Россия машҳур ўзбек мева-сабзавотлари учун ҚҚСни пасайтирди

616
Ўзбекистон ТИВ Россия қонунчилигига киритилган ушбу ўзгаришлар Ўзбекистондан Россия бозорига мева ва сабзавотлар экспорти ҳажмини ошириш учун қулай имконият яратишини таъкидлаган.

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Ўзбекистондан Россияга ҳўл мева-савзавотлар олиб киришда ставка бўйича қўшимча қиймати солиғи (ҚҚС) 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди. Мазкур янгилик Россия Ҳукуматининг 2019 йил 31 декабрдаги 1952-сон қарорида белгиланган.

Таъкидланишича, ҳужжат билан Россия ҳудудига олиб кирилганда имтиёзли ҚҚС солинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати кенгайтирилди.

Ўзбекистоннинг асосий ҳўл мева маҳсулотлари ҳисобланадиган тарвуз, қовун, узум, анжир, олма, нок, беҳи, ўрик, гилос, олча, шафтоли (жумладан нектарин ҳам), олхўри ва лимонга нисбатан аввал амал қилган 20 фоизли ҚҚС ўрнига 10 фоизли ставка жорий этилади.

Шунингдек, ўзгаришлар қуруқ меваларга нисбатан жорий этилмайди. Ушбу категория бўйича 20 фоизли ҚҚС сақланиб қолинди.

Яшил йўлак, ёхуд Россияга Ўзбекистон мева-сабзавотлари экспортини қандай кўпайтириш мумкин

ТИВ Россия қонунчилигига киритилган ушбу ўзгаришлар Ўзбекистондан Россия бозорига мева ва сабзавотлар экспорти ҳажмини ошириш учун қулай имконият яратишини таъкидлаган.

616
Теглар:
Ўзбекистон, Россия, экспорт, мева-сабзавот, ҚҚС

Жисмоний шахсларга ўлчовли ёмбилар ва қимматбаҳо тангаларни олиб чиқишга рухсат берилди

124
Жисмоний шахслар қимматбаҳо ёмбилар ва тангаларни Ўзбекистон ташқарисига чекловларсиз олиб чиқиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Жисмоний шахслар қимматбаҳо ёмбилар ва тангаларни Ўзбекистон ташқарисига чекловларсиз олиб чиқиши мумкин. Бу ҳақда президент имзолаган “Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ, жисмоний шахслар тегишли сертификатлар мавжуд бўлганда, қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини республика ҳудудидан ташқарига божхона декларациясини тўлдирган ҳолда чекловларсиз олиб чиқиши мумкин.

Фармонга кўра, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги тугатилиб, Марказий банкда Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилди.

Шунингдек, биржа савдоларида сотиладиган қимматбаҳо металларни республика ҳудудларига етказиб бериш механизми жорий этилади.

124
Монеты России

МБ Ўзбекистон халқаро захиралари қанчани ташкил қилишини маълум қилди

452
Ўзбекистон халқаро захиралари 2020 йил бошига нисбатан 5,4 миллиард АҚШ долларига ошиб, 1 сентябрь ҳолатига 34,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

ТОШКЕНТ, 26 сен - Sputnik. Ўзбекистон халқаро захиралари бўйича маълумот Халқаро валюта жамғармаси томонидан тасдиқланган методологияга мувофиқ шакллантирилади. Ушбу маълумотлар Марказий банк томонидан мунтазам равишда эълон қилинади.

Захиралар таркибига монетар олтин, чет эл валютаси, чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар, ХВЖнинг маблағ жалб қилишга доир махсус ҳуқуқлари ва захира позицияси ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ халқаро захиралар таркибига киритиладиган бошқа активлар киритилади.

Ўзбекистон халқаро захиралари 2020 йил бошига нисбатан 5,4 млрд. АҚШ долларига ёки 19 фоизга ошиб, 1 сентябрь ҳолатига 34,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

2020 йил бошидан COVID-19 падемияси оқибатида жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳолатларнинг кузатилиши олтин нархининг 30 фоизгача кескин ошишига сабаб бўлиб, август ойида ўзининг тарихий энг юқори даражасига етди. Олтин нархларидаги бундай кескин ошиш суръати фақатгина 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги даврда кузатилган.

Мазкур қулай шароитдан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан август ойининг ўзида 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида олтин экспорти амалга оширилган. Таъкидлаш жоизки, бунда халқаро захиралар таркибидаги олтин миқдорининг камайиши билан бир вақтнинг ўзида валюта активларининг мос равишда ошиши кузатилади. Бу каби амалиёт захираларнинг умумий ҳажми ўзгаришига таъсир қилмайди.

2020 йилнинг ўтган 8 ойи таҳлил қилинадиган бўлса, Марказий банк томонидан 5,8 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги олтин экспорти амалга оширилди. Мазкур валюта тушумининг асосий қисми мамлакатимизда фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларга тижорат банклари орқали валюта биржаси савдоларида сотилади.

Қонунчиликка мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси халқаро захираларини тўлдириш учун давлатнинг олтин сотиб олишга бўлган устувор ҳуқуқини амалга оширадиган давлат идораси бўлиб, мамлакатда ишлаб чиқариладиган олтиннинг асосий харидори ҳисобланади.

Марказий банк томонидан ишлаб чиқарувчи корхоналардан олтинни ҳарид қилишда тўловлар олтиннинг жаҳон бозорларидаги ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда миллий валютада тўлаб берилади. Ўз навбатида, мазкур маблағлар корхоналар томонидан бюджет олдидаги мажбуриятларни бажаришга ҳамда ишлаб чиқариш ва инвестицион фаолиятини амалга оширишга йўналтирилади.

Бунда Марказий банк томонидан олтиннинг миллий валютада сотиб олиниши иқтисодиётда пул массасининг ошишига ҳамда инфляция даражаси ўсиши хавфининг кучайишига таъсир этиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ролини ошириш мақсадида Марказий банк валюта бозорида “нейтраллик” тамойиллари асосида иштирок этади.

“Нейтраллик” тамойилига кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олинган олтин эквивалентидаги валюта маблағлари Марказий банк томонидан ички валюта бозорига йўналтирилади. Бунда қимматбаҳо металларни сотиб олиш натижасида муомалага чиқарилган пул маблағларининг иқтисодиётдаги пул-кредит шароитига таъсирини стерилизация қилиш мақсадида валюта сотиш ҳисобига муомаладан қайтариб олинади. Олтин ишлаб чиқарувчи давлатларда мазкур принципга амал қилиниши пул-кредит сиёсатининг таъсирчанлигини ошириш ва инфляциянинг жиловланишида муҳим аҳамият касб этади.

"Нейтраллик" тамойилининг қўлланилиши натижасида халқаро захиралардаги монетар олтиннинг улуши деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Жумладан, олтиннинг улуши 2018 йил 1 январь ҳолатига 50 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига 54 фоизга етди, дейилади хабарда.

452
м

Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди

127
(Янгиланган 23:32 27.09.2020)
Ўзбекистон ТИВ баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Озарбайжон ва Aрманистон муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин. 

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

“Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз”, - дейилган баёнотда.

Тоғли Қорабоғдаги кескинлик

Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғидаги вазият якшанба, 27 сентябрь куни эрталаб кескинлашди. Тан олинмаган республика Озарбайжон ҳарбийлари унинг ҳудудини, жумладан, пойтахт Степанакертани ўққа тутганини маълум қилди. Тинч аҳоли орасида қурбонлар бор.

Боку ва Ереван вазиятни кескинлаштиришда бир-бирини айламоқда. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги арман томони ўт очгани, озарбайжон томони эса ҳужумга қарши амалиётни бошлаганини таъкидламоқда. Арманистон Мудофаа вазирлиги Қорабоғ Озарбайжон томонидан ҳаво ва ракета ҳужумига учраганини маълум қилмоқда.

Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғдаги ҳодисалар туфайли мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик жорий этди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти ҳам шундай қарор қабул қилган.

Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) Тоғли Қорабоғда вазият кескинлашгани туфайли қатор шаҳарлар ва ҳудудларда ҳарбий ҳолат жорий этишга қарор қилди.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Боку ва Ереванни зудлик билан ўт очишни бас қилишга ва музокаралар ўтказишга чақирган эди.

127