Хива, Ислом Хўжа минораси, архив сурат

Туризм соҳасидаги тадбиркорлик рағбатлантирилади

485
(Янгиланган 20:32 06.12.2016)
2-декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади

ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Фармон мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантиришга йўналтирилган.

Туризм соҳасида улкан имкониятлар мавжудлигига қарамай, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек тармоқни бошқариш тизими глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мос келмайди. Туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан орқада қолмоқда", дейилган фармон шарҳида.

Аэропортлар, вокзаллар ҳамда давлат чегараси орқали бошқа ўтиш пунктларида хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини тубдан ошириш хорижий туристларнинг мамлакатга келишларида қулай шарт-шароитлар яратилишининг муҳим омили ҳисобланади. Фармонда шу мақсадларда қуйидагилар назарда тутилади:

2017 йилнинг 1 апрелигача Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун "яшил йўлак" божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш ҳамда транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш; аэропортлар ва вокзалларда резидентлар ва норезидентларнинг паспорт назоратидан алоҳида-алоҳида ўтишларини ташкил қилиш; аэропортлар ва темир йўл вокзалларида қулай туризм ахборот маконини, шу жумладан туризм-ахборот пунктлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш.

Юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирларни амалга ошириш асосий транспорт узелларида хизматлар кўрсатиш сифатининг энг илғор жаҳон стандартларига мос келишини таъминлашга, мамлакат халқаро аэропортлари ва вокзалларининг рейтингини оширишга қаратилган.

Туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаоллигини янада рағбатлантириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туризм ташкилотларига қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш Фармоннинг яна бир муҳим хусусиятидир.
Жумладан: туризм операторлари улар томонидан кўрсатиладиган туризм хизматлари учун тушадиган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади;  меҳмонхоналар хорижий валютадаги тушумнинг фақат 25 фоизини белгиланган тартибда мажбурий сотадилар;  хорижий фуқаролар томонидан меҳмонхоналар хизматига ҳақ тўлаш эркин айирбошланадиган валютада амалга оширилади, улар учун тўлов республиканинг давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ҳоллар бундан мустасно;  юридик шахслар камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширганда улар юридик шахсларнинг фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан, шунингдек ягона солиқ тўловидан 5 йил муддатга озод қилинади;  туризм фаолияти субъектлари томонидан сиғими 9 кишидан ортиқ бўлган янги автотранспорт воситалари сотиб олинганлиги учун Республика йўл жамғармасига йиғим автотранспорт воситалари қийматининг максимал даражадаги 20 %и эмас, балки 3 %игача миқдорда ундирилади.

Фармонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига манфаатдор идоралар билан биргаликда 3 ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш Концепциясини, шунингдек 2017-2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар Дастурини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш вазифаси топширилган.

Фармонни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Қарорда давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилган, давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси ва Низоми тасдиқланди, шунингдек миллий туризм маҳсулотини хорижга намойиш қилиш, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва туризм хизматларини сертификатлаш бўйича бир қатор идоравий ташкилотлар тузилди.

Мазкур Фармонни амалга ошириш иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга, таркибий ўзгартиришлар ва диверсификация қилишга, барча минтақаларни ва турдош тармоқларни комплекс равишда илдам ривожлантиришнинг етакчи кучи бўлиш имкониятига эга мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантиришни таъминлашга, шунингдек Ўзбекистоннинг жозибадор туризм маркази сифатидаги ижобий қиёфасини шакллантиришга бутун чоралар билан кўмаклашади.

485
Теглар:
янги қонун, туризм, Мирзиёев