Платный участок скоростной трассы

ЖБ жамғармаси Тошкент-Андижон пуллик йўли лойиҳаси учун грант ажратди

200
Йўл-транспорт тизимида Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент-Андижон янги пуллик йўлини қуриш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда.

ТОШКЕНТ, 13 май – Sputnik. 2019 йил 10 май куни Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти Жаҳон банки вакиллари билан йўл-транспорт соҳасида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мулоқотларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв томонидан “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш тўғрисида”ги қарорига биноан кенг кўламдаги ислоҳатлар амалга оширилаётгани, бунинг натижасида ижтимоий-ифқтисодий соҳаларда истиқболли лойиҳалар хаётга самарали жорий этилаётгани таъкидланган.

Президент қарорига кўра, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йилда ишлаб чиқилиши лозим бўлган лойиҳалар тасдиқланган. Ҳозирги кунда умумий қиймати 2 млрд АҚШ доллари бўлган 10 дан кўп лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

“Йўл-транспорт тизимида Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент-Андижон янги пуллик йўлини қуриш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банкининг GIF (Global Infrastructre Facility) жамғармаси томонидан изланиш гранти тақдим қилинган”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 10-16 май кунлари Жаҳон банки вакилларидан иборат йўл қурилиш бўйича экспертлари Ўзбекистонга келиб, тегишли вазирликларда учрашувлар ўтказади. Шунингдек, ушбу экспертлар Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига бориб мўлжалланаётган магистраль йўлини ўрганишади. 

Мулоқотларда Жаҳон банки ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги вакиллари йўл-транспорт соҳасида Давлат-хусусий шериклиги дастурини муҳокама қилишди. Лойиҳаларни ишга тушириш учун зарур бўладиган маълумотлар, изланишлар ва таҳлиллар, ҳамда қўлланилиши мумкин бўлган давлат-хусусий шериклик турлари борасида фикр алмашилди.

Учрашувда ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш билан бирга, иқтисодиётни ўсишига кучли туртки бўлиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил охирига қадар Ўзбекистонда биринчи пуллик автомобиль йўл қурилиши бошланиши ҳақида хабар қилган эдик. Ушбу йўл Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини боғлайди.

200