Народная приемная президента Узбекистана

Тадбиркор ва инвесторлар учун махсус қабулхоналар ташкил қилинади

63
(Янгиланган 10:01 28.05.2019)
Тадбиркор ва инвесторлар мурожаатларини жойларда ташкил этилаётган махсус қабулхоналарда ҳокимликлар, прокуратура, адлия ва солиқ муассасалари вакиллари қабул қилади.

ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Шавкат Мирзиёев тадбиркор ва инвесторларни қабул қилиш учун 3 босқичдан иборат янги тартиб яратди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Президент қарорига мувофиқ тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун жойларда махсус қабулхоналар ташкил этилади.  Ушбу қабулхоналар иши уч босқичда олиб борилади: дастлаб қабулхонада тасдиқланган кунлик жадвал асосида ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, инвестиция бошқармаси, прокуратура, адлия, солиқ, қурилиш, кадастр, банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари тадбиркорларни қабул қилади. 

Ўз ечимини топмаган мурожаатлар вилоят қабулхоналарига юборилади. Натижа бўлмаса, Вазирлар Маҳкамасининг котибиятида Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси ва ваколатли идоралар иштирокида кўрилади.

Мурожаатлар шунда ҳам ўз ечимини топмаса, тадбиркорларни Бош вазирнинг шахсан ўзи қабул қилади. Бош вазир қабулхонаси мурожаатларни таҳлил қилиб, бу борада вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Президент Администрацияси ва Олий Мажлисга тадбиркорларга шароитларни янада яхшилаш бўйича таклифлар киритади. 

Хабарда айтилишига кўра, ўтган йил давомида Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари сони 2,3 баравар ошган, лекин шунга қарамай тадбиркорлардан келиб тушаётган шикоятлар сони ҳам кам эмас. Хусусан, ушбу йилнинг биринчи чорагида Халқ қабулхоналарига тадбиркорлардан 16 мингта мурожаат тушган. Улар асосан ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли. Икки мингга яқин мурожаатда мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган. 

63