Вокзал Ташкент-Южный после реконструкции

"Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой" темир йўли қурилишида энг мақбул йўналиш танлашга келишилди

300
(Янгиланган 09:11 16.07.2020)
Ушбу лойиҳа юзасидан томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутларини ва темир йўл кенглиги масалаларини муҳокама қилишди.

ТОШКЕНТ, 16 июл - Sputnik. Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин бошчилигида видеоконференц-алоқа шаклида учрашув ўтказилди.

Онлайн мулоқотда томонлар "Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой" темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чоралар, жумладан, лойиҳа юзасидан тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутларини ва темир йўл кенглиги масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига транспорт вазирлиги матбуот-хизмати маълум қилди.

Элёр Ғаниев пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётганини яна бир бор таъкидлади.

"Пандемия сабаб карантин чораларинниг кучайтирилиши давлатлар иқтисодиётига шу жумладан биринчи галда транспорт соҳасига жиддий таъсир этмоқда.  Пандемия туфайли дунё давлатларида юзага келган оғир вазиятга қарамасдан, бугунги кунда фақатгина темир йўл транспорти деярли ҳеч қандай чекловларсиз фаолият кўрсатмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзиёқ "Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой" темир йўли қурилиши лойиҳасини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда. Ушбу темир йўл "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида энг муҳим транспорт коридорига айланиши мумкин", - деди Ғаниев. 

Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов темир йўл қурилиши юзасидан тақдим этилган учта маршрут бўйича SWOT – таҳлиллари ўтказилганини таъкидлаб, юк оқимини шакллантириш, ташувлар самарадорлиги ҳамда темир йўл линияси ўтувчи Қирғизистон минтақаларининг келажакдаги ривожланиши нуқтаи назаридан энг мақбул йўналиш "Торуғарт – Арпа – Қўш-Добо – Мақмал – Жалол-Обод" эканлигини айтиб ўтди.

ХХРнинг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин молиявий нуқтаи назардан Қирғизистон томони таклиф этаётган йўналиш бўйлаб қурилишнинг амалга оширилиши яхши вариант эканлигини, бироқ темир йўл кенгли ва йўналиш маршрути бўйича экспертлар ягона тўхтамга келмагани боис бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.   

Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда томонлар темир йўл қурилиши бўйича энг мақбул йўналиш маршрутини танлаш, шу билан бирга молиявий-иқтисодий масалаларни кўриб чиқиш, келажакда темир йўлни эксплуатация қилиш юзасидан лойиҳанинг инвестиция моделини ва қурилишнинг техник-иқтисодий жиҳатларини ўрганиш бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олишди.

300
Ведущий аналитик QBF Олег Богданов

Ўзбекистон тўпланган олтинни қай тарзда оқилона тақсимлаши мумкин - Богданов

471
Ўзбекистон ўз олтин-валюта захираларини ушлаб туриши керакми ёки уларнинг бир қисмини лойиҳаларга йўналтиргани ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлагани яхшироқми, QBF етакчи таҳлилчиси Олег Богданов шу  ҳақда фикр билдирди

Ўзбекистон иқтисодиётни зудлик билан инқироздан чиқариш учун олтин-валюта захираларини сотишни бошлаши керак. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш бўйича Республика агентлиги директори Отабек Назиров маълум қилди.

"Олтиннинг нархи энг юқори нуқтада турибди, иқтисодий фаолият эса, аксинча, энг қуйи қисмда, ўйлайманки, иқтисодни янада пасайиш ва ишсизликнинг кўпайишидан зудлик билан қутқариш учун айнан ҳозир олтин-валюта захираларини сотиб, маблағлардан фойдаланиш керак ...", - деб ёзди у ўзининг Facebook-даги саҳифасида.

QBF етакчи таҳлилчиси Олег Богданов, Ўзбекистон олтин захираларини оқилона бошқариши керак, чунки олтин-валюта захираларини тўплаш унчалик осон эмас, деб ҳисоблайди.

"Иқтисодий қийинчиликлар йилдан-йилга ўзгаришсиз бўлиб қолмоқда ва олтин-валюта захираларини шундай ҳажмда тўплаб олиш жуда қийин. Дунё молиясида рўй бераётган вазиятдан келиб чиқиб, агар республика ҳукумати  ҳозирда иқтисодиётни ҳақиқатда қўллаб-қувватлаш кераклигига ишонса,  Ўзбекистонга ушбу олтин-валюта захиралари ҳисобига узоқ муддатли кредит олиш афзалроқ бўлади. Бу каби кредитни олиб, маблағларни қандайдир мақсадли тармоқларга йўналтириш керак", - деди мутахассис Sputnik Ўзбекистон билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда кредитлар бўйича фоиз ставкалари нолга яқин, шунинг учун агар қарз олиш имкони бўлса, қимматлаётган активни сотишнинг кераги йўқ.

Богданов ишончи комил: дунёда пул миқдори жуда кўп, кредитлар ҳатто рейтинги паст бўлган давлатларга ҳам берилмоқда.

"Кейинги уч йил ичида яна 20-30 фоизга кўпайтириш мумкин бўлган захираларни сотишнинг нима кераги бор? Менинг фикрим қуйидагича. Лекин, умуман олганда, ҳеч ким ҳеч нарсани сотмаяпти. Рўй бераётганларнинг асли моҳияти қуйидагида: марказий банклар жаҳон бозорида олтинни сотишни бутунлай тўхтатдилар. Аксинча, улар сотиб олишмоқда, айнан шунинг учун унинг нархи сўнгги йилларда фаол ўсиб бормоқда", - дея қўшимча қилди таҳлилчи.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ушбу сиёсатдан четлашмаслиги керак.

471
узбекский региональный аэропорт

Аэропортлар “пакет принципи” асосида шерикликка берилади

118
(Янгиланган 09:31 06.08.2020)
Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларини “пакет принципи” (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш режалаштирилмоқда.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларини “пакет принципи” (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш вазифасини топширди.

Бу ҳақда президент энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимотда маълум қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур аэропортларни шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш Жаҳон банки билан биргаликда амалга оширилади.

Халқаро экспертларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд аэропортларни модернизация қилиш учун ўртача 800 миллион доллар талаб этилади.

118
Свеча, гвоздики

Ўзбекистон таниқли композиторидан айрилди

562
Етук композиторнинг энг сўнгги иши бир неча ой олдин шов-шувли премьераси бўлиб ўтган "101" киноасари эди.

ТОШКЕНТ, 8 авг - Sputnik. Таниқли композитор ва дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, "Ўзбеккино" миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев 66 ёшида вафот этди.

Анвар Эргашев Миллий симфоник оркестри бош дирижёри ва Алишер Навоий номидаги Давлат Академик театри бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

50 дан ортиқ бадиий ва мусиқий фильмлар, спектакллар бастакори, кўплаб қўшиқ ҳамда мусиқалар муаллифи. Унинг кинодаги ишлари сирасига "Бомба", "Шариф ва Маъриф", "Осмондаги болалар","“Аланга ичидаги фаришта", "Оқ бино оқшомлари", "Уч қирол жанги", "Ойи" фильмлари киради.

Етук композиторнинг сўнгги иши бир неча ой олдин премьераси бўлиб ўтган "101" киноасари эди.

562