Технология блокчейн и монета биткоин

Нима учун криптовалюталар учун электр энергиясига мутаносиб ҳақ тўлаш керак?

100
Ўзбекистонда криптовалюталар ишлаб чиқарувчилари учун электр энергияси истеъмоли бўйича тегишли нарх-наволар белгиланиши режалаштирилмоқда.

ТОШКЕНТ, 3 окт – Sputnik. Ўзбекистонда криптовалюталар ишлаб чиқарувчилари учун электр энергияси истеъмоли бўйича тегишли нарх-наволар белгиланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирги пайтда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу масалага оид қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, криптовалюталар бўйича фаолият юритадиган истеъмолчилар электр энергия ҳақини тегишли тариф гуруҳи учун белгиланган тарифга нисбатан 3 маротаба ортиқ миқдорга оширилган коэффициент бўйича тўлайди.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг истеъмолчиларни энергия таъминоти бўйича сиёсати ижтимоий йўналтирилган бўлиб қоляпти. Амалиётда бу электр энергияни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган газ қийматининг дотация қилинишини англатади. Бу мамлакат томонидан аҳолини, ўзбекистонликлар учун иш ўринларини яратаётган мамлакат ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

“Англашиладики, криптовалютани қўлга киритиш майнинг каби ҳодисаларнинг энергия харажатларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсатига мутлақо дахли йўқ. Айни пайтда майнинг фермалари фаолияти катта миқдорда электр энергиясини ва унинг барқарор келиб туришини талаб қилади. Яъни бунга нархи бўйича давлат томонидан дотация қилингани учун ижтимоий мақсадларга йўналтирилиши лозим бўлган катта миқдордаги электр энергия сарфланмоқда. Демак, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг мақсадсиз сарфланиши учун тегишли тарзда ҳақ тўланиши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори лойиҳасида бу ўз ифодасини топган”, - дейилади хабарда.

Таҳлилчилар фикрича, улар истеъмол қилаётган электр энергия нархи 3 баравар оширилганидан кейин ҳам Ўзбекистонда майнинг-фермалар учун шароитлар жозибали бўлиб қолади. Хусусан, рақобатбардош бўлган интернет нархи, хоналар ижарасининг мақбул нархлари ҳам бунга хизмат қилади. Бундан ташқари, электр энергия нархи Ўзбекистондагига нисбатан 3-4 баравар баланд бўлган мамлакатларда ҳам бизнеснинг ушбу тури мўмай даромад келтиришини ҳам инобатга олиш зарур.

Таъкидланишича, ушбу қарор қабул қилиниши билан тегишли бизнес турини идентификация қилиш имконини берувчи механизмлар ишлаб чиқилади, чунки ҳар қандай бизнес қонунийлаштирилган бўлиши керак. Қонунийлаштиришдан бош тортиш криптовалюта ноқонуний амалиётларда фойдаланиши мумкин, деган шубҳа уйғотади. Шу тарзда, майнинг-фермаларнинг қонунийлаштирилиши уларга нисбатан электр энергиянинг янги тарифини қўллаш имконини беради.

100