда ёки оилада ўзгартиришининг бир неча муҳим жиҳатлари илгари сурилган.

Фильм Бесцветные сны Аюба Шахобиддинова
Пресс-служба "Узбеккино"
Фильм "Бесцветные сны" Аюба Шахобиддинова

Кўп йиллик қамоқдан сўнг ўз қадрдон гўшасига қайтган фильм бош қаҳрамони Кашмира аста-секин оиласида, жамиятда ўз ўрнини топиш ҳуқуқига эга эканлигини исботлаши керак эди. Бунда у фақат қатъият ва ирода туфайли кучли шахсга айланиши мумкинлиги англаб етади. Фильмда жамиятда жазо муддатини ўтаб келган шахсларга нисбатан ноўрин муносабатнинг шаклланиши, “одамлар нима дейди” каби қарашлар ортидан пайдо бўладиган ижтимоий муаммолар кўтарилган.

Фильмда бош қаҳрамон ролини Феруза Саидова ижро этган. Шунингдек, киноасарда Карим Мирҳодиев, Шоҳида Исмоилова, Бекзод Абдумуҳитов ва Анвар Назаровлар суратга тушган. Сценарий муаллифи  Умид Ҳамдамов

Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивали Татаристон пойтахтида 2005 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Фестивалнинг таъсисчилари – Татаристон Маданият вазирлиги, Қозон шаҳри маъмурияти, Россия Муфтийлар кенгашидир.

“Fresco” бу Ереванда ҳар йили ўтказиладиган кинофестивалдир. Унинг асосий мақсади маданий мулоқот орқали инсонпарварлик қадриятлари, муҳаббат ва бағрикенглик фазилатларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

92
Ведущий научный сотрудник Центра Корейских исследований Института Дальнего Востока РАН Евгений Ким

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўзаро савдони 5 миллиард $гача етказиши мумкинми - эксперт

206
(Янгиланган 21:33 07.07.2020)
Россия Фанлар академиясининг Узоқ Шарқ институти Корейс тадқиқотлари марказининг етакчи илмий ходими Евгений Ким икки республиканинг ўзаро ташқи савдосини амалга оширишга нима тўсқинлик қилиши мумкинлиги юзасидан ўз фикрларини айтди.

6 июль куни Сеулда Ўзбекистон бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Жанубий Корея савдо, саноат ва энергетика департаменти раҳбари Сонг Юн Мо музокаралар ўтказди. Учрашув давомида, 2019 йил охирида мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми 27 фоизга ўсиб, 2,7 миллиард долларни ташкил этгани қайд этилди - бу сўнгги беш йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. Томонлар 2023 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд, деб ҳисоблашмоқда.

Россия Фанлар академиясининг Узоқ Шарқ институти Корейс тадқиқотлари марказининг катта илмий ходими Евгений Кимнинг таъкидлашича, беш миллиард доллар - Жанубий Кореянинг ташқи савдо айланмасининг 0,35 фоизини ташкил этади.

Унинг сўзларига кўра, савдо ҳажмини ушбу кўрсаткичга етказиш режалари, айниқса Жанубий Корея Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш йиллари давомида 3 миллиард долларга яқин сармоя киритганини ҳисобга олсак, жуда яхши.

Бироқ, экспертнинг фикрига кўра, ҳамма нарса пандемиядан кейин икки мамлакат иқтисодиёти қанчалик тез тикланишига боғлиқ бўлади.

"Масалан, Жанубий Корея ва Хитой ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланиши муҳим. Бу йил коронавирусдан олдин бўлган савдо ҳажмини тиклай олмасликлари эҳтимолидан холи эмас. Бу баъзи бир, Ўзбекистон Жанубий Кореяга етказиб бера оладиган маҳсулотларга талабнинг пасайишига олиб келиши мумкин, чунки Ўзбекистон юқори технологияли саноат маҳсулотларини етказиб берувчиси эмас, балки хом ашёни етказиб беради. Жанубий Кореядан экспорт ҳажми камайса, хом ашёга бўлган талаб ҳам пасаяди", - деди Евгений Ким.

Экспертнинг тўлиқ изоҳини Sputnik подкастида тинглашингиз мумкин.

Смогут ли Узбекистан и Южная Корея довести объем торговли до $5 млрд — мнение эксперта
206