Калькулятор

Қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиби ўзгармоқда

325
Юридик шахсларнинг банкларга жойлаштирган маблағларидан оладиган тўловини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

ТОШКЕНТ, 28 июн – Sputnik. Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан:

- ягона ер солиғи тўлайдиган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ихтиёрий ўтиши мумкин;

- йил давомида хизматлар кўрсатишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан:

- бензин, дизель ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали сотадиган юридик шахслар, ушбу товарлардан тушган тушумнинг миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;

- импорт қилувчи тадбиркорлар, товарларни сотишдан тушган тушум миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар.

Қўшилган қиймат солиғидан қуйидагилар бўйича имтиёзлар бекор қилинади (шу жумладан, импорт қилинганда ҳам):

- асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси;

- соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси;

- қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар.

Бундан ташқари:

- юридик шахсларнинг банкларга жойлаштирган маблағларидан оладиган тўловини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

- ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Республикада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

- 2019 йил январидан сентябригача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул тушумига эга ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ери бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.

Бунда, 2019 йил 1 октябрдан белгиланган пул тушуми чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.

Пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилди.

Маҳаллий ҳокимликларга юридик шахсларнинг мол-мулк, ер солиғи ва ягона ер солиғининг тўлов муддатини 24 ойгача кечиктириш ваколати берилди (бунда уларнинг мазкур солиқлар бўйича имтиёз бериш ҳуқуқини бекор қилинади).

2019 йил 1 августдан жисмоний шахсларнинг суғурта ташкилотларига ҳаётини узоқ муддатли суғурталаш бўйича суғурта мукофотини тўлашга йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди.

Тадбиркорларга асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.

325