Купюры евро разного номинала

Инвестициялар вазирлиги Марказий Банк ҳисоботига изоҳ берди

365
(Янгиланган 16:07 30.06.2019)
2019 йилнинг 1 чорагида Ўзбекистонда кириб келган тўғридан - тўғри инвестициялар миқдори аслида қанча?

ТОШКЕНТ, 30 июн – Sputnik. Маълумки, 28 июнь куни Ўзбекистон Марказий банки Республикага кириб келган тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича ҳисобот эълон қилган эди. Унга кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга кириб келган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар камайиб салкам 200 млн долларни ташкил қилган.

Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги ушбу ҳисоботдан сўнг ўз шарҳини эълон қилди. Унда айтилишига кўра, ушбу давр мобайнида Ўзбекистонга кириб келган инвестициялар миқдори 2,4 баравар кўпайиб 783 миллион долларни ташкил қилган.

Вазирлик хабарига кўра, “жалб қилинган ва ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳисоблашда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталини нафақат пул кўринишида оширилиши, балки товарлар шаклидаги инвестициялар, шунингдек, номоддий активлар ва технологиялар, лицензиялар ва бошқалар инобатга олинган ҳолда” ҳисоблаб чиқилган.

Юқоридаги шарҳдан сўнг ўз ўзидан савол туғилади, "тўғридан-тўғри инвестициялар" ўзи нима?  

Халқаро валюта жамғармасига кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар - биринчи ўринда, бу компаниянинг акционер капиталига киритиладиган маблағлар. Тўғридан-тўғри инвестициялар миқдори муайян давр мобайнида кириб келган инвестициялардан, чиқиб кетган ёки ватанига қайтарилган инвестицияларни олиб ташлаш йўли билан ҳисобланади. 

Маълумот учун, ХВЖ статистик маълумотлардан бутун дунё молиявий институтлари фойдаланади. ХВЖ методологиясига кўра инвестициялар бир неча турга бўлинади: Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, Портфелли инвестициялар, Молиявий инструментлар ёрдамида амалга ошириладиган инвестициялар ҳамда Бошқа активлар. Уларнинг батафсил тавсифи билан қуйида танишиш мумкин. 

365