Мирзиёев геология ишлари ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев  - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев геологияда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни геологияда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда Геология фанлари университети очилади

Унда мазкур ишлар ҳажмини ошириш, хорижий инвестициялар жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.

Йил якунига қадар олтин ва кумуш ресурслари, мис ва 8 турдаги норуда бойликлари захираларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун техникаларни янгилашни давом эттириш керак. Масалан, замонавий ускуналарни қўллаш ҳисобига бурғилаш чуқурлигини 800 метрдан 1200 метрга етказиш, иш самарадорлигини эса 1,7 бараварга кўпайтириш мумкин.

Жорий йилда геофизика, бурғилаш, тоғ-кон ва лабораторияда қўлланиладиган 385 та ускунани модернизация қилиш бўйича топшириқ берилди. Йил якунига қадар углеводородга истиқболли 16 та майдонни аниқлаш, 23 та янги кон захираларини тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

Соҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш масаласи муҳокама қилинар экан, давлат раҳбари бунинг учун халқаро стандартларни жорий этиш кераклигини таъкидлади. Хорижий мутахассисларни жалб қилиб, геологларни JORC стандартлари бўйича маълумот тайёрлашга ўқитиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзлаштириш учун тайёр 20 та конга тажрибали инвесторларни жалб қилиш, бошқа истиқболли майдонлар бўйича сармоявий лойиҳаларни шакллантириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Геология соҳаси қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, қудуқлар қазиш учун ҳар бир туманга махсус техникалар етказилиши белгиланган.

Йиғилишда 3 минг гектарга сув чиқариш учун 70 та қудуқ бурғилаш бўйича вазифа қўйилди. Шунингдек, жорий йилда 200 та янги қудуқда сув сарфини, 400 та қудуқда ер ости сув сатҳини онлайн мониторинг қиладиган тизим жорий этиш ҳамда ер ости сувлари интерактив харитасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Геолог проводит проверку каменной породы - Sputnik Ўзбекистон
Геология қўмитасига нефт ва газ конларини  қидириш топширилди

Геология ривожида фундаментал, илмий, инновацион ва амалий тадқиқотларнинг ўрни катта. Шу боис йил якунигача 2,5 минг квадрат километр майдонни космик тасвирлар орқали, 5 минг квадрат километр майдонни аэрогеофизика усули орқали геологик ўрганиш юзасидан топшириқлар берилди.

Жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда давлат раҳбари геология соҳасида илмий салоҳиятни ривожлантиришга доир қатор истиқболли вазифаларни белгилаб берган эди.

Шу асосда Геология фанлари университетини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Унинг ўқув дастурлари Санкт-Петербург кончилик университети ва бошқа хорижий таълим муассасаларининг илғор тажрибаси ёрдамида ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги йиғилишда янги университет қошида Геология музейини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ўқув жараёнига боғлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Мутасаддилар соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги топшириқларни бажаришга қаратилган режалар юзасидан ахборот берди. 

Янгиликлар лентаси
0